Расмийлар: Чилонзордаги ҳодиса портлаш эмас, "ёнғин"

Image caption Расмийларга кўра, ҳодиса пайти бино ичкарисида ҳеч ким бўлмаган

Ўзбекистон ички ишлари вазирлиги ва Тошкент шаҳар фавқулодда хизматларидаги манбаълар чоршанба куни пойтахтнинг Чилонзор туманидаги овқатланиш масканида юз берган ҳодиса газ қувурининг портлаши натижасида содир бўлгани ҳақидаги хабарларни рад этмоқда.

Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармасидаги манбаъ Би-би-си билан суҳбатда Чилонзор тумани 10-мавзеъида жойлашган "Лаваш-центр"да чоршанба куни юз берган ҳодиса портлаш эмас, балки ёнғин сифатида кўрилаётгани ва ҳозирда унинг сабаблари текширилаётганини маълум қилди.

Унинг айтишича, ҳодисада қурбонлар бўлмаган.

Шоҳидлар чоршанба куни кеч соат 8.30 лар атрофида Чилонзор туманидаги "Шуҳрат" дўкони чорраҳасидаги тўрт қаватли турар-жой биносига туташ емакхонадаги ёнғин олдидан қаттиқ портлаш овози эшитилганини хабар қилишган.

Тошкент шаҳар газ авария-диспетчерлик хизмати вакилининг Би-би-сига тушунтиришича, емакхонада газ баллондан фойдаланилган ва ёнғин газ балонидаги "чатнаш" туфайли келиб чиққан.

Авария хизматининг номи тилга олинишини истамаган муҳандиси Чилонзор туманидаги ҳодиса икки ой аввал пойтахтнинг Лабзак даҳасидаги бизнес марказда юз берган ҳодисадан тамоман фарқли эканини айтди.

Унинг билдиришича, Тошкент вақти билан соат 20.20 да "Evos" Лаваш-марказида портлаш эмас, балки ёнғин содир бўлгани юзасидан мурожаат келиб тушган.

"Ёнғин юз берган пайт ичкарида ҳеч ким бўлмаган", - деб айтди ушбу манбаъ.

Расмийларга кўра, ҳозирда фавқулодда хизматлар мутахассислари билан бирга, прокуратура ҳам ўз текширувини бошлаган, аммо жиноят иши очилиб-очилмагани номаълум.

Шоҳидларнинг билдиришларича, ҳодиса жойига етиб келган ўт ўчириш машиналари ёнғинни тезда ўчиришга муваффақ бўлган ва ҳудуд ўнлаб милиция ходимлари томонидан ўраб олинган.

Бу Ўзбекистон пойтахтида сўнгги пайтларда юз берган иккинчи йирик ҳодисадир.

Шу йилнинг 23 апрел куни "Лабзак" бизнес марказида содир бўлган газ портлаши натижасида бир киши ҳалок бўлгани хабар қилинган.

Узметроном нашри сўнгги ҳодисаларга пойтахтнинг коммунал инфтратузилмалари замонавийлаштирилмагани, ушбу мақсадга ажратилаётган маблағлар талон-тарож қилинаётганини сабаб қилиб келтирган.

Тошкентлик маҳалла фаоли Абдураззоқ Содиқовнинг айтишича, маблағларнинг талон-тарож қилинишига эса фуқаро ва жамоатчилик назоратининг йўқлиги сабаб.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди