Каримов набирасининг интервьюси 'чорасизлик амали'ми?

Ислом Каримовнинг тўнғич набираси ва адашининг Россия телеканалига интервьюси Президент Каримов ҳокимиятга келганига чорак аср тўлган паллага тўғри келган.

25 йилдан буён Ўзбекистонни қаттиққўллик билан бошқариб келаётган 76 ёшли Каримов бошқаларни бўлгани каби, ўз оила-аъзоларини ҳам сиёсатдан четда ушлаб келади.

Тўнғич қизи Гулнора Каримованинг бошига тушган савдолар эса ушбу қоидадан четга чиқишга уринишнинг оқибатлари сифатида ҳам талқин қилинган.

Хўш, кичкина Ислом Каримовнинг катта интервьюси ортида нима ёки ким турган бўлиши мумкин?.

Би-би-си ушбу саволни Лондондаги Очиқ жамият институтидан Алишер Илҳомовга берди.

Алишер Илҳомов: Менда шундай таассурот ҳосил бўлдики, назаримда бунинг ортида Гулнора Каримованинг ўзидан бўлак ҳеч ким турмагандай. Мен буни узоқни кўзлаган бир ўйин ёки Гулнора Каримовани ҳокимиятга олиб келиш учун ишлаб чиқилган режанинг бир қисми, деб ўйламайман. Эҳтимол, қайсидир босқичда бу каби ўйин иш берган бўлар эди. Аммо ҳозир Гулнора Каримованинг ўйиндан чиқарилгани аниқ бўлиб қолаяпти. Тошкентда уни, таъбир жоиз бўлса, овоздан маҳрум қилишди. Тўғри, Гулнорага қарши ҳеч қандай жиноят иши очилгани йўқ, аммо уни жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардан узиб қўйишди. Бунга сабаб менимча, Каримова хонимнинг кўп гапириб юборгани, нафақат Ўзбекистондаги тузум, балки Президент оиласининг ўзини ҳам фош этишга бошлагани сабаб бўлди.

Би-би-си: Яъни сиз Каримов набирасининг чиқишини шунчаки бир чорасизлик амали, деб ҳисоблайсиз. Шундайми?.

Алишер Илҳомов: Ҳа. Бу Гулнора Каримова ўғлининг чорасизликдан қилаётган бир ҳаракати холос, менимча. У оиланинг ичидаги можарони яна бир марта ташқарига олиб чиқиш билан бобосига таъсир қилмоқчи ва Гулнора Каримованинг қўйиб юборилишига эришмоқчи. Сиёсий маънода шахсан мен учун Гулнора Каримова ишлатиб бўлинган бир матоҳ. Айрим кузатувчилар Каримовани шу йўл билан мухолифатчи қилиб кўрсатиш, уни тузумга қарши қўйиб, халқни ўз томонига ағдариш мақсадлари борлиги ҳақидаги фаразларни ҳам айтишади. Аммо унинг Твиттердаги чиқишларига қарасангиз, уларнинг бутунлай тайёрланмаган бир нарса эканини кўрасиз. Яъни унга яхшироқ экспертларни бериб, жиддийроқ баёнотлар тайёрланган ва Каримова хоним буларни жамоатчиликка етказган бир ҳолатни биз кўрганимиз йўқ. Уларнинг ҳаммаси тоғдан-боғдан, ҳар-хил одамлар, жумладан, оила-аъзоларига соф маиший маънодаги ҳужумлардан бошқа нарса эмас. Бу чиқишларда Гулнора Каримова мавжуд тузумга қарши аниқ мавқеъга эга бўлган бир шахсият сифатида гавдаланмайди . Бу қандайдир бир орабузғунчиликка ўхшайди. Ҳозирги ўғлининг чиқиши ҳам ана шу орабузғунчиликнинг давоми.

Би-би-си: Сиз кичкина Ислом Каримовнинг буларнинг ҳаммаси бобомнинг орқасидан қилинаётган ишлар ва унинг хабари йўқ, деган сўзларига ишонасизми?.

Алишер Илҳомов: Мен бундай деб ўйламайман. Президент Каримовнинг характери, энг майда нарсаларга ҳам аралашишини назарда тутсак, бунинг эҳтимоли жуда кам. Унинг столига ҳар куни турли манбаълардан ахборот келиб тушади. Агар кимдир, ўша махсус хизматлар оиладаги можарони Каримовдан яширишга уринганида аллақачон калласи кетган бўлар эди. У атрофида ва мамлакатда нималар бўлаётганини жуда яхши билади. Эҳтимол, ёши ва соғлиги сабаб жойлардаги ҳамма нарсани назорат қила олмаётгандир, аммо вазиятдан жуда яхши хабардорлигига менинг шубҳам йўқ. Биз ҳозиргача унинг назоратни қўлдан бой бергани ёки Президентнинг орқасидан иш қилинаётганининг далилларини кўрганимиз йўқ.

Би-би-си: Яъни сизнингча, буларнинг ҳаммаси шахсан Президент Каримовнинг буйруғи билан бўлаяпти?..

Алишер Илҳомов: Ҳозирги тузумда, ҳозирги шароитларда бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас!. Эҳтимол, у бошқа айрим раҳбарлар, масалан, Ельцин каби ўзини худди вазиятни назорат қилмаётгандай, кимгадир бошқарувни бериб қўйгандай қилиб кўрсатаётган бўлиши мумкин. Аммо ёдингизда бўлса, касал ва ожиз Ельциннинг манзарасида ҳокимиятга келган одамларнинг биронтаси узоқ тургани йўқ ва алал-оқибат ҳокимиятга ҳеч ким танимаган Путин келди. Каримов ҳам арқонни узун ташлаб қўйган бўлиши мумкин.

Би-би-си: Кичкина Каримовга қайтсак, нима учун интервью учун айнан Россия телеканалини танлаган, деб ўйлайсиз?

Алишер Илҳомов: Мен бу ерда ҳам қандайдир узоққа мўлжалланган бир нарсани кўраётганим йўқ. Бу Гулнора Каримова ва оиласининг журналистлар ва арбоблар орасидаги ришталари билан боғлиқ бир нарса деб ўйлайман. Буни лавҳада Иосиф Кобзоннинг қатнашгани ҳам исботлаб турибди. Албатта, бу ерда Кремлнинг роли билан боғлиқ фаразларга ҳам жой бўлиши мумкин. Чунки Россия матбуоти мустақил эмас ва Кремл ундан тарғибот ва босим воситаси сифатида фойдаланиб келади. Айниқса, Каримовнинг Украинадаги вазият юзасидан Кремлга қаттиқ мухолифатда экани назарда тутилса, буни ҳам назардан соқит қилиб бўлмайди.

Би-би-си: Нима деб ўйлайсиз, бу интервью катта Ислом Каримовга етиб борадими?

Алишер Илҳомов: Етиб боришига менинг шубҳам йўқ, аммо унинг бунга қандай муносабат билдиришини башорат қилиш қийин. Интевьюнинг ўзи шов-шувли бўлса ҳам, уни фавқулодда шов-шувли деб айтиш қийин. Набирасининг Англиядан туриб гапираётгани ва бошпана сўраш эҳтимоли борлиги, албатта, Каримов учун кўнгилсиз бир ҳодиса, аммо Ўзбекистондаги сиёсий вазият, меросхўрлик борасида Каримов танлаган ва фақат унинг ўзигагина маълум бўлган режага таъсир кўрсатмайди.

Матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02