Қамоқдан чиқарилган ҳуқуқ фаоли Абдурасул Худойназаров вафот этди

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти тарқатган хабарга кўра, бугун эрталаб жамият фаоли Абдурасул Худойназаров озодликка чиқарилишидан 25 кун ўтиб вафот этган.

Абдурасул Худойназаров жигар саратони, ўткир ўпка сили ва аденома хасталигининг сўнгги босқичи билан оғриётганди.

Хуқуқбон 2006 йил июнида товламачилик, фирибгарлик ва ҳужжатларни сохталаштиришда айбланиб ҳибсга олинган ва кўп ўтмай тўққиз ярим йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

Ҳамкасблари Худойназаров ҳуқуқ-тартибот идораларидаги коррупцияга қарши фаол курашгани учун жазоланганини айтишади.

Абдурасул Худойназаров "Эзгулик" инсон ҳақлари жамиятининг Тошкент вилоят бўлими фаоли сифатида Ўзбекистондаги ҳуқуқни ҳимоя қилиш идораларида "илдиз отган коррупция"га қарши курашган.

Инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, айнан марҳум ҳамкасбларининг маълумотлари асосида бир қанча маҳаллий прокурор ва милиция ходимлари ишдан кетишган.

Фаолларнинг айтишича, адолатпарвар инсон ҳуқуқлари жонкуяри Худойназаровнинг фаолияти ғашига теккан хавфсизлик ходимлари унга қарши зимдан ҳаракатни бошлашган.

Милиция ходимлари 2005 йил 26 июнда Худойназаровни сохта айбловлар билан ҳибсга олишга эришадилар.

2006 йил 12 январда эса маҳкама томонидан ҳуқуқ фаолини 9,5 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида қарор чиқарилади.

Қамоқхонада Худойназаровга нисбатан қийноқ ва босимлар давом этгани айтилади.

Қийноқларга қарши норозилик билдирган ҳуқуқ фаоли Бектемирдаги қамоқхонада 10 кунлик очлик эълон қилади.

Бироқ очликни тугатгач, у қамоқхона тартибини бузганликда айбланиб, яна жазо изоляторига ташланади.

Қамоқхонада саломатлигини йўқотган ва оғир дардларга чалинган Худойназаров ўзига лозим тиббий ёрдам кўрсатилиши кераклигини кўп маротаба талаб қилганига қарамасдан, Ўзбекистон ҳукуматининг ҳуқуқ-тартибот органлари унинг аҳволига эътибор қаратишни истамагани маълум.

Аҳволи ўта оғирлашгандан сўнггина, 2014 йил май ойида Худойназаров озодликка чиқарилди.

Бундан роппа роса 20 кун аввал Би-би-си билан суҳбатда Абдурасул Худойназаров оғир хасталикни қамоқхонада орттирганини айтганди.

Марҳум жумладан шундай деганди:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди