Лондондаги Ўзбекистон элчихонаси ўнгида қийноқларга қарши пикет

  • 27 Июн 2014

Қийноқ қурбонларини қўллаш Халқаро кунида қатор ташкилотлар қўшма баёнот чиқаришиб, Марказий Осиё ҳукуматларининг қийноқ қўллашда давом этаётганларини қоралашган.

Марказий Осиё ҳукуматлари қийноқ қўлланишини йўқотиш йўлида кўраётган чора-тадбирлари билан бу йўлда жиддий қадамлар ташланаётганини намоён қилишлари керак.

БМТ 1997 йили 26 июнни қийноқ каби жиноятларга қарши кураш ва қийноқ қурбони бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш куни дея эълон қилган.

1987 йили қабул қилинган Қийноқларга қарши конвенцияга мувофиқ қийноқ қўллаш ҳар қандай шароитда ноқонуний ҳисобланади ва ҳеч бир шароитда қийноқ қўллангани оқланмайди.

Марказий Осиёдаги ҳар беш мамлакат ушбу Конвенцияга имзо чеккан ва ўз фуқароларини қийноқлардан муҳофаза қилиш мажбуриятига эга.

Қўшма баёнотда айтилишича, бу мамлакатларда қийноқларни йўқотиш учун қонунчиликка қўшимча моддалар киритилганига қарамай, ҳануз кенг қўлланмоқда.

Қийноқ қурбонларини қўллаш куни муносабати билан Amnesty International ташкилоти Лондондаги Ўзбекистон элчихонаси ўнгида пикет уюштирди.

Пикетдан мақсад 18 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Дилорoм Абдуқодировага нисбатан адолат талаб қилишдир.

Дилорoм Абдуқодирова 2005 йил Андижоннинг Бобур майдонидаги йирик норозилик чиқиши қатнашчиси бўлиб, ҳукумат кучларининг аксари тинч намойишчиларни қириши ортидан кўп ўтмай хорижга чиқиб кетишга мажбур бўлган.

Кейинчалик Австралиядан Ўзбекистонга қайтганидан сўнг ҳибсга олиниб, конституцион тузумга тажовуз ва чегарани ноқонуний равишда кесиб ўтиш айбловлари билан 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Бу жазо кейинчалик қамоқ тартибини бузганлиги баҳонаси билан яна 8 йилга узайтирилган.

Би-би-си билан суҳбатда бугун Лондондаги пикет иштрокчиси бўлган Amnesty International ходимаси Гитти Данламнинг айтишича, Дилорoм Абдуқодирова маҳкамасида ҳозир бўлган гувоҳлар унинг юзида калтаклар зарбидан моматалоқ бўлгани, озиб кетгани ва ҳатто ҳамиша бошидан тушмайдиган рўмоли ҳам бўлмаганлигини айтишган.

Amnesty Internationalга кўра Дилорам Абдуқодирова ва у каби Ўзбекистон қамоқхонларида қийноқларга юз тутаётган маҳбусларнинг тақдирига эътибор қаратиш муҳимдир.

Қийноқлар қурбонларини қўллаш куни муносабати билан чиқарилган қўшма баёнотда эса Марказий Осиё давлатлар қамоқхоналарида қийноқларга юз тутаётган ва қийноқ қўлланиши сабабли оламдан кўз юмган қатор қурбонларнинг номлари келтирилган.

"Қийноқларсиз ҳаёт учун" ташкилоти асосчиси, ўзи ҳам бир неча йил Ўзбекистондаги қамоқхоналари ва қийноқларини бошдан кечирган ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоеванинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, мамлакатда қийноқлар вазиятида ижобий томонга ҳеч қандай ўзгариш кузатилмаяпти.

Мўътабар Тожибоевага кўра, вазият аксинча тобора ёмонлашиб бормоқда.

Матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02