Журналист Сид Янишев: "Мен хоҳлаган пайтда ўзимни холис ва ҳақ эканимни исботлай оламан"

Сид Янишев тахаллуси билан ижод қиладиган Саид Абдураҳимов 1972 йили Тошкент шаҳрида туғилган.

У Тошкентдаги Жаҳон Тиллари Университетининг Рус филологияси факультети ва Маннон Уйғур номидаги санъат институтининг Театр факультетини тамомлаган.

Оддий мактабда рус тилидан сабоқ берган.

Тошкентдаги радио ва телеканалларда кўрсатув-эшиттириш муаллифи, бошловчиси бўлган.

Рус тилида нашр этиладиган "Бизнес-Вестник Востока", "Зеркало XXI" рўзномаларининг мухбири бўлиб ишлаган.

Сид Янишев Россиядаги "Газета.ру", "Ferghana.ru" ахборот агентликларининг, Уруш ва Тинчлик муаммоларини ёритиш институтининг мухбири, Uznews.net веб-сайти муҳаррири сифатида фаолият юритган.

Сид Янишев қатор муаллифлик қўшиқлари фестивалларининг лауреати бўлган.

У Марказий Осиё ПЕН-клубининг аъзосидир.

Ҳозирги пайтда Сид Янишев мустақил журналист сифатида фаолият юритади.

29 июн куни Тошкентдаги маҳкама Сид Янишевни уч минг АҚШ долларидан зиёд жаримага тортиш ва камерасини тортиб олиш ҳақида қарор чиқарган.

Мустақил журналист Сид Янишевга қарши жиноят иши қўзғатилиши Ўзбекистон Конституцияси ва қонунларни назар-писанд қилмасдан маҳаллий амалдорлар содир этаётган ўзбошимчаликларини пинҳон тутиш, бу қонунбузарликларни жамоатчиликка ошкор қилган журналистларнинг "овозини ўчириш" мақсадидаги ҳаракатлар деб баҳоланди.

Мустақил журналист Сид Янишевнинг Би-би-си ўқувчилари саволларига жавоблари

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Би-би-си: Бир неча ўқувчимиз ўзингизнинг оилангиз, ота-онангиз ҳақида гапириб беришингизни сўрашган.

Сид Янишев: Мен оила қуриб ажрашганман. Икки фарзандим бор. Кичкина қизим Асал ҳозир Москвада. Ўғлим яқинда 17 ёшга тўлади. У аллақачон Прага консерваториясига ўқишга кирган. Ўғлим бастакор. Менинг онам ва икки тоғам Тошкентдаги 50-мактабни олтин медал билан тамомлашган. Раҳматли бобом ўқитувчи бўлганлар. Физика фанидан дарс берганлар. Урушда қатнашиб Берлингача борганлар. Отам рассом. Москвадаги Суриков институтини тамомлаган. Бироқ онам у билан яшамаган.

Би-би-си: Шунингдек, бир қатор муштарийларимиз сизнинг нега Сид Янишев тахаллусини танлаганингиз билан қизиқишган.

Сид Янишев: Сабаби жуда оддий. Сид бу Саиднинг қисқартирилгани. Мен паспортим бўйича Саидман. Ўзимга Сид деган номни танлаганимга анча бўлган. Болалик йилларимизда бизнинг ўзимизнинг тусовкамиз бўларди. У ерда исмларни қисқартириш урф бўлганди. Алексей "Алекс"га айлантирилган, Саид "Сид"га. Янишев менинг ота фамилиям. Шундай бўлганки, мен отамни билмай катта бўлганман. 16 ёшимда паспорт олаётганимда ўзимга фамилия қилиб онамнинг фамилияси Абдураҳимовни танлаганман. Мен Янишев ота фамилиямни ўзимга тахаллус қилиб танлаганман.

Би-би-си: Сизни журналистик фаолиятга нима бошлаган?

Сид Янишев: Журналистик фаолиятимни тасодифан бошлаганман. Менинг икки мутахассислигим бор. Рус филологияси ва актёрликни тугаллаганман. Мен телевидениеда анча вақт ишлаганман. "Алло, мен сизни тинглаяпман" деган кўрсатувни тайёрлаганман ва ўзим олиб борганман. Мен яна бир ўзимнинг муаллифлик кўрсатувимни тайёрлаган эдим. Аммо, афсуски, бу кўрсатув муҳаррири автоҳалокатда ҳалок бўлгани туфайли эфирга чиқмай қолиб кетган. Ундан ташқари, бир неча маҳаллий радиоларда ишлаганман. Бир неча клублар, кафеларда қўшиқ айтганман. Бир йил Америкада ресторанда официант бўлиб ишлаганман. Ортга қайтганимда менинг дўстим Россияга кетаётганини, ўрнига бирор кишини топиши кераклигини айтиб қолди. Бу "Бизнес Вестник Востока" рўзномасида мухбир ва ярим ставка муҳаррирлик ўрни эди. Мен рози бўлдим ва шу билан бошланиб кетди. Кейин "Зеркало XXI" рўзномасида ишладим. Сўнг Россияга кетдим. У ерда бир йилдан ортиқ вақт бўлдим. "Газета.ру"нинг мухбири сифатида ишладим. Ундан кейин Тошкентга қайтдим. Мени эндигина ташкил қилинган Uznews.net веб-сайтига мухбирликка таклиф қилишди. У ерда мен узоқ йиллар ишладим. Бошида мухбир, кейин муҳаррир сифатида фаолият юритганман.

Би-би-си: Сиз "Шут ме" видеолойиҳасининг муаллифисиз. Бу лойиҳа қандай бошланган?

Сид Янишев: Бу лойиҳани икки йилча олдин бошлаганман. Унинг муаллифи менман. Мен видеооператорларидан бири ҳам бўлганман. Ҳозир бу лойиҳа журналист Алексей Волосевичнинг Asiaterra.info веб-сайтига жойлаштирилган. Ўша ерда томоша қилиш мумкин. "Шут ме" лойиҳасининг ғояси шундай: мен Ўзбекистон фуқаролик жамиятининг бир неча фаол аъзосини бир даврага таклиф қиламан. Ва улар мен таклиф қилган, шу яқин бир ҳафта ичида юз берган ҳодиса, янгилик мавзусида суҳбатлашадилар. Ва улар бу мавзуни жуда очиқ, жуда эркин муҳокама қилишади. Кўпчилик ҳалигача ҳайрон бўлади: қандай қилиб шундай қилиш мумкин? Ҳатто буни "Фергана.ру" бош муҳаррири қаҳрамонлик деб атаган.

Би-би-си: Сиз бир неча муаллифлик қўшиқлари фестивалининг лауреати экансиз. Ўз қўшиқларингиз сони қанча?

Сид Янишев: Менинг ўзимнинг қўшиқларимдан таркиб топган учта альбомим бор. Мен "В-612" деб номланган рок-группанинг асосчиси, ташкилотчиси бўлганман. Билмайдиганлар учун эслатиб ўтаман, В-612 - Антуан де-сент Экзюперининг "Кичкина шаҳзода" асаридаги Кичкина шаҳзоданинг сайёрасининг номи. Бу арт-рок гуруҳ эди. Менинг гуруҳимда симфоник асбоблар ижрочилари ҳам бор эди. Мана шу гуруҳим билан мен учта альбом тайёрлаганман. Бу альбомларимдаги қўшиқларимни менинг веб-сайтим www.seed-yanyshev.ru да тинглаш мумкин. Ундан олдин мен рок-барт сифатида қўшиқ куйлаганман ва учта муаллифлик қўшиқлари фестивалининг лауреати бўлганман. Биринчи фестиваль Чимёнда 1987 йили бўлиб ўтган. У пайтда мен ўспирин бола эдим. Иккинчиси 1989 йилдаги Самарқанд фестивали ва учинчиси 1999 йилда Нью-Йоркда Булат Окуджава номидаги биринчи Бутунамерика муаллифлик қўшиқларининг фестивали эди.

Би-би-си: Сиз устингиздан бўлиб ўтган маҳкамани қанчалар адолатли бўлиб ўтди деб ҳисоблайсиз ва ҳақиқатни ёзадиган сиз каби журналистларга босим шу тарзда тугайди, деб ўйлайсизми?

Сид Янишев: Бу маҳкама қонунга зид, адолатсиз бўлди. Ва шундай эканини суд жараёнида давомида исботладим. Афтидан, маҳкама қарорининг матни олдиндан ёзиб қўйилгани учун мана шу қарор ўқиб эшиттирилди. Бугун 3 июн куни почта орқали менга Шайҳонтоҳур туман маҳкамасининг қарори матнини олиб келиб қўлимга топширишди. Бу қарорга кўра, жаримадан ташқари менинг видеокамерам ва диктофоним ҳам мусодара қилиниши керак экан. Менинг билишим ва тушунишим бўйича, эркин, мустақил журналистларга нисбатан Ўзбекистонда босим тугамайди. Ҳар қандай мустақил фикр, ҳар қандай цензура қилинмаган фикр бу мамлакатда қораланаверади, таъқиб этилаверади.

Алик исмли ўқувчимиз: Мустақил журналист экансиз. Бу жаримани тўлаш оғирлик қилади-ку! Тирикчилик учун мустақил журналистлар қандай пул топишади? Уларга ким пул беради? Ёзган мақолангиз учун ҳеч ким пул бермаган бўлса ҳам керак. Сизга мана шунақа бепул бошоғриқ нимага керак?

Сид Янишев: Жарима суммаси бўйича ҳозирча шуни айтишим мумкинки, бир неча халқаро ташкилот бу жаримани тўлашда менга ёрдам беришга тайёр эканликларини билдиришди. Менинг қандай пул топишимизга келадиган бўлсак, мен "фриланс" журналист сифатида бир неча хорижий нашрларга ёзган мақолаларимдан қалам ҳақи оламан. Сизга шу бошоғриқ керакмиди, деган саволга эса мана бундай жавоб бермоқчиман: Мен Ўзбекистонда яшайман. Бу менинг ватаним. Мен ҳатто кўчадан ўтиб кетаётган бўлсам ҳам бирор бошбошдоқликни кўрсам, бу бемаъниликка бефарқ қола олмайман. Мен бунинг нотўғри эканини айтишни ўзимнинг бурчим деб биламан. Бу нарсани матбуотда ёритиш зарур деб ҳисоблайман. Бунинг учун менга ҳақ тўлашгани учун эмас. Мен бирор камчилик, ноқонуний амални бартараф қилиш учун матбуотда ёритилиши, бундан кенг жамоатчилик хабардор бўлиши лозим, деб ҳисоблайман. Менинг фикримча, журналист ўз фикрига, ўз дунёқарашига эга бўлиши керак. Журналист бебошлик олдидан бефарқ ўтиб кетмаслиги керак. "Журналист тирноқ остидан кир қидирмасин", дейишади. Қўпол қилиб айтадиган бўлсак, айнан тирноқ остидан кир қидириш - журналистнинг иши.

Би-би-си: Маҳкамадан кейин тарқалган хабарларга кўра, ким Сид Янишевни қўллаб-қувватлаб чиққан бўлса, ўша одамларнинг шахсий маълумотлари йиғиб, уларга қарши чора кўриш йўллари ўрганилаётган эмиш...

Сид Янишев: Маҳкама пайти бизни бир шахс роса фотосуратга туширди. Мен бу одам хавфсизлик хизмати ходими эди. Мени қўллаб-қувватлаш учун маҳкамага келганлар орасида таниқли кишилар бор эди. Улар Умида Аҳмедова, Олег Карпов, Елена Урлаева ва бошқалар. Улар Ўзбекистондаги фуқаролик жамияти фаоллари эдилар. Маҳкама биносига киритишдан олдин уларнинг ҳаммасининг паспорт маълумотларини ёзиб олиб кейин ичкарига киритишди. Халқаро қонунчилик бўйича судга келган инсонлар маълумотларини ёзиб олиш ноқонуний амал ҳисобланади. Бу дегани Сид Янишев судига борган ҳар бир одам қаердадир рўйхатга олинди, дегани.

Одилжон Махдумий: Muhtaram Sid janoblari! Jurnalistik kasbiga sodiq qolgan holda, jurnalistika sohasida har jabhada holis faoliyat olib borayapman deb tan olasizmi?

Сид Янишев: Ҳа, мен ўзимни профессионал журналист деб ҳисоблайман ва журналистикага содиқ қолаяпман, деб ўйлайман. Мен ҳар доим холис бўлиб қолишга, ўзимни объектив тутишга ҳаракат қиламан. Мана мисол учун менга уйлари бузилаётгани ҳақида гапирган ва кейин менинг устимдан шикоят қилган инсонлар мисоли. Мен уларнинг ўзларининг розиликлари билан овозларини аудиога, суҳбатимизни видеокамерага тасвирга олганман. Менда тайёрлаган материалларимга тааллуқли ҳамма қоғозларим, аудио ва видеоларим сақланган. Мен хоҳлаган пайтимда ўзимнинг ҳақ эканлигимни исботлай оламан.

Бу мавзуда батафсилроқ