Қирғизистон демократиядан чекинмоқдами?

Қирғиз ҳукумати ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Васила Иноятовани мамлакатга киритмаган.

Бир ярим ой олдин Би-би-си журналисти ҳам Бишкек ҳаво қўналғасидан Тошкентга қайтариб юборилганди.

Ўзини демократия ороли дейдиган Қирғизистон демократиядан чекинмоқдами?

"Сиз миллатлар орасида низо қўзғашга олиб келувчи ҳаракатлар қилгансиз, деган оҳангда мени Қирғизистонга киритмаслик қарорларини тушунтиришди" - дейди ўзбекистонлик ҳуқуқбон Васила Иноятова.

"Тўғри, мен Ўшда ўзбеклар қирғин қилингани ҳақида гапирганман, аммо Қирғизистон халқига қарши ҳеч иш қилмаганман ва аксинча, қон тўкилишига қарши бўлганман".

Тошкентдаги "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари гуруҳи раҳбари Васила Иноятова Бишкек ҳаво қўналғасида унга қўпол муносабат қилишгани ва ҳатто у ердан Парижга кетиш учун олган билетини ҳам бекор қилишганини айтади.

Бишкекда халқаро инсон ҳуқуқлари гуруҳлари билан учрашиши керак бўлган Иноятова хоним кейин Туркияга учиб кетишга мажбур бўлди.

Image caption Васила Иноятова Бишкек аэропортида ўзига қўпол муомала қилингани ҳақида айтган.

У ўзини демократик давлат, деб атайдиган Қирғизистондан бунақа муносабатни кутмаганини таъкидлайди.

Васила Иноятова - Ўш ва Жалолободда рўй берган 2010 йилги қирғин ва унинг оқибатлари ҳақида кўп бонг урган ўзбек фаолларидан бири.

У низодан кейин ҳам Қирғизистондаги ўзбек миллати вакиллари ҳуқуқларини камситиш ҳоллари давом этгани хусусида ёзиб келган ва Тошкентдаги Қирғизистон элчилиги олдида норозилик амаллари ўтказган.

Демократия йўлини танлаган давлатлар учун одатий бўлмиш бу каби амалларга сўнгги пайтлари Қирғизистон ҳам тоқатсиз бўлиб бормоқда.

Ҳозир Қирғиз ҳукумати мустақил, ғарблик ё аксар ўзбек миллатига мансуб журналистларга ёки ишлаш учун рухсатнома бермаяпти, ёки мамлакатга умуман киритмаяпти.

"Қирғизистон демократиядан воз кечгани йўқ, аммо демократик тамойиллардан чекинмоқда" - дейди мамлакат собиқ омбудсмени Турсунбек Акун - "Сўнгги йиллари бир неча журналист ва ҳуқуқ фаоли мамлакатга киритилмади".

Image caption Тошкент аэропортидан журналистларни қайтариб юбориш "одатий".

"Бироқ бу давлатимиз юритаётган сиёсатми ва ё Қирғизистон махсус хизматларининг ўз ташаббусими - буни билмаяпман".

Жаноб Акунга кўра, Президент Атамбоев имзолаган сўнги қонун лойиҳаларидан бири сўз эркинлигини ва митинглар ўтказишни чеклашга етаклаши шаксиз.

"Мана энди журналистлар ва ҳуқуқ фаоллари мамлакатга киритилмаётгани Қирғизистондаги демократия аҳволи борасида бизни хавотирга солмоқда" - дейди Турсунбек Акун.

Унинг айтишича, Ўш воқеалари қанчалик ҳассос ва дардли бўлмасин, барибир, Қирғизистон ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларини бажариши ва демократия ҳамда сўз эркинлиги тамойилларига риоя қилиши зарур.

Ўзбекистон ҳам ўтган йили қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Толекен Исмоиловани киритмай, Тошкент ҳаво қўналғасидан қайтариб юборганди.

"Ўзбекистон учун бу одатийдир, лекин ўзини демократик давлат атайдиган Қирғизистон учун бунақа ишлар қабул қилиб бўлмасдир" - дейди Турсунбек Акун.

Бу мавзуда батафсилроқ