МХХ ва Божхона қўмитасида оммавий тозалаш кетмоқдами?

  • 3 Июл 2014

Ўзбекистонда миллий хавфсизлик хизматининг ўнлаб ходимлари вазифасидан четлатилгани ҳақида тасдиқланмаган хабарлар ёйинланмоқда.

Расмийлар томонидан айни хабарлар на инкор ва на тасдиқ этилганига қарамай, хавфсизлик хизматининг ходимлари йирик турдаги ноқонуний тадбиркорлик, давлат маблағларини ўзлаштириш ва коррупцияга алоқадор бўлганлари ҳақида тахминлар ўртага ташланган.

Ўтган ҳафта эса ярим расмий матбуотда Давлат божхона қўмитаси турли бўлимларида ишловчи юзга яқин ходими ҳибсга олингани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Миллий хавфсизлик хизмати ходимларининг ишдан олиниши ва баъзи хабарларга кўра, улардан айримларининг ҳибсда экани Ўзбекистонда яна қудрат бўлишиш можаролари бошлангани ҳақидаги тахминларни ўртага отган.

Би-би-си билан суҳбатда журналист Абдураҳмон Ташанов оммавий-ахборот воситаларида "коррупцияга қарши кураш" ҳақида хабарлар кўпайганини айтади.

"Жараён ўлароқ бу нарса бор...аммо коррупцияга қарши кураш ошкоралик, демократия ва шаффофлик билан кечмаса натижаси ижобий бўлиши мушкул", дейди Абдураҳмон Ташанов.

Бу мавзуда батафсилроқ