Ўзбекистонлик ҳакам Равшан Эрматов жаҳон рекордини ўрнатди

Бразилияда бўлиб ўтаётган футбол бўйича жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик ҳакам Равшан Эрматов бошқарган ўйинлари ҳисобида жаҳон рекордини ўрнатди.

Чорак финалнинг Ҳолландия ва Коста Рика жамоалари ўйини ҳакамлиги Эрматов учун жаҳон кубоги учун беллашувларда тўққизинчиси бўлди.

Бундан олдинги жаҳон рекордлари саккиз ўйинни бошқаришга муваффақ бўлган уч рефери- француз Жоэл Кинью, мексикалик Бенито Арчундии ва уругвайлик Хорхе Ларриондага тегишли.

Ўзбекистонлик ҳакамга 2010 йил Жанубий Африкада бўлиб ўтган жаҳон биринчилигида беш ўйин ишониб топширилган, жумладан Равшан Ҳолландия ва Уругвай жамоалари ярим финал ўйинини бошқарган эди.

Бу йилги жаҳон чемпионатида Равшан Эрматов тўрт ўйинга ҳакамлик қилди.

Бундан олдин у Швейцария - Эквадор, Хорватия - Мексика ва АҚШ- Олмония ўйинларини олиб борди.

Жаҳон оммавий ахборот воситалари ўзбек ҳакамининг янги рекорди тўғрисида хабарлар тарқатди.

Ижтимоий тармоқларда ҳам ўзбек Равшан Эрматов Ҳолланд-Коста Рика ўйинини қандай бошқаргани ва унинг ўрнатган рекорди қизғин муҳокама қилинмоқда.

Интернет фойдаланувчилар Ўзбек ўғлонининг жаҳон миқёсида эришган ютуқларидан фахрланганлар, Эрматов шарафига самимий тилакларини изҳор қилганлар.

Равшан Эрматов гуруҳида у билан бирга ёрдамчилари ўзбекистонлик Абдуҳамидулло Расулов ва қирғизистонлик Баҳодир Қўчқоровлар ҳам ўйинни кузатишди.

Хабарларга қараганда, Равшан Эрматов ярим финал ёки финал ўйинларидан бирида қатнашиши мумкин.

Бундан олдин Халқаро Футбол федерацияси Равшан Эрматовни ўтган мавсумнинг энг яхши ҳакамлар ўнлигига киритган.

Шунингдек, Эрматов Ўзбекистоннинг ўзида саккиз карра, Осиёда тўрт марта энг кучли ҳакам дея тан олинган.

Равшан Эрматов жаҳон чемпионатларидан ташқари, Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинлари, Осиё Футбол федерацияси мусобақалари ва Осиё Чемпионлар лигаси финал учрашувларини бошқарган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Ҳозиргина Лондонга келдим, овқатлангани бир жойга кирган эдим,тўрт муҳожир кечаги Голандия-Коста Рика ўйини судьясини илиқ сўзлар билан гапираётган экан. Бундай пайтда Ирматовдек иқтидорли ватандошимиз борлигидан фахрланиб кетасан киши. Ўзбекистон қаҳрамонлиги берилса жуда ажойиб бўлар эди.

>Otabek Toshev

Бу мавзуда батафсилроқ