Ўзбекистонда "шўрочасига бошқарув" авжида

Image caption Йилларки ўзгармас манзара

Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига асосланган давлатга айланиб бораётгани ҳар йил келганимда янада яққол намоён бўлади.

Қишлоқ хўжалиги ишларининг яхши ташкил қилинмагани ва ер ўз эгасини ҳунуз топмагани боис ёзнинг жазирамасида ғалла далалари бўйлаб кетган йўлларнинг четида мавсум вақти милиция ё-да қанақадир идораларда ишловчи пўрим кийинган ходимларни кўриш мумкин.

Улар ҳокимият томонидан махсус бириктирилган бўлиб, ўзларининг таъбири билан айтганда "халқ ғалласини" нес-нобуд қилмасдан ўз вақтида йиғиб, давлатга топшириш учун сафарбар қилинганлар.

Гоҳида кечаю-кундуз ишлайдиган ушбу ходимларнинг бундан ташқари ҳам биринчи навбатда бажариши керак бўлган вазифалари бор.

Кимдир болалар боғчаси директори, яна кимдир туман газ идораси раҳбари…

- Уй сотишим келиб-келиб… айни ғалла мавсумига тўғри келиб қолибди. Ҳамма ишимни йиғиштириб қўйдим, 10 кун тинмасдан нотариус айтган ҳужжат ва маълумотномаларни йиғишга сарфладим. Шуларнинг ичида энг ғайритабиийси ва топиш қийин бўлгани бу кадастрдан справка бўлди, - дейди янгийўллик Қодиржон.

Қодиржоннинг айтишича, туман кадастр биноси олдида 30дан ортиқ одам бошлиқ ва унинг муҳрини кутиб турибди.

Аммо бошлиқ ғалланинг бошига кетган.

Ўзига бириктирилган гуруҳ билан давлатга ғалла топшириш режасини бажаришга ҳисса қўшмоқда.

"Шунча одам иши битмай кутиб тураверадими, бошлиқ қачон келади, десам, "Кечки пайт келади", дейди. Лекин кутиб турган одамлар кечки пайт келиши ҳам даргумон, чунки кеча свет ўчиб қолиб ҳеч ким келмади, дейишди", - дейди Қодир ака.

Қодир ака кадастрда ишлайдиган ходим таниши бўлгани учун раҳбарнинг қаерда ва кимнинг даласида меҳнат қилаётганини билиб далага йўл олади.

Тупроқ йўллардан юриб комбайннинг бошида турган кадастр бошқармаси бошлиғини топиб имзосини олгандан сўнггина иши битади…

Шунда ҳам муҳр бостириш учун ўринбосарини излашга тўғри келган.

«Ахборот» кўрсатмайдиган манзаралар

Image caption Матбуотда "олам гулистон"...

Давлат идоралари раҳбарларининг далада деҳқоннинг ишига нима учун аралашиб юргани борасида расмий изоҳ берилмайди.

Бу ҳақда марказий газеталар ва телевидениеларда ҳеч нарса айтилмайди.

Бу каби кулгили ва ачинарли ҳолатлар Узбекистонда бугун хам рўй бераётганининг биттаю-битта изохи бор - бу қишлоқ хўжалигини бошқариш бўйича давлат тизими хамон яккаҳокимлик ва юқоридан бошқаришга асосланганича колган.

Натижада Шўролар давридан мерос бўлиб қолган планлаштириш ва давлат режаси бугунги кунда мустақил Ўзбекистоннинг ўзига хос модели билан қоришиб ажойиб бир бошқарув тизимини вужудга келтирган.

Сўраб суриштираверсангиз, бу ўзига хос бошқарув усулини ҳеч ким, ҳатто соҳа вазирлигидагилар ҳам тушунтириб беролмаслиги тайин…

Оқибатда ҳукумат томонидан фермерларга босим шу даражада кўпайиб кетганки, режани бажарса-да қарзга ботиб қолаётган фермерларнинг Россия қочиб кетаётгани борасида жуда кўп эшитасиз...

Олдин чўл бўлган, суғориш ва мелиорация ишларининг яхши йўлга қўйилмагани боис яна шўр босиб чўллашаётган Жиззах ва Сирдарё вилоятларида фермерларнинг аҳволи янада ачинарли ҳолатда.

Ер шўрлиги ва унумдорлиги пастлиги сабаб бу вилоятнинг фермерлари ердан катта центнердан ҳосил кўтара олмайди.

Натижада давлат томонидан пахта ва ғаллага белгиланган паст нархлар фермернинг йил давомида ҳосил етиштириш йўлида килган харажатларини қопламайди.

«Украинадаги воқеалар ҳукуматни чўчитиб қўйди…»

Image caption Ўзбек фермерларининг "юпанчи"...

Боз устига фермер хўжалигидан камроқ харажат қилиб, кўпроқ фойда кўришни кўзлаган ҳукумат фермерларни боши берк кўчага олиб кириб қўйган.

"Давлат менга бир гектар ернинг ўтини чоптириш учун 10 минг сўмдан пул беради. Лекин чопиқчи 10 мингга чиқмайди. Камида 20 минг сўмга чиқади. Ўртадаги фарқини мен ўз чўнтагимдан тўлашим керак. Бўлмаса аҳвол чатоқ", - дейди жиззахлик фермер Ғолибжон.

Ғолибжон ғалла ва пахта режасини туманда ҳар йили биринчилардан бўлиб бажаради.

Лекин бугунги кунда давлатдан қарзи 200 миллион сўмни ёки 86 минг долларни ташкил қилади.

"Тумандаги деярли ҳамма фермер қарздор. Шунинг учун ҳам муттаҳамдек бўйнимизни эгиб ишлашга мажбурмиз. Мажлисларда ҳоким бобонинг сўкишларини индамай эшитишга ҳам шу сабаб мажбурмиз. Бўлмаса ўзимизни қамоққа тиқиш ва уйимизни мусодара қилиш билан қўрқитишади", - дейди Ғолибжон.

Бироқ нима сабабдандир бу йил жиззахлик фермерларга ҳокимият томонидан босим ўтган йилгидек эмаслигини айтишди…

Сўнгги йилларда фермер томорқа учун пахта ва галла даласининг бир бурчагига экадиган жойидан ҳам маҳрум қилинган.

Ҳаддидан ошган ҳокимнинг бортли машинага фермерларни солиб далама-дала кетига тепиб таҳқирлашлар бу йил йўқ.

"Фермерлар келишиб, "отса отар", деб ҳаммамиз умумий мавжуд еримизнинг 10 фоизига полиз махсулотлари экиб ташладик. Кимдир ошқовоқ, яна кимдир қовун-тарвуз экди. Пичоқ суякка қадалди. Жуда қийналиб кетган эдик. Уйда мол-ҳол қолмади. Ишчилар ҳам қочиб кетган эди", - дейди Ғолибжон.

Фермерларнинг бундай ўзбошимчалиги ўтган йили кузатилганида, ушбу ерда агар полиз экини ўсиб чиқиб, гуллаб қолган бўлса ҳам ҳокимият томонидан шавфқатсизларча ҳайдаб ташланарди.

Аммо бу йил бундай чоралар нимагадир қўлланилмаган.

"Украинадаги тўполонлардан ҳукуматимиз хулоса қилгандир-да", - дейди кулиб Ғолибжон.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ