Uzwebiston:"Э, ўргилдим, қонунингдан ҳам, солиғингдан ҳам..."

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption "Солиқчилар соғадиган бўлди..."

Бир уйдан бӯйнига арқон боғланган қӯйни олиб чиқиб кетишяпти.

Иккинчи уйдан малларанг сигирни етаклаб кетишяпти.

Уй эгаси бирон сӯз айта олмасдан, маъюс нигоҳини сигиридан уза олмаяпти…

Бу манзаралар қайси бир хонлик ё амирлик давридан олинган деб ӯйламанг.

Зинҳор, бундай эмас. Бу воқеалар ҳозирги даврда, шу ӯзимизнинг Ӯзбекистонимизда содир бӯлаётир...

Кимнингдир қӯйини, кимнингдир молини куппа-кундуз куни етаклаб чиқиб кетаётганликларини кӯрар эканман, тажанг бӯлмай нима?

Қӯшнимнинг гапини қаранг: намунча тажанг бӯлмасангиз, ҳатто кимлигини билмайсиз, бири андижонлик, иккинчиси наманганлик одамнинг қӯй-молини олиб кетишган бӯлса, сизга нима?

Қӯшни менинг ошиб бораётган қон босимимни туширишга уринади, мен бӯлсам, хонликми, амирлик даврида солиқни тӯлаёлмаган одамларнинг уйига қилич кӯтариб бостириб кириб, қӯлга илинган нарсани олиб кетаётган мирғазабларни эслайман.

Ӯзингиз ҳам кӯргандирсиз, ӯша даврлар ҳақида олинган киноларда ӯтган замондаги ҳақсизликларни кӯрсатиш учун солиқчиларнинг инсофсизлигини чунонам бӯрттиришарди, чунонам бӯрттиришарди.

Йиртиқ чопон кийган деҳқон хон навкари етаклаб олиб чиқиб кетаётган сигир арқонига ёпишган.

Аёллар, болалар йиғлашган…

9 июлда Ӯзбекистон телевидениеси орқали кӯрсатилган «Қонун устуворлиги» кӯрсатувида эса қӯй ва сигир эгалари на арқонга ёпишишди, на йиғлаб-сиқташди…

Келинг, аввал кӯрсатув бошидаги биз – фуқароларга жонажон ҳукуматимиз ғамхӯрлиги ҳақидаги қулоққа хуш ёқадиган гапларни эслайлик.

Кӯрсатув муаллифбошловчиси Ӯзбекистон фуқароларининг ҳуқуқлари қонуний ҳимоя қилиниши ҳақида роса оғиз кӯпиртирди.

Мен қувонганимдан кӯрсатувни иштиёқ билан томоша қила бошладим.

Бирпасдан кейин иштиёқдан асар ҳам қолмади. Суд ижрочилари гоҳ у ҳовлига, гоҳ бу ҳовлига кириб, газ ё бошқа коммунал хизматлардан фойдаланганлиги учун пулини тӯлай олмаган одамларнинг пулга чақиладиган буюмларини, қӯй-молларини хатлай бошлашди.

Биттасининг уйида қӯйи бор экан. Хатлашди ва агар фалон кунгача қарзини тӯламаса, қӯйи сотилиб, пули даъвогар ташкилот ҳисобига ӯтказилишини айтишди.

Бошқа бирининг сигири хатга тушди.

Мен бир нарсага ҳайрон бӯлдим.

Кӯрсатувда қӯйи ё сигири олиб чиқиб кетилаёган хонадонларнинг эркаклари кӯрсатилди, холос. Балки улар оила бошлиғи бӯлгани учун элга кӯрсатилиб, мазаммат қилингандир.

Балки… балки биттагина соғин сигирини олиб кетишаётганда, болаларининг сут­-қатиқсиз қолишларини ӯйлаб уввос кӯтарган аёлни кӯрсатишни исташмагандир…

Бир хонадоннинг газдан фойдалангани учун қарзи 5 миллион сӯмдан ошиб кетибди.

Бу хонадондаги машина ҳужжатлари олиб қӯйилди.

Оила бошлиғига машина давлат автомобил назоратининг жарима майдончасида сақланиши, агар беш кун ичида қарз тӯланмаса, сотилишини тушунтиришди.

Оила бошлиғи - ӯрта ёшдан ӯтиб қолган киши қимтинибгина ниманидир сӯради.

Мен унинг авзойини кӯриб, беш кун ичида пулни қандай топиб бериб, машинасини қайтариб олишни ӯйлаётганлигини сездим.

Суд ижрочилари айтган жарима майдонида сақланган машиналар учун кунига, соатига пул олишларини билганимдан, газга пул тополмаган одамнинг қарзига яна қарз қӯшилишини ӯйлаб, хунобим ошди. Яна қӯшним нега тажанг бӯласиз, дейди? Мен тажанг бӯлмай, ким тажанг бӯлсин?

Бошловчи фуқароларнинг қонун олдидаги бурчини эслатиб турди. Бу бурч нималигини яхши тушунаман. Газ, электр пулини, солиқларни тӯлаш учун ҳаммамиз мажбурмиз.

Лекин тирикчилик мушти тӯрт томондан ӯқталиб турган пайтда, кийим-кечакни гапирмайман, озиқ-овкат нархи тобора ошиб тургандан кейин маош ё пенсиядан пул орттириш ҳам осон эмас-да!

Энди «Қонун устуворлиги»да қонунни ҳурмат қилмасликда айбланган андижонлик ва наманганликлар нима қилишаркин?

Ӯз-ӯзимга тасалли бераман. Э, газ бӯлмаса нима? Ана минг-минглаб одамлар ӯтин, тезак ёқиб ӯтиришибди-ку. Ҳе, ёзнинг ғанимат кунларида таппи тайёрлаб олинглар.

Соғин сигир бӯлмаса, ота гӯри қозихонами? Болаларинг сут-қатик ичишмаса, ичишмас, қаймоқ ейишмаса, ейишмас. Ана, нон-чой, қанд-шакар билан қорин тӯйдираётганлар ӯлганлари йӯқ-ку!

Э, нималар деяпман? Шакар қаерда? Нархи икки баравар ошиб кетган бӯлса? Қӯшним тӯғри айтади: тажанглик ёмон, айтар гапингни ҳам билмай қоласан, баъзан.

Э, ўргилдим, қонунингдан ҳам, устиворлигидан ҳам «дилбузаринг»дан ҳам!

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ