"Ахборот"нинг иситмаси баландлаганми?..

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption "Ахборот"дагиларда термометр йўқми?

Ўзбекистон матбуотининг ростгўйлик бобида...юмшоқ қилиб айтилса "оқсаши" ҳеч ким, том маънода ҳеч кимга сир эмас.

Аммо...шунда ҳам бу мамлакат оммавий-ахборот воситаларида "Ахборот"нинг ахборотини шубҳа остига олиш камдан-кам рўй берадиган ҳолат.

«Новий век» газетаси ўқувчиси «Ўзбекистон» телеканалининг «Ахборот» информацион дастурида бериладиган об-ҳаво маълумотларининг тўғрилигига шубҳа билдирган.

Унинг мактуби газета сайтида эълон қилинган.

Газета ўқувчисининг ёзишича, синоптиклар 1 июль куни «29-30 июнь кунлари Тошкент-да кунлик ўртача об-ҳаво ҳарорати 32,9 даража иссиқ бўлгани, бу кўп йиллик кузатувлар натижасидан беш даража юқори эканлиги, бу кунлардаги энг иссиқ ҳарорат 1902 йилда қайд этилиб, 41 даража иссиқ бўлгани» ҳақида маълумот беришган.

«Албатта, бу маълумотлар жуда ҳам қизиқарли. Бироқ аксарият шаҳарликларнинг уй термометрлари бор ва қайд этилган кунларда ушбу қурилмалар сояда 45 даража иссиқ эканлигини кўрсатиб турган», – деб ёзади «Новий век» ўқувчиси.

Унинг қўшимча қилишича, Отчопар томонидан Тошкентга кириб келаётганлар термометрнинг симоб устуни Цельсий бўйича 50 даража иссиқда турганини кўришган. «Қизиқ, синоптиклар ўртача ҳаво ҳароратини қандай ҳисоблаб чиқаришди экан?», – деб қизиққан ўқувчи.

Бу ҳақда Kun.uz вебсайтида ёзилган.

Ӯзбекистонда расмий «Ахборот» маълумотигами ё термометрлар кӯрсаткичига ишонишини билмаётганлар фақат «Новый век» ӯқувчиси эмас.

45 даражали жазирамада салқин жой қидирганлардан бирининг мулоҳазасига кӯра: «Балки айб «Ахборот»да эмасдир, уларга маълумот етказиб бераётган об-ҳавони ӯрганиш хизмати мутахассисларидадир?»

Лекин таҳлилчиларнинг айтишларича, собиқ Шӯролар Иттифоқи даврида ҳаво 43-45 даража исиб кетганда, уни атайлаб пасайтириб айтишган.

Чунки мамлакатнинг мавжуд қонунларига кӯра ӯта иссиқ шароитларда ишчи-деҳқонларга дам берилган, ишлашмаган.

"Мен қӯшни Афғонистоннинг ӯзбек тилидаги телевидениеси кӯрсатувларини кӯриб бораман", дейди ӯзбекистонликлардан бири. Унинг айтишича Сурхондарё билан қӯшни Афғонистон вилоятларида айни июннинг охирги кунлари кундузи 47 даражагача иссиқ бӯлиши айтилган.

«Балки Афғонистон синоптиклари замонавий об-ҳаво текшириш асбобларидан фойдаланишаётгандир?» дея савол қӯяди бу киши.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02