Нодир Аҳатов: "Халқимиз ўз ҳуқуқини таниса, қонунни билса, ўзгариш бўлади"

Нодир Аҳатов 1966 йил Қарши шаҳрида туғилган.

Оилада 10 фарзанднинг тўнғичи.

Маълумоти бўйича савдо ходими.

Қарийб 15 йилдан буён инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланиб келади.

У Ўзбекистонда расман рўйхатдан ўтказилмаган Инсон Ҳуқуқлари жамиятининг Қарши шаҳар бўлими раиси.

1990 йилларнинг дастлабки йилларида маълум давр "Бирлик" халқ ҳаракати аъзоси бўлган.

Китоб ўқишни севишини айтади.

"Китобга меҳрни отам раҳматли уйғотганлар", дейди у.

Мактабда ўқиб юрган кезлари бадиий китоблардан ташқари социалистик мафкура асосчилари Маркс, Энгелс, Лениннинг китобларини ҳам ўқиб чиққанини, кейинчалик сиёсий қарашлари буткул ўзгарган бўлса ҳам, сиёсатга қизиқишида айнан шу китобларнинг ҳам таъсири бўлганини айтади.

Нодир Аҳатов оилали, икки фарзанднинг отаси, бир невараси бор.

Би-би-си меҳмони Нодир Аҳатовнинг муштарийлар саволларига жавоблари

Мансуржон, Россия: Ўзингиз савдо ходими экансиз, ҳуқуқбонликка қандай келиб қолгансиз?

Нодир Аҳатов: Бундан ўн тўрт йиллар олдин, 2000 йилларнинг бошида ҳуқуқбонлик тўғрисида ҳеч бир тушунчам бўлмаган. Ўшанда ҳуқуқпарварлик қилиб юрган Тўлқин Қораев, Ёдгор Турлибековлар билан танишганман. Ўзим уларни қидириб борганман. Тўлқин Қораев ўшанда ҳам "Бирлик" ҳаракатининг аъзоси, ҳам Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятининг Қашқадарё вилоятидаги раиси эди. Шулар билан ҳамкорлик қилиб, аста-секин инсон ҳуқуқлари билан таниша бошлаганман. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятининг аъзолари сиёсатчиларга нисбатан мардроқ, дангалроқ бўлишганми, шу туфайли мен ҳуқуқбонлик билан шуғуллана бошлаганман. 2000 йилларга келиб Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг бузилиши кулминацион даражага етган эди. Буларнинг ҳаммасини, инсон ҳуқуқлари бузилишининг томирини кўриб-билиб туриб, индамаслик инсонга хос бўлмаган нарса. Шу сабабли шу соҳага кирганман.

Ўзбек, Ўзбекистон: Ҳуқуқбонлик қилиш осонми Ўзбекистон шароитида? У сизга нима беради? Тинчгина ўз ишингизни қилиб юрсангиз бўлмайдими?

Нодир Аҳатов: Ҳуқуқбонлик қилиш ниҳоятда қийин. Инсон ниҳоятда катта босим остида қолади. Кун давомида ўзим, уйим назорат остида дейишим мумкин. Ҳар доим пойлаб юришади. Бу биринчидан. Телефонларим эшитилади. Кўп марта милицияларга тушиб чиқишимга тўғри келган. Бу қийин, лекин кимдир бу нарсани қилиши керакку. Миллион- миллион киши шу савол берган одамга ўхшаб ўзимни тирикчилигимни қилай, деб юрганлиги туфайли Ўзбекистон аҳолиси ана шундай ночор, аянчли аҳволга келиб қолди. Бу ҳар бир инсоннинг характерига боғлиқ бўлса керак, мен ёшликдан қайсар, ҳақиқатчи бўлганман. Масалан, армияда хизмат қилганимда ҳам албатта ўз миллатимни тарафини олганман. Нохақликка чидай олмайман. Кўпчилик чидаб кетиши мумкиндир, лекин мен албатта йўқ деган сўзни айтаман.

Дилмурод, Қарши: Хабардор бўлсангиз керак Қаршида газ муаммоси жуда ёмон, ҳамма қарздор. Горгаздагиларнинг "қарз қўшиб ёзиш" касалидан қандай қилиб қутулиш мумкин? Ўзингизни ташкилотингиз бунга қарши нимадир қилиб кўрганми? Менинг ўзимни ҳозир 600 мингдан кўп қарзим бор. Газ эса йўқ.

Нодир Аҳатов: Дилмурод укамизга ёзилган қарз ҳавойи қарз. Мен газ масаласи билан шуғулланганман. Мана ўзим шаҳар газ таъминоти идорасига 600 минг тўлаб келдим, яна 600 минг қўшиб ёзиб қўйишди. Мен жанжал қилдим. Кейин маҳалламиз раиси рўйхат кўтариб келяпти. Унда 1,5 миллион сўм қарз ёзган. Энди бунақа ҳолат битта менда эмас, бутун Қаршида деса ҳам бўлади. Мен маҳаллакомга бордим, рўйхатдан нусха олмоқчи эканлигимни айтдим. Рўйхатда маҳалланинг ҳамма аҳолиси ёзилган. Лекин унда Горгазнинг на муҳри бор, на бирор имзоси бор. Яъни рўйхат чиқарилган, тасдиқланмаган. Бу ҳавойи гап. Яъни система шундайки, шаҳарда газ тинимсиз ишлатиладиган жойлар, новвойхоналар , ошхоналар, ғишт заводлари бор, улар масалан Горгазга ўз ҳақини бериб, газни бемалол ишлатади. Бу ҳозир ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Ҳамма билади, ҳамма айтади, лекин ҳеч ким бунга қулоқ солмайди. Айланган газни кимдир тўлаши керакку кейин, Горгаз буни оддий халққа юклаб қўяди.

Савол берган укамиз бу ҳавойи қарзларни тўлашга шошилмасин. Горгаздагилар исбот қилиб бериши керак, шунча қарз қаердан келганини. Мен Горгазга бориб, қарздорлигим ҳақида ёзиб, печать қўйиб бер десам, ёзиб беришдан бош тортди. Шаҳар газ бошлиғи хонасидан чиқиб қочиб кетди. Мен бир нарсани аниқ айтаман. Мана туманларда газ трубасининг ўзи йўқ, газ ўтмаган. Лекин ўша уй эгалари, айниқса мактабда ишловчи, касалхонада ишловчиларнинг карточкасидан ҳар ой эллик-олтмиш минг шундай, ҳеч қандай сабабсиз кесиб олиб қолинади. Мен у одамлардан сўраяпман: сизлар нима учун тўлаяпсизлар, ахир газ йўқку десам, нима дейди денг, ҳаммадан кесиб оляптику, нима қилайлик, дейди. Тушуняпсизми, халқ шунга рози. Яъни улар ўзининг ҳуқуқи учун ўзи курашмоқчи эмас. Бунақа шароитда манаман деган ҳуқуқпарвар ҳеч нарса қила олмайди кейин. Лекин бу фақат Қарши Газда бўлаётган нарса эмас, бутун республикада шундай. Қарши Газга ҳам пул тушмай қолган, бошқа жойлардаги каби коррупцияга ботган, пулни еб юборган, юқорига оширган. Энди у ейилган пулни ўрнини тўлдириш учун нима қилади? -Халққа қўшиб ёзади. Ўзининг жиноий ҳаракатларини қонунийлаштиришга ҳаракат қилади. Аҳоли дод десин, вой десин, барибир тузалмайди. Сиёсатда бу нарса "веспасианлик даври" дейилади. Яъни мана шу тугалланиб бораётган, жиноятчи режим энг аввало халқни талайди, кейинчалик бойларга тармашади, ундан кейин бир-бирини талайди. Худди шу нарса Ўзбекистонда кетяпти. Шу сабабли одамларга газга, светга, солиққа жудаям катта-катта пуллар қўшиб ёзилаверади. Токи халқ ўз хақ-ҳуқуқини талаб қилмагунча бу ҳол давом этиб кетаверади. Халқ талаб қилсагина, буларнинг кўзи жойига тушади.

Икром: Қаршида катта мардикор бозор бор эди, бизнинг Чироқчидан ҳам у ерга боришарди. Ҳозир ҳам борми мардикор бозор?

Нодир Аҳатов: Мен 2003 йиллар мардикорлар аҳволи билан қизиқиб бу нарсани ўрганганман. Шунда аниқлаганманки, мардикорликка чиққан баъзи одамлар ўша ерда "милисанинг қулоғи" бўлиб олган. Уларнинг "Рембо", "Тайсон" лақабли қулоқлари бор. Масалан, бир тадбиркор келадида, иккита мардикорни олиб кетади. Ўша тадбиркорникига ишлаб келгандан кейин бозордаги "қулоққа" фойдасининг қандайдир бир қисмини беради. Ундан ташқари, у кимникига борди, нима иш қилди айтади. Кечқурун мардикор бозор тарқагандан кейин "қулоқ"нинг олдига иккита милиса келиб, янгиликларни билиб кетади. Арзигулик янгилик бўлса, унга пул беради. Кейин милиция у тадбиркорни бориб "босади". Агар мардикор бу маълумотларни беришдан бош тортса, жанжал қўзғаб уни милицияга обориб қамаб қўйишади. Тушуняпсизми, ана шундай бир тизим бу. Мардикорликка чиқиб юрган одамлар Ўзбекистоннинг ишсиз аҳолисининг жудаям оз қисмини ташкил қилади. Лекин шу оз қисмиям ниҳоятда кўп. Мардикор бозори жудаям тиқилиб кетган, бир бурда нон учун ишлашга тайёр жуда кўп. Бу мардикорларни ҳокимият томонидан иш билан таъминлашга ҳеч қандай ҳаракат бўлаётгани йўқ. Иш ҳақини ололмаса ҳам, давлат идораларига мурожаат қила олмайди. Уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш системаси йўқ. Милиция, прокуратура ҳар қандай ишда фақат юқоридан буйруқ бўлсагина шуғулланади. Мана яқинда бир воқеа бўлди. Бу мардикорларга таълуқли бўлмаса ҳам, айтяпман. "Дилноза" масъулияти чекланган бутун бир жамиятга ойлик бермаётгани ҳақида хабар тарқатдим. Бу ерда 50-60 одамнинг ҳуқуқи бузилган. Лекин давлат идораларининг хабари бўлса ҳам, ёрдам бермаган.

Асқар, Швеция: Uzbekiston ichkarisida mustaqil faollar kam qolgan. Hukumatning kuzatuvlari bosimlari mahalla kuyda yoki shaxsiy hayotingizga ta'sir qiadimi? Kerakli yordamni bera olasizmi?

Нодир Аҳатов: Кўнгилдагидек ёрдам бериш механизмини умуман ёпиб ташлаган. Масалан, сизнинг назарингизда айбдор бўлса, жазога тортишни хоҳласангиз, уни бориб уролмайсизку, унга қарши давлат идорасига мурожаат қиласиз. Инсон ҳуқуқларининг 99 фоизи айнан прокуратура, милиция ва шунга ўхшаш идоралар томонидан бузилади. Яъни, милиция урса, прокуратура милицияга қарши ҳеч қандай иш очмайди. Иккаласи ҳам тузумнинг одами. Ҳақиқатдан ҳам ҳуқуқпарварлар ниҳоятда кам қолди Ўзбекистонда. Истайман албатта, шу жамиятимизнинг аъзолари кўпайишини. Лекин одамлар сиёсат билан, ҳуқуқпарварлик билан шуғулланишдан жуда қўрқиб қолган. Одам стрессда бўлади, ҳар доим қандайдир провакациялар уюштиришга ҳаракат қилишади. Бундай олганда, Жиноят кодексида мени айбламаган модда қолмаган ҳисоб. Охирги марта босқинчиликда айблаб, милисага тиқишди ва қаттиқ уришди. Шахсий ҳаётга фаолиятим албатта таъсир қилади. Босим оласиз, бирор жойда ишлагани қўймайди. Маҳаллада ҳам орқангиздан ҳар хил гап сўзларни тарқатиб юрадиган одамлар қўйилади. Оила аъзоларингизга таҳдидлар қилиш бошланади. Бир олтмишдан ошган амакимни олиб бориб бир ҳафта қамаб қўйишди. Айби соқол қўйгани. Қўлим қалтирайди, шунинг учун соқол қўйгандим, дейди у кишидан сўрасам. Ишқилиб таҳдид қилиш, босим ўтказиш усуллари кўп. Нима қилса, камчиликни топиб олиш илинжида юришади ишқилиб. Худога шукур, ҳозир ишлаб турибман. Доим хушёр бўлиб юраман. Ҳозир Қашқадарёда 3-4 киши қолдик бу иш билан шуғулланадиган. Ниятим, бизнинг сафларимиз ҳам кўпайса, ҳуқуқпарварлар сони ошса. Халқимиз ўзи ҳуқуқини, қонунни таниса, шунда бир ўзгариш бўлади деб ўйлайман.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Рукнимизнинг кейинги меҳмонлари кимлар бўлишини истайсиз?

Бу ҳақдаги фикрларингизни кутиб қоламиз.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ