Гулноранинг шериклари ҳукм этилди

  • 13 Июл 2014
Image copyright none
Image caption Гаяне Авакян Гулнора Каримованинг яқин бизнес ҳамкорларидан бўлгани айтилади

Ўзбекистондан келаётган хабарларга кўра, Президент Каримовнинг тўнғич қизига шерик бўлган икки шахс бир неча йиллик қамоқ жазоларига ҳукм қилинган.

Президент тўнғичининг яқин ҳамкори бўлган Рустам Мадумаровга 10 йиллик қамоқ жазоси берилган. Аммо суд залида умумий авф қўлланиб, жазонинг учдан бир қисми бекор қилинган.

Гаяне Авакян эса бошида 9 йилга ҳукм этилган, аммо умумий авф қўлланилиб, 6 йиллик қамоқ жазоси тайинланган.

Маҳкумларга яқин манбаларга кўра, улар маҳкама қарорига қарши шикоят аризаси билан мурожаат қилишади.

Гулнора Каримованинг ўзи ҳақидаги сўнгги хабарлар эса анча зиддиятли.

Ўзбекистон ҳукуматига яқин uzmetronom.com вебсаҳифасига кўра, Гулнора Каримова бир неча кун олдин Болтиқбўйидаги бир мамлакатда ўз туғилган кунини нишонлаган.

Гугуша атрофидаги машмашаларни кузатиб келаётган манбалар ҳам Гулнора Каримова Ўзбекистонни аллақачон тарк этган, деб айтишмоқда.

Аммо унинг хорижда яшаётган ўғли, яъни кичик Ислом Каримов ўз онаси ҳамон Ўзбекистонда уй қамоғида қолаётганини таъкидламоқда.

Қозонга яқин юрсанг...

"Дадо" гуруҳи хонандаси бўлган Рустам Мадумаров ўтган йиллар давомида Гулнора Каримова билан жуда яқин тижорий ва шахсий муносабатларда бўлгани айтилади. Айрим вебсаҳифалар эса уни ҳатто Гугушанинг фуқаровий эри, деб ҳам таърифлашган.

Гаяне Авакян эса бир неча Оврўпо давлатларида бошланган пул ювишга оид ишларда номи тилга олинган шахс бўлиб, Гулнора Каримовага боғлиқ тижоратларни юритгани даъво қилинганди.

Оврўпода бошланган текширувларда у гумондорлар рўйхатига тушиб, номи Ўзбекистон президенти тўнғичига боғланган пайтларда ҳам Гулнора Каримова ўзи ва Гаяне Авакяннинг биргаликда тушган расмини "абадул-абад дўстлар" каби изоҳлар билан интернет саҳифаларига жойлаганди.

Ҳозирда Гулнора Каримова ўз тижорат салтанатидан айрилган ва уй қамоғида сақланмоқда, деб ишонилади.

Айримлар бу воқеалар ортида келаси йил кутилаётган президентлик сайлови олдидан бошланган қудрат талашишни кўришади.

Бошқа таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистон раҳбарияти гўё Гулнорани жазолагандек бўлиб, дунё кўзи учун саҳналаштирилган томоша қўяётган бўлиши мумкин.

Хусусан, Гулнора Каримовага нисбатан ҳалича Ўзбекистонда бирон айблов илгари сурилгани ёки унинг шериклари тортилган маҳкама ишларига алоқаси хусусида ҳеч қандай хабар йўқ.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ