Гулноранинг шериклари яна маҳкамага тортиладими?

  • 15 Июл 2014
Image caption Мадумаров ва Авакян Гулнора Каримова бизнес империясидаги энг асосий ўйинчилардан эдилар

Би-би-си манбаларидан олинган хабарларга кўра, Гулнора Каримованинг яқин ҳамкорлари кўрилган Гаянэ Авакян ва Рустам Мадумаровга нисбатан чиқарилган ҳукм ҳозирча фақат "одам ўғирлаш" ва "товламачилик" айбловлари асосида чиқарилган.

Тошкентдаги бир манбанинг Би-би-сига айтишича, мазкур ҳукмлар Каримова хонимнинг собиқ бош ҳисобчиси ва бир вақтлар Гулнора Каримованинг энг ишончли ходими ва "ўнг қўли" деб кўрилган Нурмуҳаммад Содиқовнинг ўғирлаб кетилиши ва номаълум жойда ушлаб турилиши ишига боғлиқ.

Манба, айни дамда, Авакян ва Мадумаровларга қарши иқтисодий жиноятлар, хусусан солиқдан бўйин товлаш бўйича маҳкама иши давом этаётганини айтади.

Агар ҳақиқатдан шундай бўлса, бу Авакян ва Мадумаровга нисбатан яна янги маҳкама ишларининг ўтказилишини англатадими?

Тошкентлик адвокат Руҳиддин Комиловнинг Би-би-сига айтишича, Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексига биноан, терговнинг бир қисми бўйича суд ҳукми чиқарилиши ва жиноий таркиби бўлган бошқа ҳаракатлар тергов этилишда давом этиши мумкин.

"Қолган эпизодлар бўйича алоҳида суд бўлади. Демак, ҳали тергов ҳаракатлари давом этаяпти, ва тугалланмаган хулосалар бор, дегани бу. Одам ўғирлаш бўйича ҳукм чиққан бўлса, демак, бу ҳолат бўйича суд иши ниҳоясига етган. Судни бирлаштириш, терговни бирлаштириш бизнинг қонунчиликда кўзда тутилган. Суд бошқа ҳолатлар учун ажрим чиқариши шарт эмас, у ҳолатлар бўйича тергов давом этаверади", - дейди адвокат.

Суд иши хуфёна тарзда ўтар экан, унда қандай айбловлар илгари сурилгани ва судланганлар айнан қайси жиноятлар учун айбдор деб топилганлари ноаниқ.

Агар, судланувчилар одам ўғирлаш, яъни Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 137-моддаси бўйича маҳкамага тортилган бўлсалар, бу жиноят учун Ўзбекистонда максимум 10дан 15 йилгача қамоқ жазоси белгиланади.

Кодекснинг 84-моддасига биноан, "Солиқ ва бошқа тўловларни тўлашдан бўйин товлаш"да айбдор деб топилган шахс 3 йилдан 5 йилгача қамоқ жазосига юз тутиши мумкин. Тўланмаган солиқлар қопланган тақдирда, озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилмайди.

Президент қизининг фуқаровий эри экани ишонилган Рустам Мадумаровга 10 йиллик қамоқ жазоси берилган. Аммо суд залида умумий авф қўлланиб, жазонинг учдан бир қисми бекор қилинган ва унга 7 йиллик қамоқ жазоси белгиланган.

Гаянэ Авакян эса бошида 9 йилга ҳукм этилган, аммо умумий авф қўлланилиб, унга 6 йиллик қамоқ жазоси тайинланган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02