Ўзбек абитуриентлари ўзгаришлардан шошиб қолишди

Image caption Кўпгина абитуриентлар ҳужжат топширишга келганларида ўзгаришлар ҳақида эшитишмоқда

Олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларига оз вақт қолганида имтиҳонлар тартибига киритилган ўзгартиришлар кўплаб абитуриентларни шошириб қўймоқда.

Йил давомида айрим ҳолларда бир неча йиллар давомида ўзлари истаган факультетга ўқишга кириш учун тайёргарлик кўрган абитуриентлар кутилмаган ўзгартиришлар ортидан ўз йўналишларини ўзгартиришга мажбур бўлганлар.

Бундан ташқари ҳарбий хизматни ўтаганларга берилаётган имтиёз армия сафида хизмат қилмайдиган қиз абитуриентлар учун муаммо сифатида юзага чиқмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг «Республика олий таълим муассасаларига қабул қилиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори 2014 йил 30 апрелда имзоланди.

Ундаги ўзгартиришларга қаралса, энди математика бўйича саволлар туркумига олтита информатика бўйича ҳам саволлар киритилади.

Абитуриентлар ўқишга камида тўққиз ой тайёргарлик кўришаётганини айтишади. Бошқа фандан олтита саволнинг қўққисдан киритилиши уларнинг яхши натижага эришиш имкониятларини тушириб юбориши мумкин.

Сюрприз

Жиззахлик Нодира етти ойдан бери холаси билан Жиззах Педагогика Университетига кириш учун тайёргарлик кўради.

Унинг холаси аввал бошдан Мактабгача таълим факультетига кирмоқчи бўлган, бироқ ҳужжатларни топширишга борган вақти факультетга кириш фанлари тубдан ўзгарганига гувоҳ бўлган.

"Олдин она тили ва адабиёт, иккинчи блоги - тарих ва учинчи блоги биология эди. Ҳозир биринчи блок - математика, иккинчи блок - она тили ва адабиёт, ҳамда учинчи блок инглиз тили бўлган. Бу нарса холам ўша факультетга топшириш учун борганида маълум бўлди. Энди холам ноиложликдан Бошланғич таълим факультетига топширишга мажбур бўлаяпти", - дейди Нодира.

Натижада математикадан тайёргарлик кўрмаган абитуриентлар, ўзларининг қизиқиши бўлмаса ҳам, она тили ва адабиётдан имтиҳон топшириш мумкин бўлган бошқа факультетларга ҳужжат топширишга мажбур бўлмоқда.

Олий таълим вазирлиги қабул имтиҳонлари тўғрисидаги ўзгартиришлар нима учун айнан имтиҳонлар арафасида қабул қилингани ва бу абитуриентларга ноқулайликлар келтириб чиқаргани борасида изоҳ бермаган.

Ҳарбий имтиёз

Абутуриентларга ноқулайликлар фақат бу билан чекланиб қолмайди. Ҳарбий хизматдан тавсиянома олиб келганларга бериладиган имтиёз ҳам армияга боролмаган бошқа йигитлар ёки одатда бормайдиган қизлар учун катта муаммо туғдирган.

Ҳарбий қисмдан тавсиянома олиб келган собиқ аскарлар ўқув юртларига киришда тўплаш мумкин бўлган энг юқори балнинг 27 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклида имтиёзга эга бўлади. Бу 61,2 баллга тенг.

Нодира топширган факультетга айни вақтда тўққизта ҳарбий қисм тавсияномасига эга абитуриент ҳужжат топширган. Атиги 10та бюджет асосида берилган ўринларларни эгаллашга айнан ушбу абитуриентларнинг имкони катта бўлиб турибди.

"Армиядан келиб имтиёз олиб келганларни кириш балли каттароқ факультетларга топширсайди, деб ўтирамиз. Чунки уларнинг ҳеч бўлмаганда шартнома асосида кириши аниқ. Агар улар топширган факультетга балли етмаса, ўша балли етадиган факультетга кўчириб беришади", - дейди Нодира.

Ҳарбий тавсияномага эга бўлган абитуриентлар аризасида иккита Олий таълим муассасасини кўрсатишади. Биринчиси - ўзлари ҳужжат топшираётган ўқув юрти, иккинчиси эса йўналиш бўйича тест синовлари топширадиган фанлар мажмуаси (блоки) ва таълим соҳаси мос бўлган яна бошқа олийгоҳ.

Бу каби имтиёз бошқа абитуриентларга берилмаган.

Жилмайинг!

Олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларида иштирок этиш учун бу йил расмлар олийгоҳнинг ўзида тушириладиган бўлган. Абитуриентларнинг бошқа ерда тушиб келган расмлари қабул қилинмаяпти.

Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси ҳозир университет қабул комиссиясида ишлаётган Хушнуд Худайбердиев Твиттердаги саҳифасида ушбу қарор абитуриентлар учун қўшимча ҳаражат эканлигин ёзган ва ушбу пулларнинг қаерга кетаётгани билан қизиққан.

"Жорий йилда ОТМларга 500 мингдан ортиқ абитуриент ҳужжат топшириши кутилмоқда. Ҳаммасини мажбуран расмга олсак, бюджет қуйидагича бўлади. Ўртача олтита расмни уч минг сўмдан деб олсак, республика бўйича бир ярим миллиард сўм бўлади. Бундай катта маблағ қаерга кетади? Кимнинг чўнтагига?" - дея савол беради университет ўқитувчиси.

Худайбердиев ушбу амалнинг қонуний асоси йўқлигини ва аҳолига эълон қилинмаганини ёзади. Ва бу хаосга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантиради.

Айни кунда Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларига 300 мингдан ортиқ абитуриент ҳужжат топширган. Олий ўқув юртлари жами 62 минг 900та йигит қизни ўқишга қабул қилади. Абитуриентлар сони 20 июлгача 500 мингтага етиши кутилмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer