Ангренда икки қаватли бино бутунлай ёниб кетди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Uz24

Чоршанбага ўтар кечаси Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида жойлашган икки қаватли хусусий тижорат дўконида ёнғин содир бўлган.

Бир неча соат давом этган ёнғин натижасида бино бутунлай вайрон бўлган.

Ҳодисада ҳеч кимнинг жабр кўрмагани айтилмоқда.

Ёнғин сабаблари маълум эмас.

Uz24.uz нашри тарқатган хабарда айтилишича, ёнғинни бартараф этишда 10 дан ортиқ ўт ўчириш машиналари қатнашган.

Би-би-сига ҳодисани тасдиқлаган Ички Ишлар вазирлигидаги манбаънинг айтишича, ҳозирда ҳодиса сабаблари ўрганилмоқда.

Унинг сўзларига кўра, ёнғин тунги соат 1.10 дақиқа ўтганда бошланган ва тонгги 4 дан 4 дақиқа ўтгунича давом этган.

Тошкент вилоят Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси навбатчисининг Би-би-сига билдиришича, тижорат дўконининг 1-қаватида озиқ-овқат, иккинчи қаватида эса кийим-кечак сотилган.

Унга кўра, ёнғин супермаркет жойлашган 300 квадрат метрлик майдонни қамраб олган.

Расмийлар ёнғин сабаблари текширилаётгани ва ҳозирча ҳеч қандай фараз йўқлигини айтишмоқда.

Уларга кўра, ҳеч қандай портлаш бўлмаган.

Ички ишлар вазирлигидаги манбаънинг Би-би-сига айтишича, текширувлар натижасига кўра, прокуратурага жиноят иши очиш-очишмаслик ҳақида тақдимот киритилади.

Бундан аввал, жумладан, Андижон ва Марғилондаги йирик тижорат марказларида содир бўлган ҳодисаларда ёнғин камомадни ёпиш учун қасддан уюштирилгани ҳақидаги фаразлар айтилганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ