"Чалма ва таппига инновацион ёндашиш"

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Дўконимда ўтириб, зўр бир ғоя калламга келди. Буни бизнес ғоя деса ҳам бўлаверади. Энди, гаппи очиғи, таги янги ғоя эмасу лекин аллақачон амалда қўллана бошлаган ишга янгилик киритмоқчиман. Мен нима демоқчиман!? Демоқчиманки, "ёз ёпинчиғинг қўйма, қишда ўзинг биласан," деган нақлга амал қилиб шу кунларда зўр бериб чалма ва таппи йиғаётган уддабурон одамларнинг ишини янада енгил қиладиган янги таклифни ўртага ташламоқчиман.

Хуллас, бу ажойиб янгилик калламга қандай келганини бир бошдан айтсам. Биласиз, ҳозир одамлар ёзнинг жазирамасида дув-дув терга босиб, иссиқдан нолиб юрибди. Лекин ҳали замон қиш-қировли кунлар келганида совуқдан дилдираб тўнга ўранганча яна нолиш бошланади. Буни кўпчилик билмайди, дейсизми. Билади, ана ўша биладиганлар шу кунларда қишлоқма-қишлоқ юриб, одамларнинг қўйхонаю молхонасидан чалма кўчирмоқда, далаларда тезак ва таппи йиғмоқда. Қишда мазза қилиб уй иситиш учун. Газ ҳақида гапиришга ҳожат йўқ.

Энди бу таппи ва чалмани авваллари одамлар шундоғича печкага қалаган эди, энди унга ишлов беришга ўтишган. Тунов куни дўконимга узоқ қишлоқдан бир танишим келди, пешонасидаги терини артиб бўлгач, қўйхонасидаги чалмани сотгани ҳақида гапириб қолди. Айтишича, бир шаҳарлик икки нафар мардикорни етаклаб келиб уларга чалма кўчиртирибди. Кейин чалма ва молхонадан чиққан таппиларни бир ўрага ташлаб, сувга пишитиб, унга кўмирнинг майдаси ва апилка қўшиб, кир совундек келадиган шаклда "ғишт" қуйдирибди. Бу ғиштларнинг ҳар бири қишда тиллога тенг бўлармиш. Танишим бу уддабуронликдан ҳайратга тушиб гапирди.

Хуллас, икки давангир ўғли ғирт бекорчи эмиш, шуларни йўлга солиб, ёнувчи ғишт ишлаб чиқармоқчи эмиш. Яхши бизнес экан. Мени ёнимга келгунча, йўлма-йўл, қишлоқма-қишлоқ бу бизнес келажаги ҳақида суриштирибди.

Вой-бўй! Одамлар аллақачон анча илгарилаб кетган экан. Далаларда тезак йиғиладиган майдонларнинг ҳам ўз хўжайини бор эмиш. Бировни қўйхонасидаги чалмага эга чиққанлар эса сон-саноқсиз. Бу бизнесда рақобат кучли экан. Танишим ҳам анойи эмас, бир иш қиладиган бўлса, астойдил енг шимариб киришади. Хуллас, у мини-ғишт завод сотиб олгани Тошкентга келибди. Хоҳласа, қурилишга хом ғишт, хоҳласа, таппи ва чалмадан ёнувчи ғишт тайёрлайди. Мендан маслаҳат олмоқчи...

Энди мен нима дердим!? Қандингни ур дейманда. Локин икковимиз кўк чойни пўриллатиб ичиб турганимизда калламга ажойиб фикр келди.

Танишимдан апилка ва кўмир кукуни қўшилган тезак-ғишт яхши ёнадими, деб сўрадим.

"Энди бошланишида роса оппоқ тутун ҳайдаб бурқсийди, бир қизиб олганидан кейин яхши ёниб кетади," дейди у.

Ҳа ана, ҳамма гап мана шу ерда. Қайсидир бензинга қандайдир модда қўшиб ёнувчанлигини оширади деб эшитганим бор эди. Демак, тезак-ғиштга ҳам қандайдир кимёвий модда қўшилса ёнувчанлиги ошади, печкадан бурқсиб тутун чиқмасди шунда. Бизда нима кўп, кимё заводлари кўп, суриштирилса, шулардан биттасида арзонроқ шунақа модда ишлаб чиқарса бўлади. Бу моддани сотувга чиқариб, мини ғишт завўдларда ёнувчан ғишт ишлаб чиқариш кенг йўлга қўйилса, олам гулистон, қанча-қанча мевали дарахтлар кесилиб кетишининг олдини олган бўламиз.

Хуллас, ҳозир бошим қотиб турибди, бу янги ғояни кимга йўлласам экан деб. Ахир бу анъанавий ёқилғи манбаларидан фойдаланишда инновацион тажриба қўллаш эмасми!? Бизнес режамни "Чалма ва таппига инновацион ёндашиш" деб атасам эканми...

Бу мавзуда батафсилроқ