Ўзбекистон аҳолисининг сони 31 миллиондан ошган

Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов мамлакат ғаллакорларига табригида маълум қилган.

16 июл куни Ўзбекистон матбуоти Президент Ислом Каримовнинг рекорд даражада кўп дон ҳосили йиғиб-териб олингани ҳисобот берилгани муносабати билан табриги матнини эълон қилган.

Бу табрикда 2014 йилда Ўзбекистонда 8 миллион 50 тонна ғалла ҳосили етиштирилгани, Ўзбекистон аҳолисининг сони эса 31 миллион кишидан ошгани хабар қилинади.

"Бундан 23 йил олдин биз 21 миллиондан зиёд аҳолимизнинг эҳтиёжи учун зарур бўлган 5 миллион тонна ғаллани четдан, катта-катта маблағлар эвазига, кимларгадир муҳтож бўлиб, ялиниб-ёлвориб олиб келишга мажбур эдик. Бугунги кунда эса биз 31 миллиондан ортиқ аҳолимизни ўз донимиз, ўз беминнат нонимиз билан тўла таъминлабгина қолмасдан, балки чет элга ғалла экспорт қиладиган мамлакатга айландик", дейилади Президент Каримов табригида.

Бу агар Ўзбекистон статистика қўмитаси тақдим этган рақамларга ишониладиган бўлса, шу йилнинг бошидан мамлакат аҳолиси сони 1 миллионга кўпайганини англатади.

Ўзбекистондаги Интернет нашрлар март ойида Ўзбекистон Статистика қўмитаси матбуот хизматининг 2014 йил 1 январигача бўлган аҳоли сонини эълон қилган.

Госкомстат маълумотига биноан, 2014 йил бошида Ўзбекистон аҳолиси сони 30 миллион 488 минг 600 кишини ташкил этган.

2013 йилнинг январидан декабр ойигача аҳоли сони 495100 кишига кўпайган, дея хабар қилган эди Ўзбек статистика идораси.

Ўзбекистон мустақил бўлганидан буён аҳолини тўлиқ рўйхатга олиш ишларини ўтказмаган.

Энг охирги рўйхатга олиш Шўролар замонида - 1989 йилда олиб борилган.

2011 йил 21 мартидан 30 апрелигача Ўзбек ҳукумати аҳоли сони билан бирга халқнинг аҳволини ўрганишга қарор қилган, бироқ бу ўрганишлар натижалари жамоатчиликка маълум қилинмаган.

25 йил мобайнида аҳолини рўйхатга олиш ишлари ўтказилмагани сабабини айрим кузатувчилар бунинг учун катта маблағ талаб қилиниши билан изоҳлашади.

Аммо тўлақонли рўйхатга олиш жараёни Ўзбекистон ҳукуматининг аҳолининг ижтимоий-иқтисодий аҳволига оид расмий маълумотларини савол остига қўйиши ҳам мумкин.

Бу мавзуда батафсилроқ