Қорақалпоғистонда бўлгинчилик ҳаракатлари мавжудми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption "Қорақалпоғистоннинг Ўзбекистон ажралиб чиқишга қонуний ҳаққи бор", дейди Омон Сагидуллаев

Ўзбекистон расмийлари илк бор Қорақалпоғистон мухтор республикасида бўлгинчилик ҳаракати шарпалари мавжудлигини тан олдилар.

Шу вақтга қадар "Олға Қорақалпоғистон" ҳаракати ҳақидаги хабарлар на тасдиқланган ва на инкор қилинганди.

Аммо, жорий ой бошларида Ўзбекистон ҳукумати ҳаракат раҳбари Омон Сагидуллаевга нисбатан маҳаллий ва халқаро қидирув эълон қилди.

Омон Сагидуллаевга нисбатан қаллоблик ва пулларни ноқонуний ўзлаштирганлик айбловлари илгари сурилди.

Бу билан мамлакат матбуотида биринчи марта мазкур ҳаракат ва унинг раҳбари номи тилга олинди.

Омон Сагидуллаев “Агроинтехника" ҳиссадорлик жамияти раиси бўлиб ишлаган даврида давлатга қарашли 2 миллиард сўм (давлат курси бўйича 1 млн доллар) пулни ноқонуний ўзлаштирганликда айбланиб, прокуратура томонидан ўз мансабини суистеъмол қилиш, давлат мулкини талон-тарож қилиш каби моддалар асосида жиноий иш қўзғатилган. Расмий баёнотда ҳозир унинг қочиб юргани айтилади.

Мазкур даъволар Қорақалпоғистонда бўлгинчилик ҳаракати мавжудлигидан далолат қиладими?

Сиёсий таъқиблар

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbcuzbek.com
Image caption Расмийларнинг Қорақалпоғистондаги ривожланишлари ҳақида айтганлари ҳаёт ҳақиқатларига мос тушмаслигини урғуланади

Украинадаги ҳодисалар йирик сонли миллий озчиликлари ва бўлгинчи гуруҳлари бўлган кўплаб собиқ Шўро мамлакатларида асабийлик уйғотди.

Аммо, Қорақолпоғистоннинг Ўзбекистондан ажралиб чиқишга интилаётгани юзасидан далиллар жуда оз.

Ўзбекистон ҳукумати "Олға Қорақалпоғистон" ҳаракати раҳбари деб атаган Омон Сагидуллаевнинг Би-би-си Марказий Осиё Хизматига айтишича, унинг ташкилоти ҳам бирон бир ноқонуний ишга қўл ураётгани йўқ.

Ўзига қарши илгари сурилган катта миқдордаги пулларни ноқонуний ўзлаштиришга оид айблов ҳақида сўраларкан, Сагидуллаев сиёсий таъқибга дуч келганини даъво қилди.

"Ҳақиқатдан мени сиёсий важлар билан таъқиб қилишяпти. Қорақалпоғистондан қочиб чиқишга мени Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизматлари мажбурлади. 14 июн 2011 хотиним билан бирга маҳкамага тортишди, мени таъқиб қила бошлашди. Телефонларим эшитилди, бизни кузатув остига қўйишди. Уларга қарши қонун йўли билан курашиш йўллари бўлмагач, меннинг Ўзбекистонни тарк этишимга тўғри келди", дейди Омон Сагидуллаев.

Жаноб Сагидуллаев Би-би-си билан номаълум манзилдан телефон орқали суҳбатлашди.

Айни пайтда Қорақалпоғистоннинг на Адлия ва на Ички ишлар вазирлиги унга қарши айбловлар аниқ моҳияти ҳақида бизга ҳеч қандай изоҳ бермади.

Баъзи экспертлар Сагидуллаев сиёсий фаолияти учун жазоланаётган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги даъволарга қўшиладилар.

Бошқаларга кўра, айбловлар мутлақ ва ё қисман тўғри бўлиши мумкин. Улар буни Омон Сагидуллаевнинг собиқда юқори лавозимларда олиб борган фаолиятлари билан боғлайдилар.

Аммо, Сагидуллаев айбловларни қатъиян рад этади.

Шунингдек, у "Олға Қорақалпоғистон" ҳеч қандай зўравон ҳаракатни дастакламаслиги ва ё Қорақалпоғистон мустақиллиги борасида тезкор талабларни илгари сурмаётганини айтади.

Омон Сагидуллаевга кўра, гуруҳ фақатгина минтақанинг Ўзбекистон конституцияси асосидаги барча ҳақ-ҳуқуқлари, жумладан, мустақиллик бўйича референдум ўтказиш ҳуқуқи таъминланишини истайди.

Шу боис, у на ўзи ва на "Олға Қорақалпоғистон" ҳаракати бўлгинчи эмаслигини таъкидлайди.

"Қорақалпоғистон республикаси бугунги кунда ўзининг конституцияси, мадҳияси, байроғи ва бошқа мустақил давлатга хос белгиларига эга. Бизда ҳеч қачон қуролланиш ёки экстремистик ё-да, радикал ҳаракатларга чақириқлар бўлмаган", дея қўшимча қилади Сагидуллаев.

Конституцион ҳуқуқлар

Совет Иттифоқи парчаланиб, республикалар бирин-кетин мустақиллик эълон қиларкан, Ўзбекистоннинг 1992 йилги конституцияси асосида Қорақалпоғистонга мухтор республика мақоми берилади.

1993 йилнинг апрелига бориб Қорақалпоғистон бош қонуни ишлаб чиқилади.

Шу ўринда Қорақалпоғистоннинг мухтор жумҳурият деган мақоми тасдиқланади ва минтақа референдум орқали мустақилликка эришилиши мумкинлиги айтилади.

Мухтор ўлка сиёсати нисбатан тинч ва барқарор бўлиб келган эса-да, Ўзбекистон таркибидан ажралиб чиқишга оид чақириқлар кузатилди.

90 йиллар сўнгида хабарларда раҳбарлари ва ё аъзолари ҳақида бирон бир тафсилотларсиз "Эркин Қорақалпоғистон" каби гуруҳлар пайдо бўлгани хусусида гапирилди.

Жорий йил бошларидан Қорақалпоғистон бу каби фаолиятлар кучайганига гувоҳ бўлди.

Бундай саъй-ҳаракатлар кўпи Россия ва Қозоғистонда жойлашган ижтимоий тармоқларда ўз аксини топди.

Бироқ, айрим манбаларга кўра, Қорақалпоғистоннинг ўзида қатор фаоллар референдум ўтказишга чақирувчи варақалар тарқатганлик гумонлари билан қўлга олинган.

Мазкур варақалар эса, "Олға Қорақалпоғистон" ҳаракати номидан босилган.

Украинада "ўт ёқсам..."

Баъзи ғарблик кузатувчилар бундай ҳаракатлар кучайишини Қрим ва Украина шарқидаги ҳодисалар ривожига боғлашади.

Аммо, Омон Сагидуллаев ташқи кучлар ва давлатлар аралашуви ёҳуд нотинчлик уйғотишга уринишларга оид фаразларни рад этади.

"Айрим одамларнинг айтишига қараганда, бизга ҳар турли айбловлар ёпиштирилмоқда. Аммо, Қорақалпоқ мухолифати, менинг билишимча, ташқи манфаатларга эга ҳеч бир мамлакат ва ё гуруҳдан молиявий дастак олган эмас. Қорақалпоқ озодлик ҳаракати фаоллари ўзларининг фуқаролик мавқеъларини намойиш қилишмоқда", дейди у.

Ўзбек ҳукумати эса, Қорақалпоғистонда бўлгинчилик ҳақидаги ҳар қандай миш-мишни қатъиян инкор қилиб келган.

Расмийларга кўра, минтақада яшаш шароитлари яхшиланган ва у шиддат билан ривожланмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Қорақалпоғистондаги вазият Орол денгизи қуриб бораётгани билан боғлиқ экологик ҳалокат манзарасида урғуланади

Бироқ, бу каби даъволар Қорақалпоғистон ва бутун мамлакат иқтисодий аҳволи юз минглаб одамларни Россия, Қозоғистон каби хорижий давлатлардан иш излашга мажбурлаётгани ҳақиқатига зид тушади.

Қорақалпоғистондаги вазият Орол денгизининг қуриб бораётгани билан боғлиқ экологик ҳалокат манзарасида урғуланади.

Қорақалпоғистондан ўн минглаб одамлар бугун хорижда ва кўплаб ғарблик ва маҳаллий кузатувчиларга кўра, ижтимоий матбуотда пайдо бўлган мустақилликни тарғиб қилувчи саъй-ҳаракатлар ана шу муҳожирлар жамоасидагилар томонидан олиб борилаётган бўлиши мумкин.

Ўз исмини ошкор қилмаслик шарти билан Би-би-сига гапирган кузатувчилардан бири умумий норозилик ва миллатчилик кайфиятларини ажратиш қийинлигини айтади.

"Бешафқат ва қаттиққўл диктатура ҳукумрон Ўзбекистон каби мамлакатда қандайдир сиёсий қарашни изҳор қилиш қарийб имконсиз, мухолиф қарашларни ҳали четга қўя туринг. Оддий аҳоли орасида иқтисодий қийинчиликлар, ишсизлик, қашшоқлик, экологик ва ижтимоий муаммолардан норозиликлар ва умидсизликлар кенг ёйилган. Аммо, бу муаммолар билан Ўзбекистондаги барча одамлар юз келишмоқда. Шундай экан, умумий норозиликлар ва қорақалпоқ миллатчилигини ажратиш мушкул. Зиёлилар орасида миллатчилик кайфиятларини пайқаш мумкин. Лекин, улар бу ҳиссиётларини ифодалашга ўта эҳтиёткорлар".

Жаноб Сагидуллаев ўзи ҳам "Олға Қорақалпоғистон"га нисбатан дастак кўлами ва ё унинг молиявий аҳволи борасидаги иддаоларни аниқ далиллар билан тасдиқлай олмайди.

Қорақалпоғистон бўйича бошқа мутахассислар эса, муҳожиротдаги фаолларни ўнлаб дейиш билан чекланишади.

Украинадаги ҳодисалар мустақиллик орзусида бўлган фаоллар Россиянинг миллий озчиликлар манфаатларини дастаклашга қаратилган ҳар қандай ҳаракатларидан рағбат олишлари мумкинлигини урғулади.

Прагадаги Халқаро тадқиқотлар институтидан Славомир Ҳорак (Slavomír Horаk): Биз Қримда жорий йил баҳорида юз бергани каби ҳодисалар бундай ҳаракатлар, кайфиятлар ва фаолиятларни янада жунбушга келтиради, деб тахмин қилишимиз мумкин. Чунки, бу одамлар Россия хорижий давлатдаги марказий ҳукуматдан норози бўлган аҳолини қўллаб-қувватлашини кўришди. Ва улар Қримдаги кайфиятлардан Қорақалпоғистон мустақиллигига оид мақсадлари йўлида тўғри ва ё нотўғри йўлда фойдаланишлари мумкин".

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ