Бош прокуратура Гулнора Каримованинг яқинлари ҳукм этилганини тасдиқлади

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг веб саҳифасида Президент Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг яқинлари деб кўрилган шахслар устидан ҳукм ҳақида қисқа хабар берилган.

Бу деярли тафсилотсиз бўлган хабарда айтилишича, " Ўзбекистон республикаси Ҳарбий суди томонидан Р.Мадумаров, Г. Авакян ва бошқаларга (жами 13 нафар шахс) нисбатан бўлган жиноят иши юзасидан 2014 йил 24 - май куни чиқарилган айблов ҳукми асосида судланувчилар содир этган жиноятлари учун эълон қилинган айбловлар бўйича айбли деб топилиб, уларга узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо тайинланган.

Бундан ташқари, жиноят ишининг юқорида кўрсатилган шахсларнинг айрим жиноий шерикларига нисбатан бўлган қисми алоҳида иш юритувга ажратилган ҳамда уларга нисбатан муносабат хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат қўлланган". Ғализ ёзилган бу хабарда деярли янги тафсилот йўқ.

Ўзбекистон Бош прокуратураси хабарининг сўнгги жумласи эса бу иш билан боғлиқ вазият каби ўта чалкашдир.

Аввалроқ олинган хабарларга кўра, Президент тўнғичининг яқин ҳамкори бўлган Рустам Мадумаровга 10 йиллик қамоқ жазоси берилгани айтилганди.

Аммо суд залида умумий авф қўлланиб, жазонинг учдан бир қисми бекор қилинган.

Гаяне Авакян эса бошида 9 йилга ҳукм этилган, аммо умумий авф қўлланилиб, 6 йиллик қамоқ жазоси тайинланган.

Илгарироқ мамлакат Бош прокуратураси Рустам Мадумаров ва Гаянэ Авакянларни қатор иқтисодий жиноятлар, жумладан, солиқ ва валюта жиноятларида айблаганди. Би-би-си манбаъларига кўра, Тошкентдаги ҳарбий маҳкама ёпиқ эшиклар ортида ўтган ва, манбаларнинг айтишларича, иккавлон миллий хавфсизлик хизмати ходимлари билан бир қаторда одам ўғирлашда айбланиб, ҳукм этилганлар.

Манбалардан бирининг Би-би-сига айтишича, мазкур маҳкама Гулнора Каримованинг собиқ бош ҳисобчиси Нурмуҳаммад Содиқовнинг ўғирлаб кетилгани, ҳибсда мажбуран ушлаб турилгани ва калтаклангани билан боғлиқ. Манба, айни дамда, иқтисодий жиноятлар бўйича тергов давом этаётганини айтади.

Гаянэ Авакян ва Рустам Мадумаров Оврўпода олиб борилаётган иккита йирик жиноят иши марказидаги шахслардир. Швециянинг Телиасонера ширкати Гулнора Каримовага яқин одамларга миллионлаб доллар пора бергани ҳақидаги даъволар юзасидан Швецияда бошланган тергов кейинроқ Швейцария, Франция ва бошқа давлатларга ёйилган. Айни тергов доирасида Гулнора Каримовага тегишли қатор манзилларда рейдлар ҳам ўтказилган.

Гулнора Каримова ўз тижоратидан айрилган ва уй қамоғида сақланмоқда, деб ишонилади. Унга нисбатан Ўзбекистонда бирон айблов илгари сурилгани ёки унинг шериклари тортилган маҳкама ишларига алоқаси хусусида ҳозирга қадар ҳеч қандай расмий хабар янграмаган. Унинг хорижда яшаётган ўғли, яъни кичик Ислом Каримов ўз онаси ҳамон Ўзбекистонда уй қамоғида қолаётганини таъкидламоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ