"Аросатда қолганлар" ёки сўхликлар бугунига бир назар

  • 22 Июл 2014
Image copyright centralasiaonline.com
Image caption Ўтган январ ойидан буён 70 минг нуфузи бўлган Сўх тумани амалда Ўзбекистондан айрилиб қолган

Фарғона вилоят Сўх тумани аҳолиси энг оғир ва қийин даврларни бошидан ўтказмоқда.

Сўхликлар анклав шароитида яшайди.

Уларга икки томон ҳам ҳар куни тазйиқ кўрсатади.

Бир томондан Ўзбекистон чегарачиларию божхона ходимларининг дағал муомаласиву муносабати бўлса, иккинчи томондан қирғиз чегарачилари, божхонаси ходимлари, йўл назорати ходимлари ва алламбалолар дастидан дардларини кимга айтишни билишмайди.

Айниқса, 2013 йилнинг январ ойида руй берган ҳодисалардан кейин сўхликларининг ҳолини ҳеч ким сўрамайдиган бўлган.

Аслида нима бўлганди?

Воқеага шоҳид бўлганларнинг ҳикоя қилишича, қирғизистонликлар Ҳушёр қишлоғи ҳудудидаги экинзор ерлар орқали электр ёғочларини ўрната бошлашади.

Ҳушёр қишлоқ фуқаро йиғини собиқ раиси Асқарали Болтаев дарҳол туман марказига келиб туман ҳокими Таваккал Раҳимов, ҳамда хавфсизлик ва ички ишлар бўлими мулозимларини воқеадан хабардор қилган.

"Агар бориб бу жараённи тўхтатмасаларинг, низо келиб чиқиши турган гап," - деб огоҳлантиради Асқарали Болтаев.

Аммо на туман ҳокими ва на бошқа идоралар раҳбарлар фуқаролар йиғини раиси гапига аҳамият беришади.

Расмийлар ёрдамидан умидини узган Ҳушёр аҳолисининг бир гуруҳ ёшу қариялари бориб, қирғизлардан симёғочлар ўрнатишни тўхтатишни, акс ҳолда, аллақачон ўрнатилган симёғочларни бузиб ташлашлари ҳақида огоҳлантиришади.

Шунда Қирғизистон ҳарбийлари аввал осмонга, кейин гуруҳга қарата автоматдан ўқ узишади.

Отилган ўқлардан ҳушёрликларнинг беш нафари жароҳат олади.

Жавобан ҳушёрликлар қирғиз аскарлари томон ҳужум қилишади.

Воқеа жойига туман ҳокими ва бошқа мулозимлару қишлоқ оқсоқоллари етиб келиб, оломонни тинчлантиришга уринади.

Воқеадан хабардор бўлган бошқа ҳушёрликлар қишлоқнинг йўлини ўтиб кетаётган қирғиз машиналарини тўхтатиб, одамларини гаровга олишади.

"Яхшиямки ҳеч ким ҳалок бўлмади. Ярадорлар ҳаёти сақлаб қолинди. Агар мана шу низо келиб чиққан жойда бирон ҳушёрлик ўлиб қолганида борми, унда воқеанинг қай тарзда ривожланишини тасаввур этиш қийин", - дейди ҳушёрликлардан бири.

Маҳаллий аҳолига кўра, юз берган ҳодиса юзасидан жуда кўплаб ахборот воситаларида турли, кўп ҳолларда нотўғри мақолалар нашр этилган.

Бироқ Ўзбекистон давлат матбуоти бу борада лом-мим демаган.

Ўзбекистон раҳбариятига ҳам вилоят маъмурияти "Ҳаммаси жойида, тинчлик ўрнатилди," - дея ҳисобот беради.

Вилоят ҳокими билан учрашув

Image copyright ferghana.ru
Image caption Ҳаммаси қирғизларнинг электр симёғоч ўрнатишидан бошланганди, дея хотирлашади Ҳушёр қишлоғи яшовчилари

Ҳушёр аҳолиси гаровдагиларни бир неча кун давомида ушлаб туради.

Қишлоқ яшовчиларидан бирисининг айтишича, аҳоли ғазабидан чўчиган вилоят ҳокими аввалига улар билан учрашишни истамайди.

Вазият ўнгланмагач, вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев Ҳушёр аҳолиси билан суҳбатлашади.

"Агар сиз менинг гапимга кирмасангиз, гаровдагиларни озод қилмасангиз, кейинчалик ҳаётингизга ҳеч ким кафолат бермайди. Мен бу ердан кетаман, аммо сизлар кейин пушаймон бўласизлар," - вилоят ҳокими сўзларини иқтибос келтиради ҳушёрликлардан бири.

Вилоят раҳбарияти, шунингдек, Ҳушёр қишлоғидаги сув муаммосини тез кунларда ҳал қилиб беришни ваъда қилади.

Аммо, орадан бир ярим йил ўтган эса-да, вазият яхшиланмади.

"Сувсизликдан қишлоқдаги баъзи ерлар бутунлай қуриб кетди", - дейди ҳушёрлик деҳқонлардан бири. - "Кўпчилик энди томорқаларида экин экишни тўхтатишган."

Қирғиз чегарачилари ва ҳушёрликлар ўртасида юз берган тўқнашув ортидан Ҳушёр қишлоғини сув билан таъминлаб келган булоқ суви қирғизлар томонидан тўхтатилга.

Ҳушёр қишлоғи аҳолиси ўтган йили ҳар бир хонадондан 150-200 минг сўмдан пул йиғиб, сув насосини қуришган.

Аммо, маҳаллий аҳоли бу насос станцияси кўп электр энергиясини сарфлаб, одамлардан йиққан пул ҳам унга етмаётганини айтади.

Йўл азоби

Image copyright bbc
Image caption Сўхлик ҳайдовчилар анклавдан Ўзбекистонга қатнаш улрага жуда қимматга тушишини айтадилар

Сўх тумани сабзавот ва мева етиштиришга ихтисослашган.

Охирги йилларда қуримаган мевали дарахтларидан етиштирган мевалар одамлар уйларда чирий бошлади.

Сабаби маҳсулотни Қирғизистон чегараси орқали олиб ўтиш ва Фарғонанинг бошқа бозорларига олиб чиқиш имконсиз.

"Қирғизларнинг ҳар бир постига пора бериш керак. Қолаверса, ҳозирги шароитда қирғизлар ҳар бир енгил ва юк мошинасидан пул олишади. Катта юк мошинларнинг ставкаси то 500 минг сўмгача (у ҳам юкланган маҳсулоту молига қараб). Агар қиммат маҳсулот юкланган бўлса, поранинг миқдори яна кўпаяди," - дейди Сўх тумани яшовчиларидан бири.

Сўхликлар гапига кўра, агар қирғиз чагарачиси, божхона ходими ё йўл назорати ходимининг "шунча берасан" деганига эътироз билдирилса, "ставка" дарров икки ё уч, баъзида тўрту беш мартага оширилади.

"Бошқа йўл йўқ," - дейишади ҳайдовчилар.

Ҳафтада бир икки марта анклавдан Фарғона вилоятига қатнайдиган юк машинаси ҳайдовчиси дардини кимга айтишини билмаслигидан ёзғиради.

"Сўхга ё Сўхдан олиб келинган молларнинг таннархи тобора қимматлашиб кетаяпти. Агар қирғиз ва ўзимизнинг постларда турганларга узатилмаса, юкини бир қадам ҳам олғага олиб кетолмайди," - дейди юк машинаси ҳайдовчиси.

У ҳаммасидан ҳам чегарачиларнинг дағал муомаласи жонига текканини айтади.

"Худди қулга ўхшайсан. Овозингни чиқармаслигинг, жим туришинг ва айтилган гапга кўнишинг керак, вассалом!" - дейди ҳайдовчи.

Аросатда қолганлар

Image caption Сўхликлар уларни тинглайдиган ҳеч ким йўқлигини айтишади

Сўхликлар аросотда қолишган.

Ўзбекистон чегараси ва божхонасидан ўтаётган сўхликнинг ҳар бири мошинаси юкларини постда албатта тушириб, яна қайта юклаши керак.

Юклар бирма-бир божхона ходимлари назоратидан ўтказилади.

"Ахир қишин-ёзин 10-12 тонна баъзида ундан ҳам кўпроқ юкни тушириш ва яна юклаш осон ишми?! Мен ва менинг шерикларим бу муаммони бир неча марба Сўх туман ҳокимига, давлат идоралари раҳбарларига етказдик, айтдик. Аммо натижа йўқ," - дейди Шўҳрат деган сўхлик йигит.

Унинг сўзларига кўра, туман ҳокими бу масалада уларга умуман ёрдам бермас экан.

"Аксинча, фақат дўқ -пўписа билан овора," - дейди Шуҳрат.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ