Би-би-си Ўзбек хизмати Афғонистон шимолида

Image caption Би-би-си Ўзбек хизмати 20 йиллик фаолияти давомида янгиликларни холис ёритишда катта обрў орттирган.

Би-би-си Жаҳон хизмати Афғонистоннинг шимолий-ғарбий ҳудудларига Ўзбек тилидаги радио эшиттиришларини кенгроқ ёйишга қарор қилди.

Ўзбек жамоалари катта бўлган Жавзжон ва Сарипул вилоятларидаги тингловчиларга Saraish Radio 91.1 FM билан имзоланган ҳамкорлик туфайли мазкур радио Би-би-си Ўзбек хизматининг бир соатли эшиттиришларини ҳар куни маҳаллий вақт билан соат 17.30 дан бошлаб 18.30гача ҳавога узатади.

Saraish Radio 91.1 FM шахсий радио бўлиб, тингловчиларининг муҳим қисмини аёллар ташкил қилишади.

Шунингдек, радио хотин-қизларнинг маорифати ва уларнинг жамиятда тутган ўрни каби нозик масалаларга бағишланган эшиттиришлар тайёрлайди.

Saraish радиоси янгилик ва хабарларни, ҳамда ёшлар ва талиму тарбия, махсус "ток-шоу" каби эшиттириш, қисқа драма ҳамда спортга оид дастурларни ҳавога узатади.

Бу радионинг тўлқинлари бориб етадиган минтақанинг аксар ахолиси ўзбек тилида сўзлашади.

Saraish радиоси асосчиси ва президенти Фарида Раҳим Азизи бундай дейди: "Радиомизнинг ҳар бир ходими Би-би-си билан ҳамкорликдан бағоят хурсанд. Ҳамкорлик тузганимиз туфайли Би-би-си дастурлари минтақамизда яшайдиган ўзбекзабон тингловчиларимизга холис ва беғараз янгиликлар ҳамда маълумотларни етказиб бериш имконини яратади. Бу Saraish радиоси ва тингловчилари учун хушхабардир".

Би-би-си Марказий Осиё хизмати Бош муҳаррири Ҳамид Исмоилнинг айтишича, "Халқаро янгиликлар ва хабарлар Афғонинистоннинг айнан бу минтақасига осон етиб боролмайди. Saraish радиоси билан имзоланган ҳамкорлик натижасида ўзбек эшиттиришларимиз ўзбекзабон тингловчиларимиз учун мўлжалланган. Хусусан, қишлоқ жойларда истиқомат қилаётган аёлларни назарда тутсак, бу улар учун дунёнинг турли бурчакларидан янгилику таҳлиларни ўз она тилида етказиб беришни англатади."

Би-би-си Ўзбек хизмати Би-би-си Жаҳон хизматининг қисмидир.

Би-би-сиЎзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02