Ўзбекистон Америка ёрдамини қаерга сарфлайди?

Image caption АҚШ ёрдами чегара кучлари ва божхона органларини моддий-техник жиҳатдан таъминлаш лойиҳаларига сарфланади

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоллари АҚШ ҳукуматининг Ўзбекистонга 12 миллион доллар миқдорида грант ажратиш қароридан ташвиш изҳор этганлар.

Уч йил давомида юбориладиган мазкур ёрдам Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот ва божхона органларини моддий-техник жиҳатдан таъминлаш лойиҳаларига ҳамда чегара комплексларини қуришга сарфаланади.

Икки йил муқаддам Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистонга "Лабоб" ва "Олот" чегара комплекслари қурилиши учун 6 миллион доллар бериши мумкинлигини билдирган эди.

"Лабоб" ва "Олот" чегара комплексларига ажратиладиган маблағ лойиҳани ишлаб чиқиш, чегара мажмуаси иншоотлари қурилиши ва ободонлаштириш учун сарфланади.

Молиявий ёрдам Ўзбекистон ҳукуматининг донор давлатлар, хорижий ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотларидан техник ривожланиш учун беғараз ёрдамларни жалб қилиш борасидаги қарори асосида олинаётгани айтилади.

Бироқ ўзбекистонлик ҳуқуқбонлар ишонишича, Қўшма Штатлар ёрдами Ўзбекистонда "фуқаро жамияти фаоллари ва сиёсий мухолифларининг овозини бўғиш ҳамда фикр ва дин эркинлигини чеклаш"га сарфланиши мумкин.

Бу хавотирлар қанчалар асосли?

Би-би-си шу савол билан Лондондан таҳлилчи Жон Маккартига боғланди.

Жон Маккарти: Ҳа. Бир мамлакат иккинчи мамлакатга пул берса, аммо пулни олаётган давлатнинг легитимлиги чекланган бўлса ва пул бераётган мамлакат пулнинг сарфланишини назорат қилиб турмаса, маблағнинг ички сиёсий мақсадларга ишлатилиш хавфи доимо сақланиб қолади.

Би-би-си:Шундай экан ажратилган маблағни белгиланган мақсадга сарфлашни назорат қилиш бўйича аниқ халқаро тартиб борми?

Жон Маккарти: Умуман айтганда, Америка ҳукумати ўз халқига ёрдамнинг тўғри сарфланаётганини кўрсатиш учун маблағнинг устидан маълум назоратни ўрнатишга ҳаракат қилади ва баъзи ҳолларда бунга масъул бўлади. Америка конгресси мамлакатнинг чет давлатларга бераётган ёрдами қандай сарфланишини кузатиб боради. Аммо бу маблағ амалда қаерга сарфланаётганини кузатишни англатмайди, албатта. Бошқача қилиб айтганда, кузатув мавжуд бўлса-да, ёрдамни олган мамлакат уни аслида ўзи истаган соҳага сарфлаши мумкин. Яъни, ёрдам берувчи томон ёрдам олувчи томонга маблағнинг қандай сарфланиши борасида маълум шартларни қўйиши мумкин. Аммо пул берилгач, унинг устидан назоратни ўрнатиш жуда ҳам қийин бўлади. Амалда бу деярли имконсиз. Аммо, мисол учун, Ўзбекистон ҳукумати АҚШ берган пулни бошқа мақсадларга сарфласа, Америка ҳукуматидаги баъзи гуруҳлар ёки сиёсатчилар Америка ҳукуматига босим ўтказиб, бундан буён Ўзбекистонга ёрдам бермасликни талаб қилишлари мумкин. Бошқа томондан, Ўзбекистон Америкадай иттифоқчиси ва доноридан айрилиб қолмаслик учун ажратилган пулни белгиланган соҳаларга сарфлаши ҳам мумкин. Аммо, ўтмишдан яхши биламизки, Ўзбекистон сингари авторитар мамлакатда ҳокимият ўзига нисбатан жиддий хавфни сезса, бошқа мамлакатларнинг эътирозларига қараб ўтирмайди ва ўзини сақлаб қолиш учун ёрдамни ўзи истаган соҳага сарфлаши турган гап.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ