Каримовнинг узоққа чўзилган қасоси

Image caption Қашқадарёлик собиқ депутат Мурод Жўраев - Ўзбекистонда энг узоқ қамоқда қолаётган сиёсий маҳкум.

"Барча тишлари тушиб кетган, бурунларидан тинимсиз сув оқади, қон босимлари баланд, тўхтовсиз бош оғриғи, ошқозон ости бези яхши ишламайди..."

Чирчиқдаги қамоқхонада сақланаётган Ўзбекистон парламенти собиқ депутати Мурод Жўраевнинг рафиқаси Холбика Жўраева ўз умр йўлдошининг ҳозирги аҳволини ана шундай тасвирлаб, йиғлаб юборади.

Суҳбатдошимизга кўра, қамоқда унга керакли тиббий ёрдам кўрсатилмаяпти.

Сиёсатдан сиёсий маҳкумликка

Мурод Жўраев - Ўзбекистонда энг узоқ муддат, яъни 20 йилдан бери қамоқда сақланаётган сиёсий маҳкум.

1990-йиллар бошида Ўзбекистон парламенти депутати бўлган ва Муборак шаҳар ижроия қўмитаси раиси лавозимида ишлаган Мурод Жўраев СССР тарихида коммунистик тузумдан қутулиш йўлида амалий қадам қўйган илк сиёсатчилардан.

У Ўзбекистонда биринчи бўлиб коммунистик партиянинг бошланғич ташкилотини тугатган эди.

Кейинчалик парламентда ўз мустақил фикри ва танқидий қарашлари боис ҳам тилга тушган кам сонли депутатлардан бирига айланади.

Аммо Ўзбекистон ҳукумати уни 1994 йили куч билан ҳокимиятни қўлга олишга оид ҳаракатларда айблаб, узоқ йилга ҳукм этади.

Қачон озодликка чиқиш вақти яқинлашса, унга яна қўшимча муддат беришади. Ҳозиргача тўрт марта муҳлат қўшиб беришган.

Image caption Ўзбекистонда қашшоқлик, ишсизлик ва коррупция илдиз отган, аммо ҳеч ким юрак ютиб бу ҳақида айтолмайди.

Мурод Жўраев билан бирга маҳкамага тортилган шоира ва мухолифатчи Дилором Исҳоқовага кўра, биронта судланувчи ўшанда айбдор бўлмаган ва қуруқ туҳмат билан жазоланишган.

Унинг айтишича, бир марта қамоқхона ҳовлисида кийган шиппагини ювмай, ичкарига кирган, деб Мурод Жўраевга бир неча йиллик муҳлат қўшиб беришган.

"Ваҳоланки, Мурод Жўраев шиппагини ювиб, кейин ичкарига кирганини айтган" - дейди Дилором Исҳоқова.

Энг тепанинг буйруғи

Мурод Жўраевнинг яқинларига кўра эса, Муборакда уни кўпчилик ҳамон ҳурмат билан эслайди. Ва худди шу сабабли ҳам Ўзбекистон ҳукумати уни озод қилишдан қўрқади.

"Мен кўп жойларга мурожаат қилиб, анча-мунча катта мансабдорлар билан гаплашганман" - дейди унинг рафиқаси Холбика Жўраева - "Бир марта қамоқхоналар бўйича Собиров, исмли масъул шахс менга қарата, эринг халқ душмани ва шу учун ҳам ҳеч қачон қамоқдан чиқарилмайди, деган".

Холбика Жўраевага кўра, барча масъуллар ҳам Жўраевлар оиласига адоватли муносабатда эмас ва собиқ депутатни эҳтиром билан эслайдиганлар кўп.

"Баъзида расмийлар топшириқ келса, ҳозироқ чиқарамиз, аммо нима қилайлик, эрингизни қамоқда ушлаб туриш буйруғи энг тепадан келган, деб айтишади" - таъкидлайди Холбика Жўраева.

"Бир дафъа мен масъуллар билан учрашиб, озод қилсангиз, уй қамоғида бўлса ҳам ўтирадилар, ҳеч жойга чиқмайдилар, майли ўринларига мени қаманглар, деб ёлбордим" - эслайди Холбика Жўраева.

"Шунда менга айтишдики, хўп, ана Мурод Жўраевни чиқардик ҳам... Кейин минг киши, ўн минг киши энди Муборакка газ келади, свет келади, деган умидда эрингизни кўргани келади. Тез орада бу одамлар сони миллиондан ошиб кетади. Ўйлаб кўринг, қандай қилиб у кишини чиқаришимиз мумкин, деб савол қўйишганди" - дейди сиёсий маҳкумнинг рафиқаси.

Ҳали Совет даврида ҳам хориждан газчилар Муборакка келиб ишлашган. Шаҳарда йирик газ ишлаб чиқариладиган корхоналар бор. Аммо Муборак аҳли ҳозир газ, электр токи ва сув таъминотидан қийналиб яшамоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Президент Каримов ўз танқидчи ва мухолифларига нисбатан шафқатсиз.

Сўнгги 20 йил ичида аҳвол шу қадар ёмонлашгани учунми, қатор муборакликлар агар Мурод Жўраев озодликка чиқса, ўз она шаҳрида аҳволни яхшилайди, деган умиддалар.

"У киши бир неча марта кечирим сўраб хат ёзибдилар. Озодликка чиқаман, деган умидлари бор" - дейди Холбика Жўраева - "Невараларим ёнида бўлишни истайман, дейдилар".

"Аммо Ўзбекистон ҳукумати у киши озодликка чиқишини истамайди. Чунки таъсирлари ошишидан қўрқади. Кўплаб расмийлар билан гаплашиб шу хулосага келдим".

"Ҳатто яхши хулқ ва ишлари учун у кишига мақтовнома берган бир қамоқхона масъули ҳам, эрингизга фахрий ёрлиқ берганим учун менга хайфсан беришди, деганди" - эслайди Холбика Жўраева.

"У кишининг қамоқдан чиқишларига умид қилмай қўйганман" - хулоса қилади суҳбатдошимиз.

Қасосми ё қонун?

Бироқ Дилором Исҳоқованинг ўйлашича, ҳозир бутунлай соғлиғини йўқотган Мурод Жўраев мавжуд тузумга хавф соладиган аҳволда эмас.

"Менимча, Ислом Каримов унинг сиёсатини парламент сессиясида очиқ танқид қилгани учун Мурод Жўраевдан қасос олмоқда" - дейди Дилором Исҳоқова.

"Ҳали 22 йил аввал Мурод Жўраев Президент Каримовга тик қараб, унинг ижтимоий-иқтисодий сиёсати Ўзбекистон учун фойдали бўлмаслигини айтган эди".

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Дилором Исҳоқовага кўра, Президент Каримов танқид учун Мурод Жўраевдан қасос олмоқда.

"Менимча, Каримов ана шу сўзлар учун ҳамон уни қамоқда сақлаб, қасос олмоқда. Чунки Мурод Жўраев билан бирга маҳкамага тортилган бошқа барча одам озодликка чиқдик-ку?!"

Ҳозир 62 ёшга кирган сиёсий маҳкумнинг саломатлиги юзасидан хавотирлар ортмоқда.

Куни кеча Халқаро Амнести ташкилоти ҳам собиқ депутатнинг қамоқдаги аҳволи ва соғлиғидан ташвиш билдириб, уни озод қилишга чақирганди.

Париждаги халқаро "Ўтюраклар Клуби" раҳбари Мўътабар Тожибоевага кўра, айни пайтда Мурод Жўраевнинг оиласи ҳам ўта оғир шароитда қолган.

"Уйлари деярли нураб тушибди. Рафиқаси Холбиканинг соғлиғи ҳам ёмонлашган. Ўғли ўз кучи билан Тошкентда ўқиб, Муборакка келган, аммо ҳеч ким иш бермаяпти" - деди Мўътабар Тожибоева.

Холбика Жўраева эса узоқ йиллик ўқитувчи бўлгани боис ўзига нисбатан босимлар йўқлигини, айни дамда, сўнгги икки йилда Мурод Жўраевнинг қамоқдаги ҳаётига ҳам бирмунча енгиллик келганини урғулайди.

"У кишини ҳозир ғишт қуйиш каби оғир ишларга чиқаришмаяпти экан, изолятордан ҳам олишибди".

Лекин бу ўзгаришлар Ўзбекистон тарихида энг узоқ муддат қамоқда қолаётган сиёсий маҳкум ва президентни танқид қилган собиқ депутатнинг бир кун келиб озодликка чиқишига қанчалик ишора беради - номаълум.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ