Ўзбек ва тожик дўст, президентлар-чи?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Ислом Каримов ва Имомали Раҳмон бошқаруви даврида ўзбек-тожик муносабатлари совуқлашди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг Тожикистонга сафари Шанхай Ҳамкорлиги аъзолари учрашуви доирасида ўтади.

Шунга қарамай, бу сафар икки мамлакатда ҳам энди ўртадаги муносабатлар яхшиланади, деган умидларни уйғотмоқда.

"Ташқи ишлар вазиримизнинг Шанхай доирасида бўлса-да, Тожикистонга бориши аҳамиятли қадам" - дейди Тошкентдан сиёсатшунос Фарҳод Толипов - "Умид қиламанки, бу энди икки давлат раҳбарлари учрашувига ҳам йўл очади".

Сиёсатшунос олим визалар бекор қилиниши, йўллар очилиши, борди-келди ва савдо-сотиқ кучайиши ҳамда икки давлат орасида парвозлар қайта тикланишига умид қилади.

Муаммолар бир уюм...

Ўзбек олими ҳал этилиши муҳимлигини эслатган ҳолатлар Тошкент ва Душанбе ўртасидаги совуқ алоқалардан бир неча мисол, холос.

Таҳлилчилар жараённи секин-асталик билан, аввало дипломатик доираларда маслаҳат ва мулоқотни йўлга қўйишдан бошлаш зарур, деб айтадилар.

Лекин турли геосиёсий ва, айримлар фикрича, шахсий сабаблар боис, Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатлари ўтган йиллар давомида таранглашиб келди.

Ниҳоят, Тожикистон электр токи олиш ниятида улкан Роғун ГЭСини қуриш режасини эълон қилиши билан сувталаб пахта экадиган Ўзбекистон бунга кескин қарши чиқди.

Image caption Ўзбекистон-Тожикистон чегаралари кўпинча ёпиқ, очиқ бўлганда ҳам виза керак.

Аммо аҳвол шу даражага етдики, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов сув муаммолари боис минтақада уруш чиқиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Ташқи хавфлар

Лекин таҳлилчиларга кўра, дунёда, хусусан, собиқ Совет ҳудудларида шиддат билан ўзгараётган геосиёсат минтақага ҳам таъсир этмоқда.

"Қримнинг Россияга қўшиб олиниши, Россия-Украина ўртасидаги ҳозирги можаролар бизнинг минтақага, хусусан, Тожикистон ва Ўзбекистон муносабатларига ҳам таъсир этмоқда" - дейди Душанбедан сиёсатчи Суҳроб Шарипов.

"Аммо бу ўзгариш бизнинг алоқаларимизни жипслаштириш учун ижобий таъсирга эга бўлади".

Тожикистонлик сиёсатчига кўра, икки мамлакат ўртасида интеграция етишмайди, аммо ўзбек ва тожик халқлари ҳозир айнан ана шу жараённи қайта бошлашга тайёр. Фақат энди давлатлар ҳам истак-ирода кўрсатиши лозим.

"Аслида икки давлат орасидаги муаммолар ташқи таъсирлар ва кучлар туфайли юзага келган" - дейди Суҳроб Шарипов - "Бундайин умумий хавфлар эса ҳамон мавжуд".

Шу ўринда, Афғонистондан НАТО кучлари чиқиб кетиши, қуролли гуруҳлар фаоллашуви, гиёҳванд моддалар айланиши ва Россиянинг собиқ СССР ҳудудларида юритаётган сиёсати айнан ана шу ташқи хавфлар сирасига киритилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbcuzbek.com
Image caption Ўзбекистон чегарада қўйган минада Ғозивойнинг рафиқаси нобуд бўлган. Бундай мисоллар кўп.

Ички хавфлар эса, ишсизлик, қашшоқлик, коррупция, инсон ҳуқуқлари аҳволи ёмонлашаётгани ва очиқ жамият тузиш жараёнидаги сунъий тўсиқлар, деб кўрилади.

Хўжакўрсин ташрифми?

Ўзбекистон ва Тожикистон алоқалари яхшиланиши, айниқса, ташқи дунёга чиқадиган аксар йўллари Ўзбекистондан ўтадиган Тожикистон учун ўта муҳим.

Лекин Ўзбекистон ҳам ўзи истеъмол қиладиган сувининг ярмига яқинини Тожикистондан келадиган дарёлардан олади.

Ўзбеклар сувга жуда эҳтиёжманд, чунки мамлакат суғорма деҳқончиликка асосланган ва аҳолиси катта.

Минтақадаги бошқа тўртта қўшни мамлакатда яшовчи одамлар сонини жамлаб ҳисоблаганда, Ўзбекистон аҳолиси сони билан деярли бир хил.

Бундай ҳолатда, тарафлар муроса-мадора йўлини топишга мажбур кўринадилар.

Аммо ҳозирги ташриф совуқ муносабатларни илитишга ишора бермайди, деган фикрлар ҳам бор.

"Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг Тожикистонга сафар қилиши Шанхай ташкилоти доирасидаги бир хўжакўрсин сафар" - дейди ўзбекистонлик собиқ дипломат Алишер Таксанов - "Агар муносабатларни ҳақиқатдан яхшиламоқчи бўлишса, президентлар сафар қилиб, учрашиши керак".

Жаноб Таксановга кўра, Ўзбекистон тарафи ўртадаги муаммоларни ҳал қилиш йўлида аллақачон музокараларни бошлаши зарур эди. Аммо бундай бўлмади.

"Ўзбекистон ҳам Роғунни назорат қилсин"

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Роғун ГЭСи қурилиши Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатларини янада таранглаштирди

Ёқилғи бойликлари йўқ Тожикистон ўзидаги дарёлардан электр қуввати олиш ниятида. Бу учун улкан Роғун ГЭСини қуришни истамоқда.

Кўп миллиардли айни лойиҳани амалга ошириш учун эса ташқаридан моддий ёрдам зарур. Энг асосийси, Ўзбекистон Роғун ГЭСи қурилишига қарши.

Тошкентнинг қўрқишича, зилзила тез-тез юз берадиган ҳудудда дунёдаги энг баланд тўғонни қуриш хатарли.

Шунингдек, тўғонни ишга тушириш учун муҳим бўлган улкан сув омборига бир неча йил давомида сув тўплаш жараёнида Амударё сатҳи кескин пасайиб, Ўзбекистоннинг Сурхондарё, Қашқадарё, Бухоро ва Хоразм вилоятларида сув муаммоси кескинлашиб, одамлар ҳаёти оғирлашади.

Чунки Роғун Амударёга қуйилувчи Вахш дарёси устида тикланмоқда.

Демак, Тожикистон ва Ўзбекистон тарафи икки хил ўзаро зид манфаатларни илгари сурар экан, бу масалада келишувга келиш осон кечмайдиган кўринади.

"Тўғри, масалалар фундаментал фарқ қилади" - дейди Фарҳод Толипов - "Лекин музокаралар орқали муаммоларга ечим топса бўлади".

Айни дамда, қатор кузатувчилар Ўзбекистон аслида Роғун ГЭСини назорат қила олиши мумкин деган фикрдалар.

"Ўзбекистон Роғун ГЭСи ҳиссаларини сотиб олсин ва ўшанда бу борада бемалол ўз сўзини айта олади ҳамда ГЭС устидан муайян маънода назорат юритишга қодир бўлади" - дейди Душанбедан Суҳроб Шарипов.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Ўзбеклар ва тожиклар жуда яқин халқ. Икки мамлакатда ҳам улар дўст-қариндош бўлиб яшаб келишади.

"Керак бўлса, қачон ё қанча сув олиш масалалари ҳам ҳал бўлади ва Ўзбекистон ўзининг энг қақраган сувсиз ҳудудларига ҳам керакли сувни олиб бораверади".

Халқлар дўст, раҳбарлар-чи?

Таҳлилчиларга кўра, ўзаро дўст ва ёнма-ён яшаб келган ўзбек ва тожик халқлари ҳар вақт жипс алоқаларни қайта тиклашга тайёрлар.

"Аммо ҳамма гап давлатлар даражасида бу муносабатларни йўлга қўйишга қолган" - дейди Суҳроб Шарипов.

Қатор таҳлилчиларнинг ўйлашича, икки давлат президентлари ўртасидаги ўзаро муносабатлар ҳам давлатлар орасидаги ришталарга салбий таъсир қилмоқда.

"Бу ҳақиқатдан узоқ бўлса керак" - дейди кескин оҳангда Суҳроб Шарипов - "Чунки Ислом Каримов ўта тажрибали президент, Имомали Раҳмон ҳам сўнгги йиллар кўп тажриба орттирди".

"Қолаверса, давлат раҳбарлари барибир ўз халқи ва давлати манфаатларидан келиб чиқиб иш юритишга мажбурлар".

Лекин айнан ана шу халқ қўшниси билан яқинлашишни истаса ва мамлакат манфаати қўшнилари билан яқин муносабатларга боғлиқ бўлса, у ҳолатда бу икки давлат раҳбарлари ишлари шунга мос кечмоқдами, деган саволга суҳбатдошимиз жавоби қисқагина бўлди.

"Бу ерда сиёсий оҳангни ўзгартириш керак".

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ