Жиззахлик солиқчи калтаклаган сотувчи фалажланиб қолди

Image caption Шифокорлар Бахтиёр Сатторовнинг бир томони фалажланиб қолганини айтганлар

Жиззах вилояти Даштобод тумани бозорида сотувчиси солиқчилардан калтак ейиши оқибатида бир томони фалажланиб қолган.

Бу ҳақда Би-би-сига маълум қилган жабрланувчининг турмуш ўртоғи солиқ идораси ходимлари шифохонада қолаётган эридан хабар олмаганини билдирди.

19 июль куни Жиззах вилоят Солиқ бошқармасидан Даштобод туманига текширишга келган инспекторлар ва сотувчилар ўртасида тўқнашув келиб чиқиши натижасида бозорда савдо қилувчи Бахтиёр Саттаров шифохонага ётқизилган.

Сотувчининг турмуш ўртоғи Гулмира Саттарованинг Би-би-сига айтишича, эри шифохоана тушганидан сўнг миядаги майда томирчаси ёрилган деган ташхис қўйилган ва бир томони фалажланиб қолган.

"Ҳали ўзларига келгани йўқ. Сал-сал гапириб турибдиларку, лекин ўрнидан турғизмаяпмиз. Бир томони фалаж бўлгани учун қимирлата олмаяпти. Миясида майда томирча узилган деган ташхис қўйилди. Жанжалда мушт еган вақти миядаги майда томирчалардан бири узилган экан. Беҳушликда йиқилган", - дейди Гулмира Саттарова.

Саттарованинг айтишича, жанжал вилоятдан келган солиқ нозирлари ва гуруч сотувчилар ўртасида келиб чиққан.

Нозирлар ҳужжатлари жойида бўлмагани учун Бахтиёр Саттаровнинг синглиси ва жиянига тегишли бўлган гуручларни савдо растасидан олиб кетишга ҳаракат қилган.

Нозирларнинг ушбу ҳаракатига сотувчилар тўсқинлик қилган, ушбу тортишувнинг устига келиб ўртага тушган Бахтиёр Саттаровни солиқ нозирларидан бири мушт билан урган.

Натижада Саттаров воқеа жойида ҳушидан кетган ва уни тез тиббий ёрдам машинаси туман шифохонасига олиб кетган.

Шифохонадан милиция идорасига чақирув юборилган. Лекин милиция ходимларидан ҳеч ким келмаган. Жабрланувчининг аёли ариза ёзиш учун икки кун милиция участка нозирини излаганини айтади.

"Чақирув юборганимиздан кейин ҳеч қандай натижа бўлмади. Ҳолимиздан ҳеч ким хабар олмади. 20 июль куни аптекага дорига бориб қайтишда милицияхонага учрашдим. Шерзод деган участкавой йўқ экан", - дейди Гулмира Саттарова.

Саттарованинг қўшимча қилишича, вилоятдан келган солиқчиларнинг исм-шарифини билиш ҳам жуда қийин бўлган.

Бозор маъмурияти бозорга келган текширувчиларнинг кимлиги ва қаердан келгани борасида ҳеч нарса билмаслигини маълум қилган.

Бошқа сотувчилар орқали вилоятдан келган солиқчилар Олим Барноев бошчилигидаги нозирлар эканлиги маълум бўлган.

Жиззах вилоят солиқ идорасидан Олим Барноев исмли шахс ишлашини тасдиқлашди ва унинг айни давмда Зомин туманида хизмат сафари билан юрганини айтишди.

Вилоят солиқ идораси Олим Барноевнинг мобил рақамини берди. Ушбу рақамга чиққанимизда гўшакни кўтарган одам Би-би-сидан телефон қилаётганимизни билгач, Олим Барноев телефонини ташлаб кетганини айтди. Кейин гўшакни бошқа кўтармади.

"Олим Солиевич чиқиб кетганлар, бизлар текширишда эдик. Накладнойларни кўраётган эдилар. Мен бу ёқда сояда ўтирибман. Мен шу ерда қоровул бўлиб ишлайман", - дейди телефонни кўтарган одам.

Ушбу ҳодиса юзасидан жиноий иш очилган ёки очилмагани борасида бирор маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Шикоят аризасини қабул қилиб олган бозор участка милиция нозири ишни туман ички ишлар бошқармасига оширишини маълум қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ