Президент Каримов Равшан Эрматовни орден билан мукофотлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи www.uff.com

25 июл куни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг дунёга таниқли футбол ҳаками Равшан Эрматовни “Эл-ҳурмати” ордени билан мукофотлаш ҳақидаги фармони эълон қилинган.

“Халқаро майдонда мамлакатимизнинг спорт соҳасидаги шон-шуҳратини юксалтириш, ўзбек футболининг нуфузини ошириш, миллий футбол ҳакамлари мактабини ривожлантириш ишига қўшган муносиб ҳиссаси учун Ўзбекистон футбол федерациясининг халқаро тоифадаги ҳаками, ФИФА рефериси Равшан Сайфиддинович Эрматов «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотлансин”, дейилади Президент Каримов фармонида.

Футбол бўйича Жаҳон чемпионати кубоги мусобақаларида энг кўп ўйинга ҳакамлик қилиб рекорд ўрнатган ФИФА рефериси Равшан Эрматов ва унинг бригадаси аъзолари Абдуҳамидулло Расулов, қирғизистонлик Баҳодир Қўчқоровлар жаҳонга танилдилар.

Равшан Эрматов бригадасининг ўйинни адолат билан бошқариши футбол бўйича жаҳон кубоги мусобақаларида ҳакамлик қилишга йўл очган.

Равшан Эрматов, Баҳодир Қўчқоров ва Абдуҳамидулло Расулов 2010 йилда Жанубий Африкада бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида бешта футбол ўйинини, 2014 йилги Бразилиядаги чемпионатда эса тўртта, жами тўққизта ўйинни бошқарганлар.

Шу пайтгача бир ҳакамлар бригадасига жаҳон кубоги ўйинларининг бунча кўп мусобақасига ҳакамлик қилиш ишониб топширилмаган.

Ўзбекистон нашрлари тарқатган хабарларга кўра, 25 июл куни Тошкентда Равшан Эрматовга “Эл-ҳурмати” ордени” билан бирга Малибу автомобили мукофот сифатида топширилган.

Равшан Эрматовнинг ёрдамчиси Абдуҳамидулло Расуловга Орландо русумидаги автомобил топширилгани хабар қилинган.

Равшан Эрматовга Ўзбекистон Футбол федерациясининг фахрий ёрлиғи ҳам топширилган.

Бу мавзуда батафсилроқ