Ислом Каримов Исломдан нега қўрқади?

Image caption Ислом Каримов 1991 йилда Қуръонга қўл қўйиб, қасамёд қиларкан

Марказий Осиёдаги энг йирик мусулмон аҳолисига эга Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов илк бор 1991 йилда Қуръонга қўл қўйиб, қасам ичган ва ўзини ўзбекларнинг бой исломий меросини қайта тиклаётган шахс сифатида тақдим этган.

Аммо орадан кўп ўтмай, диний жамоатлар ва ҳаракатларни жиноийлаштириш ва мусулмонларни қамоққа ташлашни бошлаган.

АҚШ Давлат Департаментининг душанба куни эълон қилинган диний эркинликларнинг аҳволига доир сўнгги ҳисоботида айтилишича, Ўзбекистон диний маҳбусларнинг сони бўйича дунёда биринчи ўринда.

Ҳисобот ўтган бир йил давомида Ўзбекистон ҳукумати фуқароларни "экстремизм" айблари билан қамоққа ташлашда давом этгани, рўйхатдан ўтган ва ўтмаган диний жамоатларга рейдлар уюштиргани, диний адабиётларни мусодара ва йўқ қилиш, шунингдек, диний озчиликларнинг ўз эътиқодларига амал қилишларига тўсқинлик қилишда давом этганини айтган.

Давлат Департаменти Ўзбекистон ҳибсхоналарида ўлим, қийноқ ва дўппослашлар ҳақидаги хабарлар келишда давом этишини, ҳукумат диний экстремист деб ҳисоблаган шахсларга нисбатан шафқатсиз муносабат тўхтамаганини айтган.

Ҳисоботда айтилишича, Ўзбекистонда диний эктремизмда айбланиб, қамоққа ташланганлар сони 12 минггача бўлиши мумкин.

2004 йилда Human Rights Watch диний-сиёсий айблар билан қамалганлар сони 7 минг эканини айтган эди.

Бу рақамнинг ошиб бораётганини маҳаллий ҳуқуқ фаоллари ҳам тасдиқлашади.

Биргина ўтган ҳафтанинг ўзида 100 га яқин шахснинг диний экстремизм айблари билан маҳкамага тортилгани ҳақида хабарлар олинган.

Қашқадарёда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоси экани айтилган ва ораларида аёллар ҳам бўлган 75 киши устидан маҳкамада илк ҳукмлар янграган.

Айбланувчилар ўзларига қўйилган айбларни рад этганлар ва қийноққа солинганликларини айтишган.

Икки хил Ислом

Ўзбекистонда диний фаолият 1998 йилда қабул қилинган диний ташкилотлар ва виждон эркинлиги тўғрисидаги қонунга биноан тартибга солинади.

Бироқ инсон ҳуқуқлари ташкилотлари барча чекловлар асосида айнан шу қонун ётишини таъкидлашади.

Қонун қабул қилиниши ортидан мамлакатдаги юзлаб масжидлар ёпилган, қатор диний жамоат ва алоҳида уламолар қонундан ташқари, деб эълон қилинган.

Инсон ҳақлари гуруҳлари Ўзбекистон ҳукумати фақат ўз талқинидаги Исломга йўл бериши, мустақил диндорларни эса мунтазам таъқиб қилишини айтадилар.

2000 йилда Ўзбекистонга сафар қилган АҚШнинг собиқ Давлат Котибаси Мадлен Олбрайт Бухородаги яҳудийлар синагогига ташрифи чоғида Ўзбекистондаги мусулмонларнинг аҳволига эътибор қаратганди.

Ўзбек ҳукумати яҳудийларнинг ибодат қилиши учун барча шароитларни яратиб берганини ўз кўзи билан кўрганини таъкидлаган Олбрайт хоним "Биз ҳукумат Ўзбекистоннинг асосий аҳолисини ташкил этувчи мусулмонларнинг ҳам эркин ибодат қилишлари учун шароит яратиб беришини истар эдик",- деб айтган эди.

Аммо ўтган вақт мобайнида мусулмонларнинг аҳволи ёмонлашишда давом этди.

"Мусулмонларга қарши таъқиблар Президент Каримов бошқарувининг илк йилларидаёқ бошланди. 1997 йилдан кейин эса Каримов дин эркин бўлиши керак, деб ишонган исломий жамоатларга қарши том маънода уруш эълон қилди", - дейди Human Rights Watch нинг Ўзбекистон бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлоу.

Унинг айтишича, диний экстремизмда айбланиб, қамоққа ташланганлар орасида ўзбек жамиятида ўз мавқеига эга бўлган ва жамият фойдасига ишлаган шахсиятлар бор.

Image caption Каримов Ўзбекистоннинг исломий меъросини кўз-кўз қилишни яхши кўради

"Хайрулло Ҳамидов, Руҳиддин Фаҳруддинов ва Акром Йўлдошев сингари шахслар ўнлаб, юзлаб, эҳтимол минглаб ўзбеклар ихлос қилган шахслар бўлишган. Ҳукумат бу одамларни қанчалик кўп таъқиб қилса, ўзбеклар унга шунчалик кўп қаршилик кўрсатишади. Уларнинг маърузаларини телефонларга ёзиб олиб эшитишади ва жамоатларида муҳокама қиладилар. Ҳукумат уларни қамоқдан озод қилиши ва диний мавзуларни очиқ муҳокамага олиб чиқиши керак. Бир вақтнинг ўзида ҳам инсон ҳуқуқларига амал қилиб, ҳам барқарорликни таъминлаш мумкин", - дейди Human Rights Watch вакили.

Таҳлилчиларга кўра, Президент Каримов ўз ҳокимиятининг илк йилларида диндорларни дунёвий мухолифатга қарши иттифоқчи сифатида кўрган.

1991 йил декабрида Наманган шаҳрида юз берган ғалаёнларда жаноб Каримов агар парламент изн берса, Ўзбекистонни исломий давлат деб эълон қилишга тайёрлигини айтган эди.

Сиёсий мухолифат Наманганда Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг ўзагини ташкил этган Тоҳир Йўлдош бошчилигидаги диний гуруҳлар 1991 йил декабридаги илк президентлик сайловларида Каримовга овоз берганини айтади.

Аммо орадан кўп ўтмай, диндорларга қарши кенг миқёсдаги репрессиялар бошланиб кетган.

Таҳлилчиларга кўра, жаноб Каримов исломий ғояларни ўзининг якка шахс бошқарувига асосланган ва коррупция ботқоғига ботган бошқарувига таҳдид деб кўради.

Ғарбда эркин фаолият олиб борадиган "Ҳизбу Таҳрир" гуруҳи Президент Каримовни Ислом динининг энг йирик душманларидан, деб таърифлаган.

Аммо Ўзбекистон Президентининг диний масалалар бўйича собиқ давлат маслаҳатчиси, таниқли уламо Шайҳ Абдулазиз Мансур бу айбловларни рад этади.

Унинг айтишича, Президентнинг Ислом динига ҳурмати баланд.

"Қанийди шу гапимни бошқалар эшитса ва ишонса. Биз Президент билан юзма-юз қолган пайтларимиз ёки бошқа маслаҳатчилар билан бирга ҳузурларига чақирганларида Ислом дини ҳақида шу қадар ихлос билан гапирардиларки, ҳар сафар у кишининг сўзларини эшитиб, кўзимдан ёш чиқарди, жуда ҳам таъсирланардим", дейди ўзбекистонлик уламо.

У мамлакатда диний фаолиятга айрим чекловлар борлигини тан олади, аммо бу чекловларнинг ҳаммаси "яхши ниятда" киритилганини айтади.

"Баъзи чекловлар бор, масалан, кўчада намоз ўқима, масждид ё уйингда ўқи, дейилади. Ёки норасмий, кичкина масжидларнинг фаолияти тўхтатилади. Ҳамма чеклашларнинг ўзига яраша сабаблари бор ва бу ёмон ниятли эмас. Атрофимизга қарайлик, олам нотинч. Бундай шароитда огоҳ бўлмасак бўлмайди. Диний эркинлик йўқ деган гапларни эшитамиз, аммо уларни ўзлари ғайриқонуний ишлар қилиб, четга қочиб чиқиб кетган одамлар чиқаришини ҳам биламиз", дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари, Шайҳ Абдулазиз Мансур.

Яқинда Президент Каримов Тошкент марказида бунёд этилаётган "Минор" масжиди қурилишини бориб кўрган.

2000 дан ортиқ кишига мўлжалланган ушбу масжид сўнгги 20 йилда қурилган биринчи йирик масжиддир.

Минтақанинг энг йирик мусулмон аҳолисига эга 31 миллионлик Ўзбекистонда масжидлар сони қўшни Қозоғистондагидан кам.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ