"Кўринмас уруш" сарҳадларида

Фото муаллифлик ҳуқуқи uza
Image caption Ўзбекистоннинг дўсти ким? Америками ва ё Россия?

Ўзи сиёсатга унча ҳушим йўқ. Лекин атрофимда бўлаётган воқеалар, дўконга кирган одамларнинг бу ҳақдаги тинимсиз гапириши туфайли камина ҳам ўзи нималар рўй бераётганига бир разм солмоқчи бўлдим.

Хўш, мен нима демоқчиман? Демоқчиманки, бугун ҳамманинг оғзида Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги совуқчиликнинг тобора кучайиб бораётгани одамларни ташвишга солмоқда. Кеча Тошкентга келган АҚШ марказий қўмондонлиги бошлиғининг президент билан учрашгани ҳам бу гапларни янада қизитиб юборди. Энди Ўзбекистон Америкага яна база очиб берармиш деган гаплар баралла айтилмоқда. Бунинг баробарида хавотирлар ҳам кучайган. Нега дейсизми?

Кўпчилик Америка яна бир қитмирлик қилиб Ўзбекистонда навбатдаги исёнга турки беради, чунки АҚШнинг нияти ёмон, демоқда. Сабаби улар аввалги, 2005 йилдаги Андижонда юз берган қонли воқеани ҳам АҚШ уюштирган деб ишонади. Билмайман, қаердан бу гапни топган, лекин шунга астойдил ишонади. Улар ҳалигача Россияни энг яқин дўст, президент Владимир Путиннни эса ўз тоғасидек кўради. Бунақа ўзбек зиёлилари жуда кўп экан, дўконимда гап қизиганда, путинпарастлар ва оврўпарастлар тортиришиб қолиб, бир-бирларига бўшаган шишани ўқталиб қолганида бунга неча бор амин бўлдим ўзим. Ҳа, буларнинг бирортасини ўз қарашидан қайтариб бўлмайди.

Яна бир турфа одамлар, фарзандлари Россияда ишлаб юрганлар, бизнеси, хўжалиги Россия товарлари билан боғлиқ кишилар ҳам хавотирда. Улар бундай "кўринмас урушдан" фарзандларимиз азият чекмоқда, бизнесимиз зарар кўрмоқда деган фикрда. Россиядан ўзбек мардикорларининг ёппасига ҳайдалаётгани, уларга рус маъмурлари ва полицияси томонидан ўта ёмон муносабат кўрсатилаётгани сабабини икки мамлакат ўртасидаги совуқчиликдан кўрилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи ITAR TASS
Image caption "Россияда ўзбекларни хуш кўришмайди..."

"У ерда Қирғизистон ва Тожикистондан борган ишчиларга муносабат бошқача, ўзбекларга бошқача. Ўзбекларни дуч келган жойда зуғумга олишябди," дейди Сочида ишлаб қайтган 26 ёшли бола менга. "2015гача ҳамма ўзбекларни ҳайдаб солармиш," деб қўшиб қўяди болапақир.

Дўконимга кирган бир вилоятлик кичик амалдор ҳам бу "кўринмас уруш" оқибатларидан нолиб қолди. "Россия бизни ёмон қисти-бастига олябди. Солярка танқислиги нимадан деб ўйлайсиз?" сўраб қолди мендан. Елка қисдим, мен қаердан билай.

"Ҳа билмайсизда, оддий тракторни юрғизадиган солярка анқонинг уруғи бўлиб кетдику! Аввал Қозоғистондан сотиб олардик, Россия қозоқларга босим ўтказиб бизга солярка сотишни тўхтади. Биз кейин Озарбойжондан сотиб ола бошладик. Бироқ яқинда Россия бу йўлга ҳам тўсиқ қўйди. Энди соляркани Форс кўрфазидан ташиб келяпмиз," деди у ўзини энг билимдон одамдек кўрсатиб.

Хуллас, ҳамма хавотирда. Америка база очиб, мустаҳкам ўтириб олса, Россиянинг зуғумида аҳволимиз нима кечади, миллионлаб келиб турган пуллар энди қаердан келади, ишсиз бўз йигитлар қаерга иш қидириб боради деган қайғуда. Таксичининг оғзидаям шу гап, дўконга кирган харидорнинг кўнглида ҳам шу гап.

Мен демоқчи эдимки, қаерлардадир бошланган уруш бизда ҳам "кўринмас" ҳолда кечмоқда. Эҳтиёт бўлинг!

Бу мавзуда батафсилроқ