Ўзбекистон АҚШнинг минтақадаги ҳарбий ҳамкорига айланмоқдами?

Фото муаллифлик ҳуқуқи us.defence.gov

Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазирлиги раҳбарияти АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони генерал Ллойд Жеем Остин III билан учрашган.

Учрашувда икки давлат ўртасидаги муносабатлар қаторида Афғонистондаги вазиятнинг ривожланиши ҳам муҳокама қилинган.

АҚШ юқори лавозимли мулозимлари ва ҳарбийларининг Ўзбекистонга ташрифлари сўнгги вақтларда кўпайган.

АҚШлик расмийлар Ўзбекистоннинг минтақада ҳарбий жиҳатдан яқин ҳамкорга айланиши эҳтимолларига ҳам ишора қилишмоқда.

Генерал Ллойд Жеем Остин III билан учрашув ҳақида Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берган.

Бундан сал олдинроқ Президент Обаманинг Россия ва Овросиё бўйича маслаҳатчиси Селест Волландер Ўзбекистонда бўлиб, АҚШ қўшинларининг Афғонистонни тарк этишидан сўнгги вазиятни муҳокама қилганди.

Сиёсатшунослар АҚШ Шўролар давлати қулаши ортидан минтақада Ғарб учун лаёқатли ҳамкор Ўзбекистон бўлиши мумкин, деган ғояни олдинга суриб келганини таъкидлашади.

Марказий Осиёда Ўзбекистоннинг аҳолиси кўплиги ва Россия билан тўғридан тўғри чегарага эга эмаслиги туфайли бу мамлакат америкалик стратегларнинг назарига тушгани айтилади.

Францияда истиқомат қилувчи сиёсатшунос Камолиддин Раббимов 2005 йилдаги Андижон воқеалари ушбу стратегияларни издан чиқаришга сабаб бўлганини билдирди.

"2009 йилдан бери бу стратегия қайтадан изга тушяпти. Американинг Ўзбекистон билан яқинлашувининг иккита таркибий қисми мавжуд. Биринчиси, минтақадаги хавфсизлик - Афғонистон масаласида ҳамкорлик. Иккинчиси эса геосиёсат. Геосиёсий ҳамкорлик шимолга қаратилган. Бу биринчи ўринда Россияга нисбатандир", - дейди Камолиддин Раббимов.

Таҳлилчига кўра, Украина ҳодисалари сабаб Ғарб ўзининг Россияга бўлган муносабатини қайтадан кўриб чиқмоқда.

Унинг айтишича, Россиянинг иқтисодий имкониятлари тўпланиши ва ресурсларини парваришлаши Россияни рақиб ҳолатидан ашаддий рақиб даражасига чиқарди.

Россия куч қудратини тўпларкан ўзининг таъсир доираси деб билувчи Марказий Осиёда янада таъсирини ошириш ҳаракатига тушган.

Минтақада Россия босимларидан ҳоли бўлган давлат сифатида Ўзбекистон кўрилади, дейди шарҳловчи.

Ғарб шу нуқтаи назардан ҳам Ўзбекистонга яқинлашишни ва у билан ҳамкорлик қилишни истайди. Бироқ ушбу ҳамкорлик Ўзбекистондаги сиёсий тизим табиатининг барқарор эмаслиги сабаб ноқис бўлиб қолавериши айтилади.

"Америка англайдики, Ўзбекистон сиёсий тизими бу жуда қаттиқ авторитардир. Бу Америка сиёсий доиралари учун ноқулай аҳвол. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон билан ҳамкорлик табиатан чекланган бўлиб қолаверади. Лекин америкаликлар, умуман Ғарб, Ўзбекистон билан бир неча йўналишда, Афғонистон масаласида ҳамкорлик қилишга мажбур ва маҳкум", - дейди Камолиддин Раббимов.

Сиёсатшуносга кўра, шунга қарамасдан Ўзбекистон АҚШга Хонобод сингари ҳарбий базасини қайтадан тақдим қилишининг эҳтимоли ҳозирча йўқ .

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02