Ўзбекистонда ҳибсга олинган ЗУМК ширкати раҳбари Россияга қайтган

Фото муаллифлик ҳуқуқи zumk.org

Ўзбекистонда аввалроқ қўлга олинган Россиянинг "Ғарбий Урал машинасозлик концерни" (ГП ЗУМК) президенти ва "ЗУМК Инжинеринг" ширкатининг бош директори Александр Поздеев озод этилиб Россияга қайтган.

Бу ҳақда Би-би-сига ширкатнинг жамоатчилик билан алоқлар бўлими вакили маълум қилди.

Ширкат вакили жаноб Поздеевниг айнан қачон Россияга қайтганлигини очиқламади, лекин шу кунларда у ўз вазифасини бажаришга киришганлигини айтди.

13 майда Тошкентда ҳибсга олинган Поздеев жанобларига, хабарларга кўра, «Ўзбекистон манфаатларига зид битимлар» тузиш айблови қўйилганди.

Ғарбий Урал машинасозлик концерни вице-президенти Виталий Сухоносов Би-би-си билан суҳбатда Александр Поздеевни Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг мажлисига мамлакатдаги сармоя лойиҳаларини муҳокама қилиш учун таклиф қилишганини ва кейин ҳибсга олишганини айтган эди.

Ширкат вакилига кўра, Вазирлар Маҳкамасидаги йиғилишда жаноб Поздеев Ўзбекистон томонининг бир неча миллион долларлик қарзлари масаласини ҳам кўтарган эди.

Кейинчалик Поздеев калийли ўғит заводига алоқадор иш бўйича прокуратурага чақирилган ва сўнгра ҳибсга олинганди.

ЗУМК ширкати Ўзбекистонда қатор кимёвий, кўмир ва тоғ-кон саноати соҳаларида турли лойиҳаларни амалга ошириб келади. Жумладан Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи учун юк ташишга мўлжалланган, жаҳондаги энг йирикларидан, дея тақдим этилган 33 чақиримлик осма йўлини қуришни ўз зиммасига олган.

Шунингдек, Навоий ва Ангрен конларини замонавий техник воситалар билан жиҳозлаш ишларини олиб боради.

Концерн Ўзбекистондаги Деҳқонобод калий ўғитлари ишлаб чиқариш корхонасини кенгайтириш, корхонанинг йирик осма транспорт йўлини қуриш лойиҳаларида суб-пудратчи сифатида фаолият кўрсатади.

Ғарбий Урал машинасозлик концерни Ўзбекистонда 2007 йилдан бери ишлаб келмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ