Ўзбекистон олийгоҳларига кириш имтиҳонлари қандай ўтди?

  • 3 Август 2014
Image caption Бу йилги имтиҳонлар қаттиқ назорат остида ўтди

Ўзбекистонда Олий ўқув муассасаларига кириш имтиҳонлари бу йил ҳар йилгидан ҳам кучли назорат остида ўтган.

Би-би-си билан суҳбатлашган абитуриентлар имтиҳон топшириш хонасига киргунча уч марта текширув бўлгани ва қизлар алоҳида хонага киритилиб бошдан оёқ текширилганини айтишди.

Лекин, шунга қарамасдан, аудиторияларга уяли телефон ва шпаргалка олиб киришнинг уддасидан чиққанлар бўлган.

Жиззах Давлат Педагогика Институтитига кириш учун имтиҳон топширган абитуриентларнинг Би-би-сига билдиришича, бу йилги назорат ҳар йилгидан кучли бўлган.

Дилшода исмли абитуриент қизларни алоҳида текширишганини айтади: "Ҳаммани текширди. Қизларни аёллар текширди. Даҳшат бўлди бу йил. Қизларни алоҳида хонага олиб кириб бошдан оёқ текширди. Ўғил болаларни милициялар аппарат билан текширган. Учта жойдан текширишдан ўтиб кейин ичкарига кирдик", - дейди Дилшода.

Педагогика Институтига топширган яна бир абитуриент Наргиза ҳам назоратнинг ҳар йилгидан кучли бўлганини тасдиқлайди.

"Телефон олиб кирганларни шунақанги ушлаяпти энди. Туфлиларни ёриб ичига телефон солган. Қизлар сочларининг орасига солган. Скотч билан оёқларининг орасига ёпиштириб олган. Милиционерларнинг тўлқинга сигнал берувчи апарати бўларкан, ўшанда аниқлаяпти. Ўғил болаларни милиция текширяпти. Қизларни эса пана жойга ўтказиб 4-5 та аёл текширяпти", - дейди Наргиза.

Лекин, шунча текширувларга қарамасдан, аудиторияга телефон олиб киришнинг уддасидан чиққанлар бўлган.

"Ёнидан телефон чиққан абитурентларни телефони ва шпаргалкасини ерга отиб юбориб киргизяпти. Лекин шунча текширувга қарамасдан, битта аудиторияда 30 та бола бўлса, шундан 10 тасида телефон бор. Қандай қилиб олиб кирганини билмайман, лекин олиб киришган. Шундан 3 тасини МХХ ходими чиқариб юборди", - дейди Наргиза.

Дилшодаларнинг аудиториясида ҳам иккита абитуриент телефон олиб киришнинг уддасидан чиққан, аммо ундан фойдалана олмаган.

"Шунча текширувдан ҳам ўтиб иккита қиз телефон олиб кирибди. Энди фойдаланишни бошлаётганда ўқитувчи кўриб қолди. Уни имтиҳондан чиқаришмади, ўитувчи кўргани учун ўзи олиб қўйди. Менга ёрдамим чиқариб юбормаганим бўлсин, деб қўлидан олиб қўйди", - дейди Дилшода.

Наргиза имтиҳон топширишга кирган аудиториядан уч нафар абитуриентни Миллий Хавфсизлик Хизмати ходимлари телефон билан ушлаб олгач, далолатнома тузиб чиқариб юборган.

"У ёққа бу ёққа ўтиб яна қайтиб келиб яна биттасини ушлаб олди. Иккинчи марта ушлаб олганидан кейин чиқариб юборди. Бечора Самарқанддан келган экан йиғлаб чиқиб кетди", - дейди Наргиза.

Назорат кучли бўлгани ва ўтган йили кириш имтиҳонида ўйин қилган масъул шахсларнинг қамалиши ортидан бу йилги абитуриентлар адолатдан умид қилишмоқда. Билим билан кирадиган кўп бўлишига ишонч бор.

"Чунки ўтган йили кўпчилик гаплашган экан. Контракт 3 минг доллар, бюджет 4 минг доллар, суперконтракт деган нарсалар 2 минг доллар. Ўша гаплашилган одамларнинг ҳаммаси ўтган йили ушланибди. Институтнинг ректори қамалиб кетган. Бу йил ҳамма ўзидан хавфсираб ўтирибди. Коридорларгача камера қўйиб қўйишибди", - дейди Наргиза.

Бу йил Ўзбекистондаги Олий ўқув юртларига мисли кўрилмаган даражада ярим миллиондан кўпроқ абитуриент ўқишга топширган.

Мамлакатдаги алоқа операторлари имтиҳон вақтида қинғирликларнинг олдини олиш мақсадида SMS, MMS, GPRS ва мобиль интернет хизматларини ўчириб қўйган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ