Ўзбекистон Россиянинг аксил-украин тарғиботидан норозими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Ўзбекистон ҳукумати Украина ҳудудий яхлитлигини дастаклайди

Ўзбекистоннинг Украинадаги элчиси расмий Тошкент Украинанинг Оврўпога қўшилиш мақсадларини қўллаб қувватлаётганини билдирган. Айни дамда Ўзбекистон амал қилувчи ҳукуматпараст вебсайт колумнисти Россия ҳукуматининг Ўзбекистонда ўз тарғибот фильмларини намойиш қилаётганини қоралади.

Украинанинг 1tv.com.ua сайти чоп қилган мақолада айтилишича, Киевдаги ўзбек элчиси Алишер Абдуалиев Украинанинг Оврўпо сари юзланиб ривожланишидан Ўзбекистон манфаатдор эканини айтган.

"Ўзбекистон Украинанинг овроинтеграцион режаларини қўллаб-қувватлайди, чунки бундай тараққиётдан Ўзбекистон ўз манфаатларини кўзлайди", - дея иқтибос келтиради портал ўзбек элчиси Абдуалиевдан.

Ўзбекистон Украинанинг ҳудудий яхлитлигини дастаклаб келган, бироқ илк бора унинг Оврўпо Иттифоқига яқинлашиш ниятларига муносабат билдирмоқда.

Жаноб Абдуалиев Украина Иқтисодий тараққиёт ва савдо вазири Павел Шеремет билан расмий учрашуви чоғида, шунингдек, икки томонлама муносабатларда ўхшаш мавқелар борлигини таъкидлаган.

"Биз Украина ҳукуматининг барча режаларини муваффақиятли тарзда амалга оширишини истаймиз. Биз икки томонлама алоқалардан жуда мамнунмиз. Ўзбекистон ва Украина кўпгина долзарб минтақавий ва халқаро масалаларда ўхшаш мавқега эга бўлиб келишган ва бугун ҳам эгалар", - деб айтган ўзбек элчиси.

"Россия тарғиботи"

Фото муаллифлик ҳуқуқи anhor.uz
Image caption Жавлон Ҳасанов Россия тарғибот фильмидан шубҳаланган

Айни дамда Ўзбекистонда ҳукумат сиёсатини қўллаб-қувватлаб фаолият юритувчи анхор.уз сайти "Ўзбекистонда Украина ҳақида фильмлар намойиш қилаётган Россотрудничествонинг амаллари нақадар қонуний?" сарлавҳаси остида мақола чоп қилган.

Мақоланинг муаллифи Жавлон Ҳасанов ушбу вебсайтда 30 июль куни Тошкентдаги Россия фан ва маданияти марказида Украинадаги охирги воқеалар ҳақида журналист Андрей Карауловнинг "Оддий фашизм" дея номланган фильмининг намойиш этилишидан норозилик изҳор қилади.

"Бу ҳужжатли фильмнинг шундай сарлавҳа ва шарҳлар билан намойиш қилиниши "ўз ҳақиқати"ни ягона ҳақиқат дея тақдим қилишга йўналтирилган жиддий қадамдир. Айни пайтда Украинанинг Тошкентдаги элчихонаси, ёки Тошкентдаги украин маданий маркази бу каби сиёсий фильмларни намойиш қилмаяпти ва Ўзбекистон фуқароларига ўзлари мустақил танлов қилишларига имконият яратиб беряпти", - деб ёзади шарҳловчи Ҳасанов.

Муаллиф "ўз сиёсий қарашларини тарғиб қилиш йўлида фильмлар намойиш қилаётган ҳар қандай хорижий давлат"нинг амаллари нақадар қонуний эканини шубҳа остига олади.

Жаноб Ҳасановга кўра, Ўзбекистон ҳали март ойида Украина борасидаги ўз мавқеини изҳор қилган, ҳамда Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини қўллаб-қувватлаган.

"Ғарб ё Россия"

Ўзбекистон расмийси ва ҳукуматпараст шарҳловчисининг бу каби чиқишлари расмий Тошкентнинг янги сиёсати Ғарбга юзланиб, Россиядан юз ўгиришга қаратилганми, деган саволни уйғотади.

Охирги ойларда АҚШ юқори лавозимли мулозимлари ва ҳарбийларининг Ўзбекистонга ташрифлари кўпайган. Америкалик расмийлар Ўзбекистоннинг минтақада ҳарбий жиҳатдан яқин ҳамкорга айланиши эҳтимолларига ҳам ишора қилишмоқда.

Сиёсий таҳлилчиларга кўра, Владимир Путин маъмурияти куч-қудратни тўплаб ўзининг таъсир доираси деб билувчи Марказий Осиёда янада таъсирини ошириш ҳаракатига тушган. Бироқ, айни дамда, Путиннинг қўшни Украинадаги исёнчиларни қўллаб-қувватлаётгани Ислом Каримовдек минтақавий раҳбарларни ҳавотирга солган бўлиши мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer