"Қуръонга тақлид"да шаккоклик йўқ, аксинча, уни кўкларга кўтарганмиз"

Би-би-си меҳмони - "Илҳом" театрининг актёри ва педагог Аброр Йўлдошев.

Тошкентда туғилиб ўсган 41 ёшли Аброр Йўлдошев ўзбек мустақил театр санъатининг энг ёрқин намоёндаларидан биридир.

Аброр Йўлдошев 1999 йилда Тошкент давлат санъат институтининг режиссёрлик факельтутини тамомлаб, Ўзбекистон Ёшлар театрига ишга кирган.

Сўнгра у Марк Вайлнинг "Илҳом" театрига ўтиб, мана 10 йилдирки шу театрда фаолият юритиб келаяпти.

Шунингдек, Аброр Йўлдошев Тошкент Давлат миллий рақс ва хореография олий мактабида актёрлик маҳоратидан дарс беради.

У "Маликаи Турандот" спектаклидаги Хитой қироли Алтаум роли, "Умар Ҳайём юлдузлари" спектаклидаги Малик-шоҳ роли, "Томдаги скрипкачи" спекталикдаги Мордха, "Холстомер" спектаклидаги Генерал, "Золушка" спектаклидаги Қирол роллари билан театр шинавандаларига яхши танилган.

Илҳом театридаги фаолияти доирасида Аброр Йўлдошев Абдулла Қодирийнинг "Оппоқ, оппоқ, қора лайлак" спектакли, "Дунёни кезиб", "Медея" ва бошқа кўплаб спектакллардаги роллари билан шуҳрат қозонди.

Илҳом театри 1976 йилда "Ёш театралларнинг экспериментал студияси" номи билан барпо этилган бўлиб, Совет Иттифоқи ҳудудида ҳукуматга тегишли бўлмаган илк мустақил театрлардан бири бўлган.

Унинг асосчиси ва бадиий раҳбари Марк Вайль 2007 йилда ўлдириб кетилиши ортидан, театр "Марк Вайлнинг Илҳом театри" деб номланди.

Ўзини авваламбор тошкентликларга хизмат қилувчи санъат макони дея тақдим қилувчи "Илҳом театрида" спектакллар бир неча тилларда саҳналаштирилади. Йиллаб хит томоша бўлиб келган биргина "Бахтли қашшоқлар" спектаклида қаҳрамонлар камида тўртта тилда сўзлашадилар. Кўчалардаги турфа хил сўзлашув театр саҳнасига кўчган.

Image caption ..."Дунёни кезиб" импровизацион спектали

Устоз Марк Вайлдан саҳнадаги эркинлик ва импровизация маҳоратини меърос қилиб олган актёрлар кутилмаганда томошабинлар билан мулоқотга киришадилар ва уларни ҳам томошанинг қаҳрамонларига айлантирадилар.

"Илҳом"нинг замонавий репертуари рангбаранглиги билан бошқа теартлардан ажралиб туради, унда жаҳон мумтоз асарларидан тортиб ёш адибларнинг илк асарлари ҳам саҳналаштирилади.

Марк Вайлнинг фожеали ўлими ортидан "Илҳом" театри ларзага келди ва баъзи қийинчиликларга юз тутди. Театрнинг янги бадиий раҳбари Борис Ғофуров икки йил аввал "Илҳом"нинг бюджет дефицити 127 минг долларга тенг эканини билдирганди.

Ўтган йил баҳорида театр маъмурияти ўз биносининг томини таъмирлаш учун томошабинлардан молиявий ёрдам сўраган.

Ғарбда "Илҳом" театри ўзбек жамиятининг анъанавий қатламларини ирқий, диний ва ҳамжинсбозлик мавзуларини кўтариш билан норози қилувчи театр дея тақдим қилинади.

2007 йилда ўз уйи подъездида пичоқлаб кетилган Марк Вайль шифохонада оламдан кўз юмиши олдидан: "Нима бўлишидан қатъий назар, мен эртага янги театр мавсумини очаман", - деб айтганди.

Ўшанда устоз ният қилганидек, унинг ўлими эртасига "Илҳом" ўзининг 32-мавсумининг очган ва Марк Вайлнинг сўнгги ижодий маҳсули бўлган "Орестея" спектаклининг премьерасини намойиш қилган.

Аброр Йўлдошевга муштарийларимиз саволларига жавоб берди.

Сиз Марк Вайль ўлими ортидан "Илҳом" театри қай йўлда ривожланди, деб ўйласиз? Янги постановкалар қанчалар долзарб? Азиза Содиқова, Берлин (Бастакор Азиза Содиқова Марк Вайль саҳналаштирган "Оппоқ, оппоқ, қора лайлак" спектаклига куй басталаган)

Марк Вайлдан кейин театр жамоаси ўз йўналишини, услубини сақлаб қолдими? Театрда нималар ўзгарди? Рашид Шадат, Лондон

Йўлдошев: Тушунаман, кўпларни бу савол қизиқтиради. Марк Яковлевичдан кейин теартда деярли унинг йўналиши, унинг постановкаларида ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Албатта, унинг ўрни жуда ҳам билинади, театрда йўқлиги билинади. Лекин, театр ўша йўналишда иш олиб бораяпти. Ундан бошқа жанр ёки мактабга ўтиб кетишнинг иложи йўқ, чунки Марк шу театрни очиб кетган, саҳнадаги ҳамма актёрлар Марк Яковлевичнинг шогирдлари, унинг мактабини ўтишган. Маркдан кейин кўп постановкалар бўлди, улардан биттаси Сабъаи Сайёр достони асосида "Етти моҳ" спектакли ҳозир саҳнада кетаяпти, уни москвалик режиссёр Владимир Панков саҳналаштирган. Ўзбекистонлик актриса Светлана Норбоева Исроилдан келиб шу спектаклни кўрганидан кейин шундай бир фикр билдирди: "Мен бу спектаклда Маркнинг қўлини кўрдим, Маркнинг услубини кўрдим, бу театр Маркнинг ишини давом эттираётганидан жудаям ҳурсандман", деб баҳо бериб кетдилар. Айтмоқчиманки, театр Марк Вайль услубида ишлашни давом эттираяпти.

Танқидчилар бугунги "Илҳом" спекталларида сўкинишлар, бақириқ-чақириқ кўпайганини айтишади. Аммо, Маркнинг мақсади бақириқ-чақириқ бўлмаган. Сиз бунга нима дейсиз?" Азиза Содиқова, Берлин

Йўлдошев: Танқидчилар мақолаларини анчадан бери ўқиганим йўқ. Ўқиганимда ҳам бундай фикрни кўрганим йўқ. Лекин, ўзимнинг бу борадаги шахсий фикрларимни Азизага айтишим мумкин. Ҳақиқатдан ҳам бу нарса пайдо бўлган. Баъзи бир спектаклларда, озми-кўпми, бор. Мисол учун, "Оппоқ, оппоқ, қора лайлак" спектаклини оладиган бўлсак ҳам, олдин Марк бизга "пинҳона ўйнанглар, Илҳом жуда камерный театр" дердилар, чунки "Илҳом" шундай театрки, томошабин актёрнинг нафасини ҳам эшитиб ўтиради. Лекин, ҳозирги ёшларнинг ичида овозга зўр бериш, бақириб гапириш бор, ва бақириб гапирганда, ички ҳиссиётлар камайиб кетади. Ҳақиқатдан бу нарса бор, ва бу нарса ҳақида гапириш керак ва унга қарши курашиш керак.

"Илҳом" театри доим ҳаётимиздаги камчиликларни саҳнада танқид қилган ёки замоннинг долзарб мавзуларини саҳнада ёритган. У қандай долзарб мавзуларни илгари сураяпти ҳозирда? Рашид Шадат, Лондон

Йўлдошев: Менимча, "Илҳом"даги аввалги спектаклларда ҳам, ҳозиргиларида ҳам жуда кенг мавзулар қамраб олинади. Ўзбек театрлари ёки бошқа театрларда оилавий мавзулар, маиший мавзулар танлаб олинадиган бўлса, "Илҳом"да маиший мавзулар, ёки эр-хотин орасида бўладиган муаммолар олинмайди. "Илҳом"даги мавзулар, китоб тили билан айтганда, умумбашарий мавзулар. Авторлар Навоий бўладими, Эсхил бўладими, Чехов бўладими, бугунги замонга боғланиб олинади. Масалан, Маркнинг охирги постановкаси бўлган "Орестея" бундан неча юз йил олдин ёзилган асар, у бугунги актёрларнинг тилида жуда замонавий бир матн бўлиб чиқади. Ундан кейин қўйилган Навоийнинг "Етти моҳ" асари ёки Овлиқули Хожиқули саҳналаштирган Навоий, Гёте ва Темур Зулфиқоров асарлари асосидаги "Трактирдаги тун" спектакли бугунги кунга кўчирилиб, жуда кенг, бир неча мавзуларни қамраб олган. Бу инсоният ҳақида, инсон ҳақида, бугун инсоннинг Ердаги ўрни, уни қийнаётган ўй-ҳаёллари, инсонлар дарди ҳақида. Мисол учун, Лондонда туриб Рашидни қийнаётган муаммо, Тошкентда мени, яна кимнидир Америкада қийнаётган муаммолар ҳақида бу спектакллар. Сўз билан етказиб бериш бироз оғир, лекин нима демоқчи бўлганимни ижодкорлар яхши тушунишса керак...

Ҳурматли Аброр Йўлдошев, сиз "Подражание Корану" ("Қуръонга тақлид") спекталида ўйнаганмисиз? Шу спектакль нима учун Қуръони каримни ёмон қилиб кўрсатган дейилади? Унда нима дейилмоқчи бўлинган? Гулойим Ботирова, Нукус (Баъзи фаразларга кўра, Марк Вайль шу спектакль туфайли ўлдирилган)

Image caption Марк Вайль Абдулла Қодирий асари асосида саҳналаштирган "Оппоқ, оппоқ, кора лайлак" спектакли бутун дунёни кезди

Йўлдошев: Пушкин асари асосида саҳналаштирилган "Қуръонга тақлид" спектаклининг охирги вариантида мен ҳам ўйнаганман. Ундан олдин томошабин сифатида бир неча марта уни томоша қилганман. Унинг энг ашаддий томошабинларидан бўлганман. Спектаклда ўйнаганимда ҳам жуда таъсирланиб, маза қилиб ўйнаганман. Уни томоша қилган томошабинлар билан, мутахассислар билан, Пушкин ижодини биладиган, Қуръон талқинларини биладиган одамлар билан ҳам кўп суҳбатлашганман. Бу спектаклда Ислом дини, Қуръонга нисбатан нотўғри фикр йўқ, аксинча, Пушкин ўшанда Қуръонга тақлид қилиб, уни кўкларга кўтариб шундай мисралар битганки, шунинг асосида биз спектакль яратганмиз. Унда мутлақо ножўя фикр ё шаккоклик йўқ. Бу қизимиз спектаклни кўрмаган бўлса, интернет орқали дискини сотиб олиб томоша қилишларини тавсия қиламан. Спектакль Қуръонни фақат улуғлаган ва баландга кўтарган.

Би-би-си: Марк Вайль даврида долзарб ижтимоий мавзулар кўтарилган, масалан, ҳозир айтганингиздек, дин мавзуси. Бу спектаклларни кўрмаган одамларда ҳар хил фикр, ғоялар пайдо бўлиши мумкин ва улар ҳафа бўлишлари мумкин. Лекин, Марк Вайлнинг ўзида қандай мақсад эди бу каби мавзуларни кўтаришдан? Унда провокация қилиш, гижгижлаш мақсади бўлганми?

Йўлдошев: Марк Вайль, биринчидан, яхши ижодкор бўлган. Ҳеч қандай провокация, гижгижлаш деган нарса бўлган эмас. Аввало, спектаклни кўрмаган одам билан шу спектакль ҳақида гаплашиш қийин. Дин мавзусида фақат шу "Қуръонга тақлид" қўйилган. Унда, ҳали айтганимдек, Қуръонга қарши чиқадиган фикр ҳам йўқ, сўз ҳам йўқ, саҳна ҳам йўқ. Марк Вайль катта ижодкор бўлгани учун, Пушкиндек авторларнинг асарларига қўл уриб, буюк спектакллар яратиб кетган одам.

Би-би-си: "Оппоқ, оппоқ, қора лайлак" спектаклини оладиган бўлсак, ундаги баъзи мавзулар, масалан ҳамжинсбозлик ўзбек анъанавий жамиятида салбий қабул қилиниши мумкин. Уни оддий ўзбекистонлик провокацион деб қабул қилмасмикан?

Image caption "Камалак нидоси" спектакли

Йўлдошев: Бундай деб ўйламайман. Спектаклда муҳаббат, биринчи муҳаббат намойиш қилинган. Бу спектаклда ахлоқсиз, очиқ-ойдин саҳналар, ёки сиз айтган мавзуга оид очиқ-ойдин гаплар борми? Ҳаммаси таҳмин. Ҳаммаси қоғозга ўралган. Бу Абдулла Қодирийнинг асари. Қодирийнинг асарида ҳудди шу воқеалар бўлган. Спектаклда асосан шу қаҳрамон бола ҳақида омма тарқатган гаплар ҳақида сўз юритилади. Спектакль сюжетини яхшилаб қарасангиз, ташқаридаги одамлар йўқ мавзуни пуфлаб-пуфлаб, пуфак қилиб ёрганини кўрасиз. У ёш бола, қаҳрамон, аслида бошқа эркакни севиб қолмаган. Уни дўст сифатида яхши кўрган, дўсти эса уни бошқача талқин қилган. У болани қора лайлакка айлантирганлар аслида халқ бўлади. Спектакль асосида биринчи муҳаббат ётади. Одам итни ҳам севиб қолиши мумкин, ёки ўқитувчисини севиб қолиши мумкин. Лекин, бу дегани у ўқитувчиси ё ити билан бир умр эр-хотин бўлиб яшайди дегани эмас. Биринчи муҳаббат шундай бир нарсаки, билмайсиз у қачон келади, келадими ўзи? Бу бир туйғу, туйғуга берилиш ё берилмаслик одамнинг ўзига боғлиқ. Спектаклдаги бош қаҳрамонга шу туйғу келади, лекин у унга берилмайди. У дўст бўлиб қолмоқчи бўлади.

"Илҳом" театрининг бугунги актёрлари нақадар кучли? Жон-жаҳдлари билан ишлайдиларми? Нима учун ҳаммаси 2010 йилда кетворишди? (Янги раҳбар Борис) Ғофуровдан ташқари ҳамма кетиб қолди. Ёки бирга ишлаша олмадими? Азиза Содиқова, Берлин

Йўлдошев: Буни қаранг, Азиза ўзи нимага кетворган экан? (Кулади) Шуни сўрамоқчи эдим. Азизанинг ўзи ҳам ҳудди шу одамларга ўхшаб кетворган. Улар ҳам Азизага ўхшаб кетворишди. Ўтирган - бўйра, юрган - дарё, деган гап бор, одам дунёни кўргиси келади, юргиси келади. Манам кўп жойларга борганман, 1 йил, 1,5 йил ишлаб келганман, лекин ҳар доим қайтиб келгим келади. Ҳамманинг табиати ҳар хил, кимдир кетворгиси келади. Мен илдизим билан шу ерга кириб кетганман, Тошкент атмосфераси, қариндош-уруғларим, "Илҳом"сиз, Чиғатой мозорисиз ман кўп яшолмайман. Бир-икки ойда соғиниб қоламан, бориб тураман... Шу ўринда Азиза Содиқова ҳақида бир гапни айтмоқчи эдим. Мен ҳар сафар "оппоқ, оппоқ, қора лайлак" спектаклини ўйнаганимда, саҳна орқасида туриб, Азизанинг мусиқасини эшитиб, бу қизнинг дидига, шу асарни ичидан сеза олиб, ажойиб мусиқани ёзганига шахсан ўзим раҳмат айтишни истаб юрардим. Ҳозир шу фурсатдан фойдаланиб, Азизага шу спектакль мусиқаси учун катта раҳмат демоқчи эдим. Раҳмат, Азиза.

Нима деб ўйлайсиз, Марк Вайлнинг ўлимидан аслида қандай кучлар манфаатдор эди? Наргиз Ўздемир, Истанбул

Марк Вайль нима учун ўлдирилди? Шаҳноза, Лондон

Йўлдошев: Мен билмаган нарсамни билмайман деб жавоб бераман. Бу воқеанинг деталлари қоронғу менга. Ҳеч қачон қизиқмаган ҳам. Бу билан қизиқишнинг кераги ҳам йўқ, чунки уни қайтариб бўлмайди. Кўролмаганлар ўлдирган деб ўйлайман. Тарихда бундай генийларни кўп ўлдиришган. Кимгадир керак бўлгандир. Кимдир кўролмагандир. Шунча йил давомида ҳақиқатдан ҳам қизиқмаганман, нима учун ва кимлиги билан. Мен учун факт - шу инсон йўқ бўлди, кимдир шу инсоннинг ҳаётига зомин бўлди. Мен учун фақат хотираси қолган, бу одамнинг театри ва ижоди қолган. Ҳудди шу савол бераётган одамларга ўхшаб, бу савол менда ҳам очиқ қолган.

Би-би-си: "Илҳом" театрининг бугуни ҳақида нима дея оласиз? Театр раҳбари Борис Ғофуров икки йил аввал театр қийналаётганини айтиб, ҳатто томошабинлардан томни таъмирлаш учун пул сўраганди.

Йўлдошев: Кеча мана ишга тушдик, театрни ремонт қилишибди, томни тузатишибди. Кеча театримизда йиғилиш бўлди, янги планлар ҳақида гапирилди. Лекин, театрдаги пул етишмовчилиги Марк Вайль пайтида ҳам бўлган. У пайтда ҳам спонсорлар қидириларди, пул сўраларди, лекин у пайтлар бунга ҳеч ким эътибор бермасди. Кейин эса "Энди Марк йўқ, театр муҳтож" деган гап чиқиб қолди. Театр ҳар доим муҳтож бўлади, ҳамма театрлар ҳам муҳтож. Бошқа театрлар ҳам борсангиз, уёғи йиқилган, буёғи тушиб кетган, масалан, Муқимий театри ҳам бир неча йилдан бери ремонтга муҳтож, Аброр Ҳидоятов театри ҳам бир неча йилдан бери ёрдамга муҳтож. Ҳамма жойда бундай муаммолар бор.

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ