Ўзбек ҳукумати ҳисоб-китоби: иқтисодий ўсишда қўшиб ёзиш, заём пулида уриб қолишми?

Ўзбекистонда 1992 йилги 12 фоизли ички ютуқли заём облигацияларига нисбатан паст коэффициент белгиланиши мижозларнинг норозилигига сабаб бўлган.

Халқ банки бўлимлари олдига заёмни алмаштиришга тўпланган одамлар ушбу нархларнинг нореал эканлигини билдиришган.

Ижтимоий тармоқларда заёмларга кўпроқ пул умидвор бўлишганини ва орзулари чиппакка чиққанини ёзишган.

Қаршилик ҳуқуқ фаоли Нодир Аҳатовнинг гувоҳларга асосланиб маълум қилишича, Халқ банкининг Қашқадарё вилояти филиалида тўпланган тумонат одам биринчи мижоз облигацияларини алмаштириб чиқиши билан норозилик билдирган.

Халқ банки сайтида кўрсатилган рақамлар бўйича, 1000 сўмлик заём топширган мижозга ютуқ тўланмаган ҳолда белгиланган 1,373 га кўпайтирилиб 1373 сўм берилган.

“Жанжал бўлди, деди. Пулларнинг фоизини жуда ҳам кам беряпти экан, одамлар норози бўлганидан кейин милициялар келган. Норозиларни ичкарига олиб кириб кетишган. Танишимнинг айтишича, у ерда одамларни урганми, "вой-дод", "дупур-дупур" товушлар келган. Мени ўзим ҳам облигацияни алмаштиргани келувдим, қочиб кетдим, деди”, - дейди Нодир Аҳатов.

Ҳуқуқ фаоли Халқ банкига борганида, облигацияни алмаштириш учун кам сонли одамларнинг ўтирганига гувоҳ бўлган.

Ўша ерда ўтирган мижозлар банкка милиция келганини ва айрим одамларни банк ҳовлисига олиб киришганини тасдиқлашган.

Банк мижозлари Нодир Аҳатов билан суҳбатда облигацияларга белгиланган коэффициентлар адолатсиз эканлигини, ўша вақти 10 минг сўмга битта машина олишган бўлса, бугун давлат алмаштираётган пулга бир кило гўшт олиш амримаҳоллигини билдиришган.

Ҳодисага аниқлик киритиш мақсадида Халқ банкининг Қашқадарё вилояти филиалига қўнғироқ қилдик. Бироқ кўрсатилган телефон рақамларига ҳеч ким жавоб бермади.

Облигацияларга белгиланган нархлар Интернет ижтимоий тармоқларида ҳам баҳс мавзусига айланган.

Иштирокчилар, “заёмларни топшириб ўзларини еттинчи осмонда ҳис қилиб юришганини ва орзу умидлар билан машина салонларини айланишганини” айтган.

Бир Twitter фойдаланувчиси, “Иккинчи жаҳон урушидан сўнг японлар давлатнинг оёққа туриб олиши учун уйларидан тилло тақинчоқларини олиб келиб топширганини, ушбу заёмларга кетган пул эса мижозлар томонидан Ўзбекистонда давлат ривожи учун қўшилган ҳисса дея талқин қилиниши кераклигини”, ёзган.

Twitterдаги бир фойдаланувчига кўра Гулистонда бир ўқитувчи 100 минг сўмлик заёмларни навбатсиз топшириш учун 100 доллар пора берган.

Заёмларни қабул қилиб олиш эълон қилинганидан сўнг жуда ҳам катта навбатлар вужудга келган эди.

Ўзбекистон давлат идораларида ишлаган ҳозир Қозоғистонда истиқомат қилувчи иқтисодчи Сапарбой Жубаев ҳукумат заём чиққан 1992 ва 1994 йиллардаги инфляцияни инобатга олмаган ҳолда бугунги коэффициентни белгилаганини айтади.

“Ҳукумат ўзбек сўми зарб қилинган 1994 йилдан бошлаб 2014 йилгача бўлган инфляцияни кўзда тутмоқда. Энг катта инфляция эса 1992-93 ва 94 йилларда бўлган эди. Шу инфляция кўзда тутилмай турибди”, - дейди Сапарбой Жубаев.

Иқтисодчига кўра ўша вақтдаги инфляция ҳам кўзда тутилганда ҳозир коэффициент 2000 деб олиниши ва 1994 йили ўзбек сўмининг қиймати минг баробар туширилиши ортидан 1000 сўмлик облигацияни 2 га кўпайтириш лозим.

Иқтисодчи, ўша вақтдаги 10 минг сўмга машина сотиб олиш мумкин эди, деб солиштириш иқтисодий назарияларга тўғри келмаслигини билдирди.

“Чунки бугунги кунда сотиб олиш имконияти умуман бошқа. 1992 йилнинг биринчи июлида Совет даврининг системаси сақланиб қолганди. У вақти нон ва эҳтиёж учун зарур моллар жуда арзон эди. Машиналарнинг баҳоси эса қиммат бўлган”, - дейди Сапарбой Жубаев.

Собиқ давлат амалдори ҳукуматнинг ҳозирги белгилаган коэффициенти адолат нуқтаи назаридан олганда камлигини эътироф этади. Бироқ ўша даврдаги сотиб олиш қобилиятини ҳозир ҳеч бир давлат қайта тиклай олмайди.

“Умуман унутиб кетса ҳам бўларди, деган нарса-да бу. Унақада одамлар "умуман унутиб юборди", деб гапирарди. Масалан, Совет даврида банкка қўйилган пуллар деярли йўқ бўлиб кетди-ку”, - дейди Сапарбой Жубаев.

Бу мавзуда батафсилроқ