Янги лойиҳа Тошкент йўлларидаги қоидабузарликлар олдини оладими?

Айрим ҳайдовчилар хавфсизликни таъминлаш учун жарималар миқдорини ошириш, порахўрликнинг олдини олиш учун эса, ДАН ходимларининг маошларини кескин кўтариш кераклигини таъкидлашади
Image caption Айрим ҳайдовчилар хавфсизликни таъминлаш учун жарималар миқдорини ошириш, порахўрликнинг олдини олиш учун эса, ДАН ходимларининг маошларини кескин кўтариш кераклигини таъкидлашади

Тошкентда журналистлар йўл ҳаракати билан боғлиқ вазиятни яхшилашга бел боғлаган. Radar.uz қўшма ахборот лойиҳаси мамлакат йўлларидаги қоидабузарликлар ҳақида жамоатчиликка билдириш ва ечимлар таклиф қилишни мақсад қилган.

Лойиҳани kun.uz, daryo.uz ва gazeta.uz сайтлари ишга туширган. Лойиҳа муаллифлари мамлакат йўлларида хавфсизлик масаласи кундан кунга жиддийлашаётганини ва қоидаларни оммавий бузиш оддий ҳолга айланиб қолганидан бунга ҳеч ким эътибор қаратмаётгани айтади.

“Вазиятни яхши томонга ўзгартириш вақти келди”, - деб ёзади лойиҳа ташаббускорлари.

Radar.uz лойиҳаси ташаббускорлари унинг барча қизиқучилар учун очиқлигини ва йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида аҳвол ачинарли эканлигини яққол мисоллар билан манфаатдор томонлар ва жамоатчиликка билдириш эканлигини ёзади. Ушбу лойиҳа кўтарилган муаммолар юзасидан эҳтимолий ечимлар таклиф қилишни ҳам ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Лойиҳа иштирокчилари биринчи акция сифатида Тошкентдаги чорраҳарларнинг бирида мониторинг ўтказган. Бир соатлик кузатув давомида йўл ҳаракати қоидаларини 85 марта қўпол равишда бузиш қайд этилган. Ушбу қоидабузарлар жаримага тортилганида давлат ғазнасига 28 минг доллардан кўпроқ жарима тўлашига тўғри келарди.

“Агар йўл ҳаракати қоидаларини бузганлар учун аниқ ишлайдиган механизм бўлганида эди, ушбу ҳолатда давлат ғазнасига 65 миллион 879 минг 979 сўм жарима кўринишида тушган бўларди”, - дейди radar.uz лойиҳаси ходимлари.

Ҳайдовчилик маданияти

Ўзбекистон йўлларида машиналарнинг кўпайиши ортидан ҳайдовчилик маданиятининг йўқолиб бораётгани ҳақида кўп айтилади.

Маҳаллий матбуотда қайд этилган йўл транспорт ҳодисаларини мунтазам ёритиб бориш йўлга қўйилмаган бўлса-да, фэйсбукдаги “Водители Ташкента” гуруҳи иштирокчилари ўзлари гувоҳ бўлган ҳодисаларни саҳифага жойлаб боради.

Тошкентлик ҳайдовчи Нуриддин ака йўл қоидаларининг бузилмаслиги учун ҳайдовчи билимга эга бўлиши кераклигини айтади.

“Қоидага риоя қилиш одамларнинг ўзида бўлиши керак. Ҳайдовчилар бир бирини ҳурмат қилиши ва қоидаларни бузмасликка ҳаракат қилиши керак. Камера ва радарлар қўйиб шунга олиб келишяпти”, - дейди Нуриддин ака.

Айрим ҳайдовчилар хавфсизликни таъминлаш учун жарималар миқдорини ошириш, порахўрликнинг олдини олиш учун эса, ДАН ходимларининг маошларини кескин кўтариш кераклигини таъкидлашади.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда ҳаракатнинг хавфсиз бўлиши учун пиёдаларнинг ҳам масъулияти оширилиши, уларга ҳам жазо қўллаш йўлга қўйилиши лозимлиги айтилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ