Ўзбекистонда моли куйган савдогар бошини қайга урсин?

Image caption Чинни бозордаги 160 ортиқ ёниб кул бўлган дўконларнинг ҳар бирида энг камида 10 миллион сўм ёки 4200 долларлик товар бўлган

Хабарлардан маълум бўлганидек, Тошкент вилояти Зангиота тумани ҳудудида жойлашган ва халқ орасида "Чинни бозор" номи билан машҳур бозорга ўт кетди.

Аммо, Ўзбекистонда бозорлар ёниши илк бор кузатилаётгани йўқ. Мамлакатда энг тез-тез ўт кетадиган жой бу бозорлардир.

Чинни бозордаги 160дан ортиқ ёниб кул бўлган дўконларнинг ҳар бирида энг камида 10 миллион сўм ёки 4200 долларлик товар бўлган.

Тужжорларнинг ушбу товарларига бирор ташкилот товон пули ундириб бермаслиги айтилади.

Суғурта-чи?

Ўзбекистонда суғурта бозори йилдан-йилга ўсиб бораётгани, суғуртанинг турига қараб, ҳукумат ҳар хил қонунлар қабул қилгани кузатилса-да, ҳануз бу бозор ҳамма соҳаларни қамраб ололмаган.

Тошкентдан таҳлилчи Суҳроб Исмоиловга кўра, охирги йилларда бу борада асосан иккита соҳага эътибор қаратилмоқда.

"Асосий диққат автоулов ҳайдовчиларини жавобгарлигини суғурта қилишга қаратилади, бу борада қонунлар ҳам қабул қилинган. Чунки, бу соҳада жуда кўп низолар бўлиб туради. Иккинчиси, хавфли бир меҳнат шароитида иш берадиган одамларнинг жавобгарлигини суғурта қилиш", дейди Суҳроб Исмоилов.

Бундан ташқари, Ўзбекистондаги суғурта компаниялари анчайин фаол экани айтилади. Ҳозирги пайтда 30га яқин суғурта компанияси хизмат кўрсатади. Аммо, Суҳроб Исмоиловга кўра, ҳали бу суғурта ширкатларининг муайян соҳаларга ихтисослашуви кузатилмайди.

"Суғурта ширкатлари кўпинча бир-бирларини рискларини қоплаш билан шуғулланяпти. Ўзлари бозорга дадил кириб, масалан, фермер хўжаликларини зарарини суғурталайман, бугундан бошлаб мана шу соҳада хизмат кўрсатаман, шу соҳани танлаб оламан, дея олмайди. Ёки, биз фақат кимёвий заводлар соҳасидаги суғурталар билан ишлаймиз, ё-да, тиббиёт соҳасида... тиббиёт соҳасида ҳам кўп хатолар бўлиб туради, шунақа ҳолатларни суғурталайдиган хилма-хиллашиш ёҳуд ихтисослашиш мавжуд эмас", дейди у.

Тижоратчининг зиёнини ким қоплайди?

"Бу қийин масала, чунки оддий жиноят ишларини кўрадиган бўлсак, бировнинг уйига ўғри тушган бўлса, у ўғрини тутишган бўлса ҳам, одамлар зарарини қоплай олмайди. Давлат энг кўп қилиб берадигани, жавобгар шахсни 10 йилгача қамоққа ташлаб бериши мумкин. Ва кейинчалик бу одам бирон жойда ишласа, ойлигидан бир қисмини узади деб белгилаб қўйиши мумкин, лекин унақа суръатда қачон узади, уза оладими - йўқми, бу қийин масала", дейди таҳлилчи.

Аммо, ишларини юрғизиб юбориш учун банклардан кредит олган ёки хусусий шахслардан қарз олган одамлар ҳам йўқ эмас. Уларнинг муаммоларига қандай ечим топиш мумкин?

"Сиз сўраётган ҳолатда ҳам, тижоратчининг молига бирон-бир зарар етган бўлса, улар суғурталанмагани аниқ. Таваккалчилик бор, аммо уни кафолатловчи механизм йўқ. Ҳатто, атайлабдан ўт қўйилди, дейиляпти бозорга, бу исботланиб, масъуллар қўлга олинган тақдирда ҳам уларга етказилган зарарни қоплатиш жуда мушкул масала", дейди Суҳроб Исмоилов.

Савдодаги мол

Боз устига ушбу тужжорлар Қозоғистон ёки Қирғизистондаги каби ҳокимият олдига ёниб кетган молларига тўлов ундириш учун чиқолмайди.

Биринчидан, уларнинг Ўзбекистонда ҳар қандай тўпланишлар қонун томонидан қаттиқ назоратга олинган. Буни истасангиз ҳам қила олмайсиз.

Иккинчидан, бозорда импорт молларини сотаётган аксар тужжорларнинг моллари қонундан ташқари. Яъни, улар олиб келган товарларнинг аксар қисми Божхона тўловларисиз олиб кирилган. Агар божхона тўловларини тўлаб мол олиб кирмоқчи бўлсангиз, ички рақобатга чидай олмайсиз ва касодга учрайсиз.

Тужжорлар эса, уларнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда кенг ёйилган бир карго фирмаси хизматидан фойдаланишади. Хитой, Туркия ёки Бирлашган Араб Амирлигидан диний зотлардан ташқари истаган товарингизни ушбу фирма Тошкентдаги омборига олиб кириб беради.

Савдогар ушбу молларни ўша фирма омборидан ўзи билган йўллар билан олиб чиқиб кетади. Агар Тошкентдаги бу фирма бозори жойлашган ҳудуднинг орқа томонига ўтсангиз, дейди гувоҳлар, пана йўллар билан товарларини бозорга олиб кетаётган тужжорларни кўришингиз мумкин.

Ушбу карго фирма орқали мол олиб кирган савдогарлар, кузатувчиларнинг ҳамда тужжорларнинг фикрича, ҳар доим ҳуқуқ тартибот ва солиқчиларнинг ўлжаси бўлиб қолаверади.

Уларнинг молини исталган вақтда рейд ўтказиб мусодара қилишлари мумкин. Шунинг учун ҳам, ёниб кетган молларга товон ундириш ҳеч қайси савдогарнинг хаёлига ҳам келмаётган бўлиши мумкин дейди улар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ