Жиззахда бюджет ходимлари дала ишларига жалб қилинмоқда

Image caption Ўзбекистон ҳукумати пахтани етиштириш ва йиғиштириб олиш ишларига оммавий сафарбарлик йўқлигини айтади

Жиззах вилоятида бошқа бюджет ходимлари билан бир қаторда кўзи ожизлар жамияти ходимлари ҳам дала ишларига жалб қилинган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари мустақил жамияти хабар тарқатган.

Жамият Жиззах вилояти бўлими Пахтакор туманида мониторинг ўтказиш орқали ушбу мажбурий меҳнатни қайд қилганини айтмоқда.

Хабарда вилояти раҳбарлари пахта чеканкасига Зарбдор туманидаги кўзи ожизлар жамияти ва болалар уйи хизматчиларини олиб чиқишди, деб ёзилади.

Вилоятнинг Пахтакор туманида мониторинг ўтказган жамиятнинг Жиззах вилояти бўйича раҳбари Ўктам Пардаев жуда кўпчилик бюджет ташкилоти ходимлари ғўза чеканкасига жалб қилинганини айтади.

“Жиззах вилоятида чеканкага кўзи ожизлар жамияти, меҳрибонлик уйлари, болалар боғчаларидан тарбиячи, ишчилар чиқяпти,” – дейди Ўктам Пардаев.

Пардаевга кўра дала ишларига кўзи ожиз одамлар ёки меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари жалб қилинмаган.

Ўзбекистонда давлат ишчиларининг ўз вазифалари қолиб қишлоқ хўжалик ва ободонлаштириш ишларига жалб қилиниши одатий ҳолга айланиб бораётгани айтилади.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари мустақил жамияти Жиззах вилоят бўлими раҳбари Ўктам Пардаев ўзлари мониторинг ўтказган далада Кўзи ожизлар жамиятининг ишчиларини кўргани учун ҳам улар ҳақида хабар беришганини таъкидламоқда.

“Мен Пахтакор туманининг совхозларига бориб мониторинг қилганимда, кўзи ожизлар жамияти ва меҳрибонлик уйларидан ходимларнинг ишлаётганини ўз кўзим билан кўрдим. Расмларга тушириб келганим учун айнан шулар тўғрисида ёзганман. Кейин билсак Дўстлик туманида Кимё бошқармасидан, банкирлар, ҳамширалар ҳам мажбурий тартибда чеканка қилиб юришибди,” – дейди Ўктам Пардаев.

Маълум бўлишича, давлат ташкилотларида ишловчи ушбу ходимлар эрталаб соат 7 дан кечки соат 6 гача 11 соат пахта даласида ғўзани чеканка қилиш билан шуғулланади.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг билдиришича, ҳокимият томонидан улар фақат транспорт билан таъминланади. Тушлик овқатларини ишчиларнинг ўзлари олиб боради. Бир кунда 11 соат ишлагани учун ҳеч қандай ҳақ берилмайди.

“Ҳеч қандай ҳақ берилмайди.Тарбиячилар давлат ишида ишлагани учун мажбурий тартибда олиб кетишади. Агар бирортаси бош тортиб бормайдиган бўлса, раҳбарлар томонидан аризангни ёз деб, ишдан бўшатишгача боряпти,” – дейди Ўктам Пардаев.

Ҳуқуқ ҳимоячисига кўра, далага чиқарилаётган ишчиларнинг вазифаси ҳамкасби зиммасига юкланишини ва ходимлар икки кишининг ишини қилишга мажбур бўлиб қолмоқда.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари давлат ташкилотларида ишловчи ходимлар кунлар исиб ерга уруғ қадалгандан бошлаб то пахта ҳосили териб олингунча дала ишларига жалб қилинишини таъкидлашади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02