Ўзбекистонда яна ёнилғи тақчиллиги юзага келган

Image caption Яна бензин бошоғриғи...

Аввалига шаҳобчалардан дизел йўқолган кейинчалик бензин учун навбатлар пайдо бўла бошлаган.

Самарқандда бир литр бензининг нархи қўлда 5000 сўм ёки 2 доллардан сотилаётгани хабар қилинмоқда.

Иқтисодчилар Ўзбекистонда бензин нархи суъний равишда баланд қилиб қўйилгани ва бундан бир иккита монополист ташкилотлар манфаатдор эканлигини айтишади.

Ижтимоий тармоқларда ёнилғи қуйиш шаҳобчалари олдида пайдо бўлган машиналарнинг узун навбатлари акс этган расмлар қўйила бошлаган.

Жиззахлик ҳайдовчи Қаҳрамон ака вилоятда бензин етишмаётгани ва натижада ёнилғи қуйиш шаҳобчалари бензинни яширган ҳолда нархини кўтариб сотаётганини айтади.

“Бензин йўқ, бор ерда ҳам яшириб сотаяпти. Йўқ, дейди. Кейин 2100 сўмлик бензинни 2500 сўмдан банкни тўлдириб беради”, - дейди Қаҳрамон ака.

Жиззахлик суҳбатдошимизнинг айтишича, давлат нархидаги бензин шаҳардаги айрим заправкаларда бор. Бироқ у ерда узоқ навбат кутишга тўғри келади.

Қўлда эса бензин 3,5 минг сўмдан сотилмоқда.

Тwitter ижтимоий тармоғида бензин нархи Самарқандда 5 минг сўмдан сотилаётгани ҳақида ёзилди.

Монополия!

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Ёнилғи "йўқолиб қолиши" биринчи марта рўй бераётгани йўқ

Сурхондарё вилоятида ҳозирча бензин тақчиллиги катта муаммога айланмаган.

Сурхондарёлик Ўрол Эрназаровга кўра, вилоятга бензинни Россия билан очилган қўшма корхона давлат нархида етказиб бермоқда.

“Бензинни ўз нархида олишяпти. Бизда Россия билан қўшма корхона бор. Ўша корхона ҳамма туманда ўзининг филиалларини очиб литрини 2050 сўмдан сотаяпти. Онда- сонда бўлмай ҳам қолади”, - дейди Ўрол Эрназаров.

Тошкентда истиқомат қилувчи мустақил журналист Бобомурод Абдулла пойтахт ёнилғи қуйиш шаҳобчаларида анчадан бери дизель ёнилғи ололмаслигини билдирди.

“Юк ташийдиган КАМАЗчилар, тракторчилар, чиқинди ташийдиган машиналар орттирганини сотади. Дизелнинг давлат нархи 2 минг сўм, ҳозир 3,5 сўмдан олаяпмиз. 4 минг сўмдан ҳам олган пайтимиз ҳам бўлган”, - дейди Бобомурод Абдулла.

Бобомурод Абдулла пойтахтдаги ёнилғи қуйиш шаҳобчаларида бензин учун катта навбат вужудга келганини кўраётганини айтди. Айрим заправкалар ёпиб қўйилган. Баъзиларида бензинни тижорий нархда яъни 3000 сўмдан сотиш йўлга қўйилган.

“Ўзбекнефтгаз” холдинг компанияси раисининг собиқ муовини, иқтисодчи Анвар Ҳусаинов Ўзбекистонда ёнилғи тақчиллиги вужудга келишига нефт конларидан етарли маҳсулот қазиб олинмаётгани ва нефт маҳсулотлари савдоси мамлакатда монополия остида эканлиги асосий сабаб эканлигини таъкидлайди.

“Ўзбекистонда нефт маҳсулотлари бозори йўқ. Ҳаммаси монополиялашган. Ўзбекнефтгаз миллий холдинги қазиб чиқаришдан бошлаб то нефт маҳсулотлари савдосигача бўлган жараённи қўл остига олган”, - дейди Анвар Ҳусаинов.

Иқтисодчига кўра Ўзбекистонда нархлар сунъий равишда кўтарилган ва бундан монополист ташкилот манфаатдор.

Нархларнинг қимматлиги эса қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштиришда ўз таъсирини кўрсатади. Натижада Ўзбекистон молларининг хорижда рақобатбардошлиги тушиб кетади.

“Ўзнефтмаҳсулот” акциядорлик компанияси бундан бир йил олдин ёнилғи муаммосида нефт маҳсулотларининг етишмаслиги сабаб бўлаётганини қисман тан олган ва муаммони бартараф этиш учун четдан хом ашё импорт қилишга ваъда берган.

Бироқ ваъдаларга қарамасдан ёнилғи борасидаги тақчиллик бу йил ҳам кузатилмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ