Энди тадбиркорга ҳокимиятнинг гапи ўтмайди...ми?

Image caption Оммавий байрамларга энди пулни ким тўласа экан?

Ўзбекистонда тадбиркорларни хайрия ишларига мажбурлаш тақиқланган.

Бу борада Вазирлар маҳкамаси махсус қарор чиқарган.

Ҳужжатда тадбиркорлар хайрия эҳсонлар шаклидаги ёрдамларни фақат ихтиёрий ва беғараз бериши мумкинлиги белгиланди.

Кузатувчилар ҳукуматнинг ушбу қарори парламент ва президент сайловлари арафасида қабул қилинганига эътибор қаратишмоқда.

Қарорга кўра, тадбиркорлардан шу вақтгача мажбурий йиғиб келинган хайрия маблағларига чек қўйилади.

Тадбиркорларнинг ихтиёрий равишда ёрдам кўрсатиши учун эса бюджетдан ташқари ғазначилик ҳисоб рақамлари очилади.

Навоий вилоятида кичик тадбиркорлик билан шуғулланувчи Аҳмад Би-би-си билан суҳбатда, ҳукумат томонидан ушбу қарорни қабул қилишга тадбиркорлар томонидан айтилган кўплаб шикоятлар туртки берган бўлиши эҳтимолини урғулади.

“Интернет нашрлари, чет эл радиоларида кўпчилик тадбикорлар ҳукумат бизни пул кўчириш учун мажбурлайди деган шикоятлари кўпайиб кетгани сабаб бўлган бўлиши мумкин. Яна сайлов олди компанияси ҳам бўлиши мумкин”, - дейди навоийлик тадбиркор.

Тадбиркорнинг билдиришича, уларни ҳокимият томонидан ўтказиладиган тадбирларга жалб қилиш одатга айланган. Болалар спортини ривожлантириш жағармаси, Соғлом авлод жамғармаси, футбол жамоаларини қўллаб қувватлаш ёки Умид ниҳоллари каби давлат томонидан ўтказиладагин йирик тадбирларга мунтазам пул ўтказиб туриш сўралган.

Ушбу пул ўтказиш ҳақидаги сўровлар ёзма шаклда эмас, балки оғзаки - дўқ пўписа шаклида бўлган.

“Рад этсангиз, ҳамма ўтказганидан сўнг сиз якка моховга ўхшаб уларнинг кўзига ёмон кўриниб қоласиз. Тишини қайраб ўтиради. Ўзбекистон қонунлари шундайки, тадбиркорлик қилмоқчи бўлсангиз қонун бузмасдан иложи йўқ. Текшириш жўнатади, департамент дегани бор, масалан, ўз маҳсулотингизни нақд пулга сотиб солиқдан қочасиз. Ҳукуматнинг қўлида восита кўп, ҳаттоки жиноят иши ҳам очиб юбориши мумкин”, - дейди Аҳмад.

Суҳбатдошнинг илова қилишича, қарор чиқишидан олдин Навоий вилоятида бу каби йиғимларга аллақачон чек қўйилганди.

Икки йил олдин мажбурлашлар авжига чиққан маҳал у икки йил давомида ўртача 25 минг доллар ҳомийлик қилишга мажбур бўлган.

“Спонсорлик қилиш 2010 йилда одат тусига киришни бошлади. 2012 йилгача давом этди. Мана икки йилнинг ичида ҳомийлик тўловлари учун 60 миллион сўм тўлаганман. Бу сумма фирмамни банкротлик ҳолатига олиб келадиган даражада эмас эди. Ўшани билиб, банкдаги пул айланмангизга қараб суммани айтишади. Солиқ идораси ва банкда бу маълумотлар бўлади. Шунга қараб бунинг обороти яхши, унга кўпроқ қўйинглар дейди”.

Тадбиркорнинг айтишича, ҳомийлик учун пул сўраш Навоий вилоятида икки йилдан бери тўхтатилган бўлса ҳам бошқа вилоятларда ҳамон мавжуд.

Жумладан, бу йил Наманган вилоятида ўтказилган “Баркамол авлод” спорт ўйинларига тайёргарлик учун тадбиркорлар хайрия ишларига мажбурланган, дейди у.

Навоий вилоятида тадбиркорларга бўлган муносабатнинг тубдан ўзгарганини вилоятдаги бошқа тадбиркорлар ҳам тасдиқлашди. Бирор иш очмоқчи бўлиб муаммо дуч келган тадбиркорларга вилоят ҳокимининг бевосита ёрдам бергани ва бунинг эвазига фақат ишни ривожлантиришни талаб қилгани борасида исми сир қолишни истаган яна бир тадбиркор айтиб ўтди.

Лекин бошқа вилоятларда аҳвол Навоийдагидек эмаслиги таъкидланади.

Юқоридан жуда ҳам кўп тадбир ўтказиш сўраладиган вилоят ҳокимликлари ушбу ҳаражатларни тадбиркорлар зиммасига юклашга мажбур қолаётганига урғу берилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02