Қирғиз чегарачилари бир ўзбекистонликни отиб ўлдиришди

  • 19 Август 2014

Қирғизистон оммавий-ахборот воситалари тарқатган хабарларга кўра, ҳодиса жанубий Боткен вилоятининг Қадамжой туманида Орто-Интимақ қишлоғи яқинида юз берган.

Улар Қирғизистон Давлат Чегара Хизматининг маълумотларига таяниб, хабар беришган.

Аён бўлишича, қирғиз чегарачилари 20-25 чоғлиқ номаълум шахслар билан Қирғизистон ҳудудида, ўзаро чегарадан 250 метрча узоқликда тўқнаш келишган.

Чегара Хизматининг билдиришича, улар қирғиз-ўзбек чегарасини ноқонуний кесиб ўтиб, Қирғизистондан Ўзбекистонга ноқонуний йўллар билан турли маҳсулотлар олиб ўтмоқчи бўлишган.

Аммо, худди шу ўринда, бу шахсларнинг ким эканликлари ва айнан нима олиб ўтмоқчи бўлганликлари очиқланмайди.

Қирғизистон томонига кўра, гуруҳ чегарачиларнинг "тўхташ", ҳақидаги буйруқларига қулоқ тутмайди ва аксинча, қаршилик кўрсатиб, уларни тошбўрон қилади.

"Шундан сўнг, чегарачилар ҳавога қарата бир неча бор огоҳлантирувчи ўқ узишади. Чегара бузувчилар бунга ҳам этибор бермагач, қўриқчилар қуролларини ишга солиб, улардан бирини яралашади", - дейилади Қирғизистон Давлат Чегара Хизматининг хабарида.

Қирғизистон томонига кўра, чегарачилари ўша ернинг ўзида ярадорга биринчи тиббий ёрдамни кўрсатишади.

Аммо, уларнинг айтишларича, қирғиз чегарачиларининг ўқидан яраланган шахс касалхонага етмай, жон таслим қилади.

Қолганлари эса, Ўзбекистон ҳудудида ғойиб бўлишади, дейилади Қирғизистон Давлат Чегара Хизмати маълумотида.

Уларга кўра, Ўзбекистон билан ўзаро чегара яқинида юз берган ҳодисада икки чегарачилари ҳам яраланади.

Жорий пайтда Қирғизистондаги масъул идоралар бу ҳақда огоҳлантирилгани, Давлат Чегара Хизмати эса, ўз текширув ишларини бошлаб юборгани айтилади.

Отиб ўлдирилган шахснинг жасади Ўзбекистонга қайтарилгани ёки йўқлиги ҳақида ҳам, ҳозирча, бирор бир маълумот йўқ.

Ўзбекистон томони ҳам ҳалича юз берган ҳодисага расман муносабат билдирмаган.

Биз юз берган сўнгги ҳодиса тафсилотларини маҳаллий журналист Шоҳруҳ Соиповдан сўрадик:

Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон билан ўзаро зиддиятли чегара ҳудудларига эга.

Ҳукуматлар миқёсида давлат чегаралари демаркацияси масаласида узоқ йиллардан бери олиб борилаётган музокаралар эса, ҳалиям ўз самарасини бермаган.

Сўнгги йилларда қирғиз-ўзбек ва қирғиз-тожик чегараларида бу каби ҳалокатли тўқнашувлар сонининг жиддий ортгани кузатилади.

Шу ой бошида Тожикистон чегара қўриқчилари ва уч нафар от минган номаълум қуролли шахслар ўртасида ҳам отишма юз берганди.

9 август куни Тожикистоннинг Тўпакўл аҳоли пункти яқинида рўй берган ушбу ҳодисада бир қирғиз чегарачиси отиб ўлдирилганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ