Президент Каримов яна Хитойга жўнаб кетди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Бу – Ўзбекистон президентининг 2001 йил апрел ойидан буён Хитойга қилаётган қарийб ўнинчи сафари бўлади.

Ўзбекистон раҳбарининг Хитойга икки кунлик давлат ташрифи чоғида айнан нималарни муҳокама этиши маълум эмас.

Ислом Каримов сўнгги бор Пекинда шу йил май ойида бўлган ва Хитойни “чин дўст”, деб атаганди.

Бу ҳақда тарқатилган расмий хабарларда икки давлат раҳбарининг учрашуви чоғида "ўзаро муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболи" ва "стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш" масаласига эътибор қаратилиши айтилади.

Яна, шунингдек, "томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар ҳам кўриб чиқилиши" қўшимча қилинади.

"Турли соҳаларда ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган ҳукуматлараро ва бошқа қатор ҳужжатлар имзоланиши мўлжаллангани" айтилади.

Ўзбекистон раҳбарининг Хитойга сўнгги сафари Украина инқирози ҳануз барҳам топмаган, расмий Тошкент билан Россия алоқаларига жиддий дарз етган бир манзарада кузатилмоқда.

Маҳаллий кузатувчилар эса, давлат ташрифининг август ойида ва устига устак, Ўзбекистон мустақиллиги санаси арафасида уюштирилганига диққат қаратишмоқда.

Уларга кўра, бу каби ҳолат Ўзбекистон раҳбарининг иш фаолияти учун анчайин ноодатийдир.

Хитой - Россия ва Оврўпо Иттифоқидан кейин Ўзбекистоннинг учинчи йирик савдо ҳамкори саналади.

Бунга қўшимча равишда, Хитой Ўзбекистонга катта миқдорда сармоя ётқизаётган саноқли давлатлардан бири ҳисобланади.

Агар, айрим маълумотларга таянилса, Хитойнинг Ўзбекистонга киритган ётирими миқдори 6 миллиард АҚШ долларидан ортади.

Ўзбекистоннинг ўзида эса, беш юзга яқин Хитой ширкати фаолият олиб боради.

Хитой Ўзбекистоннинг энергия, телекоммуникация, бензин-кимё, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва молия секторларига ётирим киритиб келади.

Шунингдек, расмий Пекин Ўзбекистон билан энергия соҳасида ҳамкорликни кучайтириш истагини очиқча баён қилиб келади.

Хитой Ўзбекистон пахтасининг асосий харидори ҳисобланади.

Ўзбекистонга телекоммуникация жиҳозлари сотишда ҳам пешқадам давлатлардан бири саналади.

Ҳамкорлик

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Икки мамлакат ўртасида дипломатик алоқалар 20 йил муқаддам ўрнатилган.

Икковлон орасидаги ҳарбий ҳамкорлик эса, 90-йиллар охирларида кучайган.

Бундан бир неча йил бурун Тошкент ва Сурхандарё вилоятларига Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангарилари сизиб кириши ортидан Хитой Ўзбекистонга ҳарбий жиҳозлар етказиб берганди.

Ўз навбатида Ўзбекистон Хитойга қидирувда бўлган уйғур фаолларини тутиш ва депортация қилишда кўмак бериб келади.

Яқинда Хитой юқори мартабали ҳарбий мулозими мамлакати Ўзбекистон билан ҳарбий ҳамкорликни янада кучайтиришдан манфаатдор эканини ҳам баён қилганди.

Ўзбекистон томони Хитойни Марказий Осиёдаги "ишончли дўсти ва садоқатли шериги", деб билади.

Президент Каримов 2011 йилда Хитойга қилган сафари чоғида "давлатлар, ҳукуматлар ва идоралараро 25 дан зиёд ҳужжат" имзоланганди.

Расмий хабарларда уларнинг умумий қиймати 5 миллиард АҚШ долларидан ошиши айтилганди.

Хитой ва Марказий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликка асосланган муносабатларнинг собиқ Шўролар Иттифоқи қулаши ортидан кучайгани кузатилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Халқаро таҳлилчилар дастлаб иқтисодий мазмунда бўлган бу алоқаларнинг кейинчалик сиёсий ва хавфсизлик соҳаларига қадар кенгайганига диққат қилишади.

Уларнинг бирдек эътироф этишларича, Хитой ҳозир минтақадаги етакчи иқтисодий куч бўлса, бир неча йилдан сўнг АҚШ ва Россияни ортда қолдириб, устивор ташқи кучга айланади.

Таҳлилчиларга кўра, Хитойнинг асосий бошоғриғи Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан 2.800 км узунликдаги чегарага эга Шинжон мухтор уйғур бўлгасидир.

Улар расмий Пекиннинг асосий мақсади - Шинжон ва Марказий Осиё ўртасида алоқаларни ривожлантириш орқали бўлганинг иқтисодий ва сиёсий барқарорлигига эришиш, дейишади.

Яқинда ғарблик таҳлилчилар ҳам, агар, расмий Пекин Шинжонга нисбатан қаттиққўл сиёсатини ўзгартирмаса, бўлга "иккинчи Чеченистон"га айланиши мумкинлиги билан огоҳлантиришганди.

Қўшни Афғонистон ва Покистондан келаётган исёнчилик хавфи, ўз ўрнида, Марказий Осиё давлатларининг ҳам асосий бошоғриғига айланган.

Устига устак, бу йил катта сондаги Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинлари афғон можаросига бирор бир ечим топмай, Афғонистонни тарк этишади.

Хитой Президенти Си Цзиньпин ўтган йил охирида Марказий Осиё мамлакатлари бўйлаб сафар қилган ва улар билан катта ёрдамларни кўзда тутувчи келишувларни имзолаган эди.

Ўзбекистонда ҳам икки томон ўртасида умумий миқдори 15 миллиард АҚШ долларидан зиёд деб кўрилган 31 ҳужжат имзолангани хабар қилинганди.

Тошкентда президент Си Цзиньпин билан учрашган жаноб Каримов эса, Хитойни Ўзбекистон ички ишларига аралашмаётгани учун мақтаганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ