Милиция подполковниги пиёдани уриб кетгани кескин қораланмоқда

Image caption Йўл ҳодисасига алоқадор милиция ходимларининг кўпда жазосиз қолиши айтилади

Тошкент шаҳар ИИБ транспорт бўлими бошлиғи милиция подполковнигининг ширакайф ҳолатда ўз хизмат машинасида пиёдани уриб юборгани ҳақидаги хабарлар интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларда кескин муносабатларга сабаб бўлган.

Хабарларга кўра, ҳодиса 18 август куни Юнусобод туманида рўй берган ва милиция ходими "жабрланувчига тегишли ёрдам кўрсатмай жиноят жойидан яширинган".

Пиёда олган жароҳатлари туфайли бир неча соат ўтиб, Тошкентдаги шифохоналардан бирида ҳаётдан кўз юмган.

"Новый Век" газетасининг Ички ишлар вазирлиги манбасига иқтибосан ёзишича, 43 ёшли жабрланувчи Чирчиқ тумани солиқ инспекцияси ходими Бахтиёр Усановдир.

Айни газета хабарига кўра, милиция ходими яқинларидан бирини жиноятни бўйнига олишга кўндиришга уринган, аммо у бунга рози бўлмаган. "Ҳодисадан тўрт соат ўтиб, у қўлга олинган", деб ёзади газета.

Ҳодиса ҳақида биринчилардан бўлиб хабар тарқатган Фейсбукдаги "Тошкент ҳайдовчилари" гуруҳи фойдаланувчилари ҳодисага ўта ғазабнок муносабат билдиришган ва жиноятга масъул шахс жиддий жазоланиши лозимлигини таъкидлашган.

Масуд Маҳсудов: "Нафақат маст, яна у воқеа жойидан яширинган. Бунинг ўзи уни ҳибсга олиш ва 5 йилгача озодликдан маҳрум қилишга омил бўлади, агар адашмасам...", деб ёзади.

Фирангис Имамова исмли Фейсбук фойдаланувчиси эса: "Масуд, қанақа 5 йил, нима деяпсиз, бу муддат у одамнинг виждонини қайтаришга етадими? Агар у марҳумга ёрдам берганида, қўрқоқдек яширинмаганида, балки у ҳозир тирик бўлган бўларди. Шундай экан, фақат бир умрга!!!" дейди.

Жамолиддин Икромзода исмли фойдаланувчи: "Пешонасидан отиш керак. Бу энг адолатли қарор бўлади..." дея ўта кескин муносабат билдиради.

Қадиржон Насыров исмли фойдаланувчи: "Барибир дунёда адолат мавжуд" деб ёзади.

"Ифлос, эркакмасакан. Яна куёвига айбни бўйнигга ол дегани нимаси", дейди яна бир Фейсбук фойдаланувчиси.

Кўплаб "Водители Ташкента" гуруҳи аъзолари жиноят содир этувчининг милиция бошқармасига алоқадор эканлигига урғу беришган.

Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан йўл-транспорт ҳодисаси илк бор кузатилаётгани йўқ, аммо кўпда улар жазодан қутилиб қолишлари ҳақида гапирилади

19 август куни Kun.uz интернет-нашри ҳамда Фейсбукдаги "Тошкент ҳайдовчилари" гуруҳи ҳам Аграр университет тарафда "Матиз" русумидаги автомобили пиёдани туртиб юборганини маълум қилганди. Аммо, кейин Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси маълумотига асосан автомобил ичида бўлган икки шахс ИИБга алоқадор бўлгани рад этилган эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ