Гулнора Каримова: 'Бизни итлардан ҳам баттар сақлашмоқда'

  • 21 Август 2014

Би-Би-Сига эксклюзив равишда йўлланган видео ва аудио тасмаларда Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова ўзи ва қизи Имоннинг Тошкентдаги уй ҳибсида "итдан ҳам баттар аҳволда" ушлаб турилганликларини айтган.

"Бизни уйда ушлаб туришибди. Уйдан ташқарига қадам ҳам босолмаймиз. Бизни итдан ҳам баттар шароитларда ушлаб туришибди. Менинг бармоқларимни синдирмоқчи бўлишди, руҳий босим ўтказишмоқда, уйимиз буткул ишғол қилинган", - деб айтган Каримова хоним.

Мобил телефони воситасида суратга олинган видеотасвирларда эса Гулнора Каримова ва унинг фарзандлари - Ислом ва Имоннинг, афтидан Президент Ислом Каримовнинг Дўрмондаги қароргоҳига киришга уринишлари акс этган.

Қишда олинган тасвирларда фуқаро ва ҳарбий кийимдаги шахслар Гулнора Каримова ҳамда фарзандларини тўхтатиб қолишга уринаётганини кўриш мумкин.

Уларнинг орасида қуроллилар ҳам бор ва видеода "қуролни оп қўй" деган овоз эшитилади.

Видеода Гулнора Каримованинг "Ота, ота!" деб қичқирганлари ва "Мен барибир ўтаман" деган хитоблари эшитилади.

Видеонинг қачон олингани маълум эмас, аммо унда Каримова хоним ва атрофидагиларнинг гулдаста кўтариб бораётгани акс этган.

Image caption Гулнора Каримованинг муаммолари ўтган йил кузида бошланган

Аввалроқ унинг ўғли-кичкина Ислом Каримов ўзининг туғилган кунида бобосини зиёрат қилишга уринганликлари, аммо бунга муваффақ бўлолмаганликларини айтган эди.

Шу йилнинг июнида Россия телеканалига берган интервюсида у онаси ва синглисидан ҳеч қандай хабар йўқлиги, уларнинг соғлиғидан ташвишда эканини айтган.

Британиядаги Оксфорд университетида таҳсил олаётгани айтилган кичкина Ислом Каримов июл ойида Интерфакс хабар агентлиги билан суҳбатда онаси Ўзбекистонни тарк этгани ҳақидаги хабарларни рад этган.

Ўтган ой Ўзбекистон маҳкамаси Гулнора Каримованинг яқин шерикларини узоқ йиллик қамоқ жазоларига маҳкум этган эди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Рустам Мадумаров ва Гаянэ Авакянларни қатор иқтисодий жиноятлар, жумладан, солиқ ва валюта жиноятларида айблаган.

Дипломатик тажриба ва йирик сармояга эга бўлган 42 ёшли Гулнора Каримова отасининг сиёсий меросхўрларидан бири сифатида кўрилган, аммо ўтган йил кузида муаммоларга юз тутган эди.

Гулнора Каримованинг Фонд Форум ташкилоти ва унга қарашли экани айтилган қатор телеканал, студия ва нашрлар фаолияти тўхтатилган.

Унинг ўзи Твиттердаги чиқишларида мамлакат хавфсизлик хизмати раҳбарларини коррупция, Президентни ихоталаб қўйиш ва давлат тўнтаришига уринишда айблаган.

Гулнора Каримова ўзига қарши ҳаракатлар ортида онаси Татяна Каримова ҳамда синглиси Лола Каримовалар турганини иддао қилган.

Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги элчиси бўлган Лола Каримова ўтган йил сентябрида Би-би-си Ўзбек Хизматига берган эксклюзив интервюсида опаси билан 12 йилдан буён гаплашмасликлари ва Гулнора Каримованинг президентликка даъвогар сифатида "имкониятлари катта эмаслиги"ни айтган.

Сешанба куни Президент Ислом Каримов ўз оиласидаги можаро бошидан буён илк марта рафиқаси Татяна Акбарова билан бирга Хитойга сафар қилган.

Бу мавзуда батафсилроқ