Каримов рафиқасининг расмий сафарга боргани аҳамиятлими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов рафиқасининг Хитойга расмий сафар мобайнида унга ҳамроҳлик қилгани баъзи таҳлилчиларнинг эътиборини ўзига қаратган.

Татяна Каримова расмий сафарларда турмуш ўртоғига кўпда ҳам ҳамроҳлиқ қилмаслиги рост.

Бошқа томондан расмий протоколга мувофиқ давлат раҳбари сафари мобайнида унинг рафиқасининг ҳам ҳозир бўлиши алоҳида эътиборга мойил ҳолат эмасдек.

Ана шу нуқтаи назардан Татяна Каримованинг расмий сафарга қўшилиб боргани аҳамият касб этадими?

Таҳлилчи ва социолог Алишер Илҳомовнинг айтишича, Каримова хонимнинг расмий сафарга қўшилгани Ўзбекистонда кузатилаётган жорий жараёнлар манзарасида ва шу вақтгача жаноб Каримов аксар ҳолларда рафиқасисиз сафар қилиб келгани назарда тутилса, албатта бу ҳолат хоҳлайсизми-йўқми эътиборни тортади.

Шу вақтгача Каримова хоним нима учун сафарларга бирга бормасди деган саволга аниқ жавоб бериш қийин.

Кузатувчилар, балки, Ўзбекистон раҳбари ўзини миллий давлатчиликни ташкил этаётган шахс сифатида тақдим қилишга уринаётган вақти рафиқасининг миллати назарга кўп ҳам тушишини истамаган бўлиши мумкинлигини тахмин қиладилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Татяна Акбаровна охирги маротаба 2011 йили Ўзбекистон Президентининг Ҳиндистонга сафарига ҳамроҳлик қилганди.

Алишер Илҳомовнинг фикрича, ҳозирда Татяна Каримованинг турмуш ўртоғи "ёнида" пайдо бўлиши биринчидан, Президент Кармовнинг ёндошуви ўзгарганидан, иккинчидан уни бунга мажбур қилаётган баъзи омиллар мавжуд бўлиши мумкинлиги сабаблидир.

Таҳлилчининг фикрича биринчи тахминнинг эҳтимоли камроқ.

"Иккинчи тахмин эса реалроқ. Чунки президентнинг қизи Гулнора Каримованинг шу йил бошларида Twitter микроблогида ёзган изҳоротларида онасининг турли "фитналар" билан шуғулланаётгани айтганди. Ана шулар асосида жаноб Каримов рафиқасини "назоратсиз" қолдиришни истамаганлигини тахмин қилиш мумкиндир".

Айтилаётган "фитналар" қандай бўлиши мумкин деган саволга келсак, Алишер Илҳомовга кўра, бу Татяна Каримова томонидан мамлакат келгуси раҳбариятида жорий президент оила аъзоларига содиқ бўлган шахслар мавжудлигини кафолатлаш ва иқтисодий жиҳатдан келажакни таъминлаш йўлида ҳаракатларни фаоллаштиргани ҳақида норасмий манбаларадан баъзи маълумотлар бор.

"Бир нарсани айтиб ўтиш керак, кўринишича Каримова хонимнинг ўзида ҳеч қандай сиёсий амбициялар йўқ, лекин ўзи ва оила аъзоларининг барқарор келажагини таъминлаш истаги бор холос".

Албатта Гулнора Каримованинг твитларидан ташқари Татяна Каримова турли соҳаларда ўз таъсирини ўтказмоқчи бўлаётганлигининг далил-исботлари йўқ.

Лекин Алишер Илҳомовнинг айтишича, Каримова хоним ўзи ва балки оила аъзоларининг келажагини "таъминлаш" йўлида ҳатти-ҳаракатлар қилаётган бўлиши мумкин.

Каримова хонимнинг Президент томонидан қабул қилинадиган қарорларга не қадар таъсир ўтказа олиши ҳақида ҳам турли қарашлар мавжуд.

Таҳлилчининг айтишича, мамлакат раҳбари билан яқин мулоқотда бўлиш имконига эга оила аъзоси албатта қарорлар қабул қилинишига таъсир ўтказиш имконига ҳам эга бўлади.

Бошқа томондан Президент рафиқаси ўз мавқеидан фойдаланиб, иқтисодий ресурсларнинг тақсимоти, турли таъсир доираларининг вужудга келиши ва кимга нима тегишли бўлиши борасидаги қарорларга ҳам ўз таъсирини ўтказаётган бўлиши мумкиндир.