"Сетора"дек гуруҳни Худо беради. Янги уч чиройли ёш қиздан сунъий янги гуруҳ ясаб бўлмайди"

Би-би-си меҳмони - "Сетанҳо" гуруҳининг аъзоси Комила Хўжаева.

Комила Хўжаева ўз дўстлари Лайло Галиева ва Феруза Латиповалар билан 1990-йиллар охирида тузилган "Сетора" гуруҳи таркибида ижод қилган. "Сетора" гуруҳи "Вафодоринг", "Ёнма", "Мактабим", "Сен борсан" каби ўнлаб хитларни яратиб, тез орада Марказий Осиёдаги машҳур ансамблга айланганди. Гуруҳ сўнгра "Сетанҳо" деб ном олди. "Сетора" гуруҳига эса бошқа уч нафар қўшиқчи қизлар танлаб олинди.

Комила, Лайло ва Феруза Тошкентдаги Рейнголд Глиер номидаги махсус мусиқий мактабнинг 1-синфиданоқ бирга ўқиганлар. Улар болаликданоқ гуруҳ тузишни орзу қилишган.

Лайло Галиева бугунда Ўзбекистонда ўз яккахон карьерасини жонлантираётган, ҳамда Феруза Латипова АҚШнинг Филаделфия шаҳрида яшаб ижод қилаётган бир вақтда Комила Хўжаева буткул ўзгача фаолият билан шуғулланмоқда.

Image caption Комила Хўжаева бугун иқтисод соҳасида фаолият юритади

Тошкент Иқтисодиёт университетининг Халқаро иқтисодий алоқалар факультетини тамомлаган, ҳамда Швейцарияда ўқиб нуфузли MBА бизнес дипломини олиб қайтган Комила бугунда иқтисодчидир. У ҳозирда қатор ёш ёрдамчилари билан Ўзбекистонда шоколад ишлаб чиқариш лойиҳаси устида ишлаётганини айтади.

Комила Хўжаева дастуримиз тингловчилари ва сайтимиз ўқувчилари саволларига жавоб берди. Вақти чегаралангани туфайли, барча саволларни етказа олмаганимиз учун сиздан узр сўраймиз.

"Ассалом алайкум! Сизга саволим: Сиз санъатга қайтасизми? Санъатдан кетганингизга вақтлар ўтиб афсусланмайсизми? Чунки, мен учун қизиқ-да, ширали овоз, қолаверса иқтидорингиз бор! Жавоб учун олдиндан раҳмат, қайси соҳада бўлсангиз ҳам ишларингизга омад тилайман!" Нодирбек, Москва

Хўжаева: Ҳа, чин юракдан гапирадиган бўлсам, афсусланаман. Санъаткор саҳнада туриб қабул қилиб оладиган меҳр ва томошабинларга улашадиган самимий эҳтиросларни эсласам, бу мен учун катта йўқотишдир. Мен соф ижодни соғинганман ва ана шуни йўқотганимдан афсусланаман. Мен шон-шуҳрат ва танилиш ҳақида гапирмаяпман, балки ўша қўшиқларимизни ёзиш, ижро этиш ва инсонларга шуни тақдим қилиш жараёнини соғинаман. Ҳа, мен ижоддан йироқлашгандирман, лекин барибир бир умидим бор, балки бизга яна ўша қўшиқларимизни жонли равишда ижро этишга рухсат беришар ва яна ўша эҳтиросларни қайта ҳис этарман. Мен ҳозир саҳнага чиқмаётган бўлсам-да, дўстлар орасида куйлаб тураман ва ана ўша лаҳзаларда ўзимни ҳақиқий бахтли ҳис қиламан. Шундай экан, ҳа, катта санъатдан кетганимдан чин қалбимдан афсусланаман.

"Сетора" гуруҳининг тарқалиб кетишини асосий битта сабаби нимада эди? Тарқалиб кетганига анча йиллар ўтди, демоқчиманки, яширмаган, очиқ ҳолда сабабини айтиш вақти келди". Дж Шод

Хўжаева: Биласизми, ўз вақтида бизнинг гуруҳимиз ва "Тарона Рекордс" продьюсерлик марказимиз ўртасида келишмовчилик юзага келди. Балки, биз қайсидир томондан ноҳақ бўлгандирмиз, чунки, айниқса молиявий тарафдан, мустақилроқ бўлишни хоҳлагандик. Бизда продьюсерлик тажрибаси йўқ эди, лекин қизлар ўзимиз мустақил фаолият юритсак, шу тажрибага эга бўламиз деб ўйлагандик. Бизнинг продьюсерларимиз эса бизни деярли болаликдан тарбиялашган ва шунинг учундир бизнинг мустақил бўлиш истагимизни кечирмаганлар, ва ҳозир ҳам балки кечирмаслар. Улар бизсиз ҳам бошқа "Сетора" гуруҳини ташкил қила олишларига ишондилар, биз эса, ўз навбатида, ўзимиз йўлимизни топиб кетамиз деб ўйладик. Балки тажрибамиз етмагани туфайли "Тарона"дан кетгач, мустақил гуруҳ бўлиб узоқ яшамадик. Афсуски, ёки бахтга қаранг, "Тарона Рекордс" ҳам бизга ўхшаган муваффақиятли "Сетора"ни туза олмади. Чунки, бундан гуруҳни Худо беради, уни бир кунда учта янги чиройли ёш қизларни йиғиб сунъий равишда ясаб бўлмайди. Иқтидор, сабр-тоқат, меҳнат керак. Хуллас, шу йўл билан шартномамиз бузилиб кетган. Шунинг учун гуруҳимиз номини "Сетанҳо" деб ўзгартиришга мажбур бўлганмиз. Бунинг маъноси "Сетора-танҳо" бўлган. Бизга кириллча, ё на лотинча алифбода "Сетора" сўзини ишлатиш ман этилган, чунки "Сетора" деган лейбл "Тарона Рекордс"га тегишли мулк эди. Бизда бошқа йўл қолмади, ва ҳали ҳам "Сетора" эканимизни билдириш учун шундай ном олдик. Бировлар танҳони "ёлғиз" деб таржима қилиши мумкин, лекин биз уни "ягона", "асл" маъносида олганмиз.

"Сетанҳо"нинг ришталари нега узилди? Мен билан интервьюда "Бизларни ҳеч қачон бир-биримиздан ажратиб бўлмайди", деб айтгандингиз. Дилдора Тулаганова

Хўжаева: (Кулади) Тўппа-тўғри. Бизни дўст сифатида ҳеч ким ажрата олмади. Ўзбек тилимизда "жигар" деган чиройли сўз бор. Бу қизлар менинг жигарларим, ҳақиқий оилам. Биримизда бахтли ёки ғамгин онлар бўлса, ўзимизникидек қабул қиламиз. Мен истаган пайтимда шу қизларимга мурожаат қила олишимни биламан. Мен ким эканлигимини ота-онам, оилам ва шу дугоналарим билишади. Мен ожиз ё қудратли бўлишим мумкин, ва ҳар қандай шароитда ўз жигарларим Феруза ва Лайлога юрагимни тўкиб сола оламан. Улар юрагимнинг бир парчаси. "Сетанҳо"нинг тарқалишига келсак, у пайтда, биринчи навбатда, Лайло ўзини яккахон хонанда сифатида синаб кўришни истади. Мен учун бу жуда оғриқли ҳол бўлганди. Лекин, яқин одамлар бўлганимиз учун, бора-бора буни тушундик, ва унга якка ўзи ижод қилишга рухсат бердик. Феруза ва мен эса бошқа қизни учинчи қилиб олишни истамадик, чунки бегона одам гуруҳимизга киришини тасаввур ҳам қила олмадик. Кейин мен ва Феруза ҳам балки мустақил йўлни тутиб кўришимиз керакдир деган хулосага келдик, чунки Феруза миллий мумтоз ўзбек қўшиқларини ижро этиб кўришни жуда истарди. У бу йўлда ажойиб куйлай олади. Мен эса, ниҳоят, бизнес маъмурияти дипломига ўқишдек орзуимга эришдим. Биз бир-биримизга мустақил тарзда ривожланиш шароитини яратиб бердик. Лекин, ҳаммамизда битта орзу бор, у ҳам бўлса, собиқ продьюсерларимиз "Тарона Рекордс" билан қайта тил топишиб, эски қўшиқларимизни ижро этиш ҳуқуқини олиш. Ҳар қалай бу қўшиқлар учун ҳуқуқ "Тарона"га тегишли, ва қонун устивор ҳисобланади. Лекин, мен ич-ичимдан ижод ютиб чиқади деб ишонаман. Биздан кейин кўп "Сетора"лар бўлди, лекин биз асл учовлон бўлганимиз учун "Сетора Танҳо" бўлиб қайтишимиз керак.

Би-би-си: Болаликдан бирга бўлган экансизлар. Гуруҳни ташкил қилиш фикри қачон ва қандай туғилган?

Хўжаева: Эслайман, бешинчи синфда ўқиётганимизда, Феруза: "Биз юлдузлармиз. Ҳозир қўшиқ айтамиз", деди. Мусиқий мактабда ўқиётганимиз учун, қўшиқ айтиш нималигини яхши билардик. Қандайдир қўшиқларни олиб, ўзимизнинг версиямизни ишлаб чиқарардик. Мен аввало Ферузанинг, кейин Лайлонинг ўзига бўлган ишончидан ҳайратланардим. Ўшанда бир-биримизга: "Ҳали бир артист бўлиб етишайлик, ҳатто кўчалардаги дарахтлар эгилиб, ана талантли юлдуз қизчалар келаяпти деб бизга таъзим қилади!" деб айтгандик. Мен ҳам шунга ишона бошладим. Бошимизга шон-шуҳрат келиб ёғилганида, бир нарсани англаб етдимки, бутун вужудинг билан бир нарсага ишонсанг, орзуларинг ушалар экан. Мени эшитаётган дўстларимизга ҳам айтмоқчиман, агар орзуингиз бўлса, унга ишонинг, у томон ҳаракат қилишдан тўхтаманг! Кейин, 19 ёшдалигимизда ниҳоят "Сетора" юзага келди. Лекин, аввалига Лайло икковимиз Консерваторияга ўқишга кирдик, лекин Феруза кира олмади. Унинг ажойиб овози бор эди, бутун вужуди билан мусиқага берилганди, пианинони ажойиб чаларди, лекин тақдир шу экан. Унда джаз гуруҳи таркибида Туркияга кетиш имконияти пайдо бўлди. Туркияда жонли тарзда қўшиқ ижро этиш сирларини ўрганиб олгач, Феруза Тошкентга қайтиб келди ва: "Қизлар, қани ўша орзуимиз? Мен саҳнадан қўрқмайман, келинглар, синаб кўрамиз ўзимизни", деб айтди. Ўшанда ўзимизда йиғиб қўйган пулларимиз, қисман ота-онамиз молиявий ёрдами билан "Севги, қайдасан?" деб номланган биринчи қўшиғимизни ёздик. Бизга ўша пайтда жуда таниқли бўлган "Сидериз" гуруҳининг менежери Мансур Тошматов продьюсерлик қилди. Кейинроқ айнан бизга ўхшаган қизлар жамоасини қидираётган "Тарона Рекордс" продьюсерлари билан танишиб қолдик. У пайтлар "Spice Girls"га ўхшаган гуруҳлар жуда машҳур эди. Ана шу йил билан профессионал продьюсерлар қўлига тушиб қолдик.

Ассалом алайкум, авваламбор "Сетора" гуруҳи ўз даврида энг зўр гуруҳ эди, агар улар ҳозир ҳам қайтишса, жуда кўпчилик уларни тинглашган бўлар эди. Савол: "Сетора" гуруҳи қайтиши мумкинми санъатга? Шерзод Сафаров

Хўжаева: Шуни айтаяпман-да! Лекин қачон қайтишимизни билмайман. Мен ҳар доим ўз гуруҳимиз ишқибозларига бошим ерга етгунча таъзим қилиб, раҳматлар айтаман. Чунки, сал мавзудан четлаб бўлса ҳам айтай, Яратганнинг ўзи менга, Лайлога ва Ферузага мана шундай инсонларнинг муҳаббатини ва садоқатини тақдим қилди. Мана "Тарона"дан кетганимизга 10 йил ошибдики, одамлар бизни шундай илиқлик билан эслашлари бу ўта йирик шараф биз учун! Учовимиз ҳам мана шундай инсонларнинг сўзларини эшитиб, илгари интилиб яшаймиз. Албатта, қайтамиз. Биринчи ўринда, учовимиз йиғилиб, жонли концертлар бериб кўришимиз керак. Шу ерда бир муҳим жиҳатдан айтиб ўтмоқчиман, буни ижодкор жуда чуқур тушуниб етар экан, у ҳам бўлса ўз оилангни қурбонлик келтириш. Мен ижод билан шуғулланишни истайман, лекин айни дамда, ота-онам қандай яшаётгани, болам қандай катта бўлаётганини кўришни истайман. Агар ҳозир бошим билан ижодга шўнғиб кетсам, бу мен учун жуда катта синов бўлган бўларди. Ҳақиқий ижод учун ёлғизлик билан тўлайсиз, ўзингизни қурбон қиласиз. Ҳақиқий ижодкорлар ўзларини саҳнадаги аланганда ёқадилар. Лекин, шуларни билсам ҳам, барибир ижодга жуда қайтгим келади.

Би-би-си: Сиз оиладан оғиз очдингиз. Кўп муштарийларимиз сизнинг шаҳсий ҳаётингизга қизиқаяптилар.

Хўжаева: Бу ҳеч кимга сир бўлмаса керак, мен DJ Piligrim (Илҳом Йўлчиев) билан, таъбир жоиз бўлса, ижодий бир иттифоқ тузганман. Бу икки ижодкорнинг ҳақиқий севгиси маҳсули эди. Афсуски, йўлларимиз кейин айри бўлди, лекин ҳали ҳам фарзандимизга ота ва она бўлиб қолаяпмиз. 10 ёшли Исом исмли ўғлимиз бор. Илҳомга баъзида айтиб тураман, "Илҳом, мана шу ўғлимиз бизнинг энг яхши лойиҳамиз!" деб. Исом ижодга жуда қизиқади. У менинг ижодимга нисбатан жуда тоқатли бўлган, лекин ҳозир у билан кўпроқ вақт ўтказаётганимдан жуда хурсанд. "Сиз мени мактабдан олиб кетишга келишингиз, мактаб йиғинларига келишингизни жуда яхши кўраман, ҳар қалай дадам - юлдуз, у кела олмайди", - дейди. У дадаси келишини жуда истайди, лекин биз икковимиз ҳам тушунамизки, дадамизнинг ўзига яраша мавқеи бор. Ўз шаҳсий ҳаётимга келсам, ҳаммаси жойида, ҳали турмушга чиққаним йўқ. Биласизми, мен учун биринчи турмуш тажрибаси жуда жиддий бўлди, ва турмуш қуриш ўзи қанчалар жиддий қадам эканини англаб етдим. Яна турмушга чиқишни хоҳлайман, албатта, лекин у нафақат қандайдир кимёвий эҳтирослар, балки ўзаро ҳурмат ва ишончга ҳам асосланган бўлишини истайман. Энг катта орзуларимдан бири - мен яна она бўлишни истардим. Мен феминизм тарафдори эмасман, менинг фикримча, аёл рўзғор фариштаси бўлиши керак. Аёл эрига ҳурмат-иззат билан муносабатда бўлса, эр ҳам ўзини масъул ҳис қилади, ана шундай шарқона иттифоқ тарафдориман.

"Сетора" гуруҳининг "Қора-қора" номли жуда кучли ижтимоий қўшиғи бўлар эди ва у гиёҳвандлик муаммосини кўтариб чиққанди. Клип ҳам ажойиб эди. Лекин, у икки-уч марта кўрсатишганидан кейин, эфирдан олиб ташлашди. Менинг қизларга саволим шу: Нима учун ўзбек шоу-бизнесида ижтимоий муаммоларга бағишланган қўшиқлар ҳуш қарши олинмайди? Дилдора Тулаганова

Хўжаева: Биласизми, балки менда ижтимоий муаммолар ҳақида чуқурроқ гапириш ҳуқуқи йўқдир, чунки бу шу муаммо билан бевосита ишлайдиган давлат қўмиталарининг ваколатига киради. Ва мен шу ерда Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорчилик билдириб ўтмоқчиман, чунки бизда гиёҳвандлик муаммосига жуда катта эътибор қаратилади. Бу иллатга қарши жамиятимиз ҳукуматимиз билан биргаликда курашиб келади. Лекин, айни бу қўшиққа келадиган бўлсак, гиёҳвандлик мавзуси у пайти долзарб туюлганди. Бугунга келиб жамиятимиз, менимча, бу борада етарлича тарбия олган, ёшларимиз ҳам бу қандай иллат эканини англаб етишган. 1990-йиллар ва 2000-йиллар бошларида анчагина ёшлар героин истеъмол қилишарди. Ўша пайтда оиламда катта фожеа юз берганди, лекин бу ҳақида бугун энди очиқ гапирсам бўлар - ўз амаким шу ҳалокатли одатга ўрганиб қолганидан кейин, биз ундан ажралиб қолганмиз. Ўша пайтда турли оилаларни учратганмиз, ва кимдир отаси, кимдир укаси ё акасини гиёҳвандликка бериб қўйганди. Тинчлик даврида шу қўрқинчли одатга ёш йигитларимизни қўлдан бой бериб қўйишимиз, албаттаки, фожеа бўлган. Балки бў қўшиғимиз жуда жасурона бир қадам бўлгани учун, жамият орасида унча қўллаб-қувватланмаган. Лекин, шунга қарамай, у одамларнинг юрагида шундай из қолдирганидан ва балки ёшларнинг онгига ижобий таъсир қилганидан мен жуда хурсандман.

Ҳурматли Комилахон, сизларнинг қўшиқларингизни ҳанузгача эшитаяпман. Айниқса, "Борсан" қўшиғингизга ишланган клип ҳанузгача тенги йўқдир. Барча қўшиқларингиз учун каттакон раҳмат. Саволим шуки, кўпинча муайян бир мусиқий гуруҳ тарқалганида, ушбу гуруҳ аъзолари алоқа ушлашмайди ва юз кўрмас бўлиб кетишади. Айнан сизлар гуруҳ тарқалганидан бери ўзаро учрашиб бўлмаса ҳам, гаплашиб турасизларми Диёр Мирзажонов

Хўжаева: Биласизми, биз 1-синфдан бери бир-биримизни таниймиз. Мактабда бўлган бир воқеани айтиб бера қолай. Аввалига Феруза ва Лайло дўстлашишган. 3 ё 4-синфда эди, улар иккови мени мазах қилмоқчи бўлишган. Ўшанда яхшигина уришиб олганмиз, болаларча. Ўшанда улар иккови мен ожиз қизча эмас эканимни англаб етишган, ва бутун дарс давомида мени кузатиб ўтириб, танаффус пайтида олдимга келишган ва улар билан ўйнашимни таклиф қилишган. Ўшанда иродаси кучли учта қизалоқ бирлашганмиз. Бир-биримизни вужудимиз билан ҳимоя қилардик. Айтмоқчиманки, мана шу яқинликнинг пойдевори бизда ҳали болаликда қуйилган. Шон-шуҳрат эса биз учун бир синов бўлди, ва бир-биримизнинг ожиз ва кучли томонларимизни ёрқинроқ кўрдик. "Борсан" клипи чиққанда, жуда кўп йигитлар, балки бутун Ўзбекистон йигитлари Лайлони севиб қолишганди, чунки у клипда аёлнинг нафосати ва ҳимояга мухтож эканлигини кўрсатиб бера олди. Бу севгилисидан айрилган ожиз қизча образи туфайли, Лайлога ошиқ бўлганлар жуда кўпайди. Агар бир-биримизни яхши билмаганимизда, қизлар ўзаро балки урушиб қолардик ва рашк қилиб ўшанда тарқаб кетган бўлардик. Умуман олганда, ҳар қайсимизда ўзимизга яраша роль бўлган. Феруза энг овози кучли ижрочи эди ва бугун ҳам мен уни Ўзбекистон хонандалари ичида энг яхши ва кучли вокалистларидан бири деб биламан. Лайло ва мен Ферузанинг кучли овозини янада тўлдириб берардик. Лайло гуруҳимизнинг нафис ва гўзал қиёфаси эди. Мен эса ташкилотчилик жиҳатидан фаол эдим, лойиҳалар, интервьюларни ўзимга олардим.

Швейцариянинг кайси олийгохида ўқигансиз? Қайси чет тилларда гаплаша оласиз? Раҳмат. Борман, Гамбург

Хўжаева: Мен чет тилларни жуда яхши кўраман. "Сетора" таркибида бўла туриб жуда кўп мамлакатларга боришга муваффақ бўлганман. Менга Швейцариядаги Женева шаҳри жуда ёқиб қолган, у ҳам кўп миллатли, лекин Лондон ёки Нью Йоркдек мегаполис эмас. Жуда катта шаҳарлардан бироз қўрқаман. Женевада эса жуда маданиятли жой. Унинг устига, Geneva Business School хусусий бизнес мактабига кириб ўқиш бахтига муяссар бўлдим. У ерда инглиз тилида ўқидим, лекин у ерда француз ва немис тилларидан ҳам гапирдим. Шу учта тилда гаплаша оламан.

Бу мавзуда батафсилроқ