Президент Каримов Ички ишлар вазирини мукофотлади

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги хабар қилишича, Ўзбекистон мустақиллигининг 23 йиллиги муносабати билан Президент Ислом Каримов Ички ишлар вазири генерал-майор Адҳам Аҳмадбоевни генерал-лейтенант унвони билан мукофотлаган.

Генерал-лейтенант Адҳам Аҳмадбоев Ўзбекистон милициясини 2013 йил декабридан буён бошқариб келади.

Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг 22 августда имзоланган милиция зобитларини мукофотлаш ҳақидаги фармонидан иқтибос келтирган.

Ушбу фармонга биноан, Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси раҳбари полковник Мирсамад Одиловга генерал-майор махсус унвони берилган.

Икки милиция генерали эл-юрт осойишталигини сақлаш учун мукофотланганлари Ўзбекистон президенти фармонида айтилган.

“Эл юрт-осойишталигини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашдаги фидокорона хизматлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма уч йиллиги муносабати билан” Адҳам Аҳмадбоев ва Мирсамад Одилов унвонларини оширишга қарор қилинган.

Адҳам Аҳмадбоевдан олдин Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигини етти йил мобайнида Баҳодир Матлубов бошқарди.

Баҳодир Матлубовдан олдин вазирликка мустақил Ўзбекистон тарихида энг узоқ вақт раҳбарлик қилган Зокиржон Алматов бўлган.

Зокиржон Алматов 2005 йил майида Андижонда тинч намойишчиларни отишга тўғридан-тўғри буйруқ бериш айбловлари манзарасида лавозимдан олинган.

Унинг ишдан кетишига саломатлиги ёмонлашгани сабаб қилиб кўрсатилган.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги бу тизимнинг бурч ва мажбуриятлари белгилаб берилган махсус қонунсиз фаолият юритиб келади.

Бундан икки йил олдин “Милиция ҳақида”ги қонун муҳокамаси парламентда бошлангани хабар қилинган, бироқ бу қонун шу пайтгача ҳам қабул қилинмаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ