Андижон: “Планшети йўқ талабалар дарсга киритилмайди”

  • 26 Август 2014
Андижон Давлат тиббиёт институти талаби кўпчиликни шошириб қўйган

Андижон Давлат Тиббиёт Институти деворларида антиқа эълон пайдо бўлган.

Унда янги ўқув йилидан бошлаб ноутбук, нетбук ва планшети бўлмаган талабаларнинг дарсга қўйилмаслиги айтилади.

Ушбу талаб айниқса контракт асосида ўқийдиган талабаларни шошириб қўйган.

Би-би-си билан гаплашган институт маъмурияти талабаларга ушбу жиҳозларни олишда кредит асосида ёрдам кўрсатишини билдирди.

Бироқ Олий ва Ўрта Махсус Таълим Вазирлиги олийгоҳ талаби ноўринлигини таъкидламоқда.

Ноутбук, нетбук ва планшет каби замонавий электрон воситалари бўлмаган талабаларнинг дарсларга қўйилмаслиги ҳақидаги эълон твиттер ижтимоий тармоғида пайдо бўлди.

Институтда таълим олувчи, исмини ошкор қилишни истамаган талабанинг Би-би-сига маълум қилишича, олийгоҳдаги кўплаб талабаларда бу каби воситалар йўқ.

"Котрактдагиларга қийин бўлади энди. Шунча йил ўқиш давомида бу каби жиҳозларга катта эҳтиёж борлигини сезмадим. Лекин ноутбуки ёки нетбуки бор талабалар келиб бемалол фойдаланиб ўтиришар эди. Талабни қандай бажаришга ҳайронман, қўлимдаги смартфонимни сотсам ҳам бунақа жиҳоз ололмасам керак", - дейди талаба.

Тиббиёт институтидаги бир йиллик шартнома пуллари ўртача 6 миллион 650 минг сўм ёки 2841 долларни ташкил қилади.

Ноутбукларнинг энг паст баҳоси эса 750 минг сўмдан ёки 320 доллардан бошланади.

Андижон Давлат Тиббиёт Институти ўқув ишлари бўйича проректори Иброҳим Алимжонов ушбу эълонни тасдиқлади ва талабларга жавоб бермайдиган талабалар дарсга киритилмаслигини билдирди.

"Ноутбук ёки нетбук яхши. Бўлмаса дарсга қўйилмайди. Чунки ҳозир дастурларимизнинг ҳаммаси электрон бўлиб кетди. Ўзимиз талабаларга кредит асосида таъминлаб берамиз", - дейди Иброҳим Алимжонов.

Институт проректори билан алоқа шу ерда узилди ва у қайтиб қилинган қўнғироқларга жавоб бермади.

"Бунақа эълон ёзиш нотўғри"

Андижонлик инсон ҳуқуқлар ҳимоячиси Саиджаҳон Зайнобиддинов бу каби талаб олдин ушбу институтнинг ўқитувчиларига нисбатан бўлганлигини айтади.

"Энди ўқитувчиларнинг ойлиги бор, ҳар холда иши шу. Битта ноутбук олса ўқитувчилар учун яхши. Лекин талабалардан бу нарсани талаб қилишига қатъиян қаршиман. Бу - зўравонлик. Биринчидан, ҳамма студент бир хилмас. Иккинчидан, айтилган бу нарсалар билан ўқув даргоҳининг ўзи таъминлаши керак", - дейди Саиджаҳон Зайнобиддинов.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва Ўрта Таълим Вазирлиги Андижон Давлат Тиббиёт Иинститути томонидан қўйилган талаб ноўрин эканлигини билдирди.

Вазирлик матбот котиби Марат Зокиров Би-би-си билан суҳбатда талабаларнинг ўз ихтиёри билан бу каби воситалардан фойдаланиши яхшилигини, бироқ маъмурият бундай талаб қўйишга ҳаққи йўқлигини таъкидлади.

"Имкони бўлса олса яхши, бу қўллаб қувватланади. Ўқишига келиб фойдаланса бўлади. Бунақа эълон ёзиш нотўғри. Мен ҳали аниқлаштираман. Институт қатъий талаб қўйиши мумкин эмас. Ҳамманинг ҳам уни олишга имконияти йўқ", - дейди Марат Зокиров.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ