Ўзбекистон Эболадан ‘хавотирда’ми?

Спорт кураши бўйича жаҳон чемпионатига саноқли кунлар қоларкан, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ғарбий Африканинг ушбу хасталикдан энг кўп зиён чеккан давлатлари вакилларини мезбон Тошкентга таклиф этиш-этмаслик масаласини кўриб чиқмоқда.

Хабарларга кўра, 21 август куни Халқаро Кураш Федерацияси ушбу масалага ойдинлик киритишларини сўраб, вазирликка сўровнома юборган.

Ўзбекистон Бош санитар врачи Саидмурод Саидалиевнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, ҳозир вазирлик мутахассислари ушбу сўровномани кўриб чиқишмоқда ва келаси икки-уч кун ичида бу хусусда бир қарорга келишади.

“Ҳозир биз бу масалани чуқур ўрганиб чиқаяпмиз. Ҳамма томонларни инобатга олиб, ички вазиятимиздан келиб чиққан ҳолда ҳал қиламиз бу масалани”, - дейди жаноб Саидалиев.

Спорт кураши бўйича жаҳон чемпионатининг ўзи эса, 8-14 сентябр кунлари Тошкентда бўлиб ўтади.

Агар, Ўзбекистон Кураш Федерациясининг расмий веб саҳифасидаги хабарларга таянилса, сўз ғарбий Африканинг Эбола хасталигидан энг кўп зиён чеккан беш давлати: Гвинея, Либерия, Сьерра-Леоне, Нигерия ва Конго ҳақида бормоқда.

Ушбу хабарда, “Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ФИЛАга бу хусусда ўз жавоб мактубини йўллагани” айтиларкан, ундан айрим иқтибослар ҳам келтирилади.

Уларнинг умумий мазмунидан аён бўлишича, вазирлик “Эбола хасталигининг тарқалиши билан боғлиқ бугунги вазиятни назарда тутиб, бу беш давлатдан бўлган курашчиларни жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун Тошкентга таклиф этишдан тийилишни тавсия қилган”.

Ўзбекистон Кураш Федерацияси ўз расмий веб саҳифасида айрим ўринларини келтириб ўтган ушбу мактуб тафсилотларидан маълум бўлишича, “Африка қитъасининг бошқа давлатларидан бўлган курашчилар ҳам Тошкентга киришда тиббий текширувдан ўтказилади. Ўзбекистонда эканликлари чоғида ҳам улар тиббий назорат остида бўлишади”.

Халқаро Кураш Федерацияси матбуот котибининг Би-би-си Ўзбек Хизматига билдиришича, ғарбий африкалик курашчилар масаласини ҳануз ўзбекистонлик ҳамкасблари ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари билан муҳокама қилишмоқда ва тез орада бу борада ягона бир тўхтамга келишади.

Ҳозирча аниқ давоси топилмаган Эбола вируси дунёдаги энг мудҳиш касалликлардан бири саналмоқда.

Ушбу хасталик илк бор 2010 йилнинг март ойида расман қайд этилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, хасталик шу пайтгача 1.400 дан ортиқ кишининг умрига зомин бўлган.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти яқинда ушбу хасталик вирусини халқаро миқёсдаги таҳдид, деб эълон қилганди.

Халқаро ташкилотга кўра, шу пайтга қадар Эбола эпидемияси кўлами бу қадар катта бўлмаган.

Эбола вируси касал инсоннинг бадан суюқликлари орқали тарқалади. Тер ҳам буларнинг сирасига киради.

Ҳозирга қадар 2.600 дан ортиқ киши ушбу хасталикни юқтиргани ишонилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ