Ҳамза тумани номини ўзгартириш давлатга қанчага тушади?

Ўзбекистондан келаётган хабарларга кўра, парламентнинг юқори палатаси-Сенат Тошкент шаҳар Ҳамза тумани номини ўзгартириш ҳақидаги таклифни маъқуллаган.

Қатор нашрларнинг Сенат матбуот хизматига таяниб хабар беришича, Ҳамза тумани номи Яшнобод деб ўзгартирилган.

Ўтган ҳафта ҳукуматнинг "Халқ сўзи" газетасида чоп этилган мақолада айни шу ном таклиф этилганди.

Мақола муаллифи ўзбек совет шоири Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийни шўро тузумини улуғлагани учун танқид қилган ва унинг адабий меросини қайта кўриб чиқишга чақирган.

Сенат қабул қилган қарорнинг тафсилотлари маълум эмас, жумладан, унда Ҳамза номининг олиб ташланиши учун қандай асослар келтирилгани қоронғу.

Тошкент шаҳар ҳокимияти туман номини ўзгартириш қарори бирданига қабул қилинмагани, балки фуқароларнинг таклиф ва мулоҳазалари асосида амалга оширилганини айтмоқда.

Image caption Ҳамза номи аввалроқ миллий театрдан ҳам олиб ташланган

Ҳокимият расмийларига кўра, бу борадаги фикр ва мулоҳазалар шу йилнинг март ойидан бошлаб қабул қилинган.

Ҳамза тумани 1968 йилда ташкил этилган ва унда 200 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади.

Аввалроқ пойтахтнинг собиқ Акмал Икромов ва Собир Раҳимов туманларининг номлари Учтепа ва Олмазор деб ўзгартирилганди.

Бир вақтнинг ўзида Тошкент метросининг Собир Раҳимов бекати ҳам Олмазор деб ўзгартирилган.

Айни пайтда Тошкент шаҳар метрополитени раҳбарияти метронинг Ҳамза бекати номи ҳам ўзгартирилиши ҳақидаги хабарларни рад этган.

Anhor.uz нашрининг метрополитен бошлиғининг ўринбосаридан иқтибос келтиришича, Чилонзор линиясининг Ҳамза бекати қайта номланмайди.

Ҳамза номи аввалроқ миллий театрдан ҳам олиб ташланганди.

Атоқли ўзбек шоири ва драматурги Ҳамза номининг олиб ташланаётгани қатор зиёлилар томонидан танқид қилинган.

Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ҳақидаги 17 қисмдан иборат бадиий филм муаллифи, СССР Халқ артисти Шуҳрат Аббосов Ҳамза ижодини ҳурмат қилишга чақирган.

“Бой ила хизматчи”, “Майсаранинг иши” каби асарларни ёзадиган одам борми ҳозир? Ҳаммани ўчириб ташламасдан, эҳтиёт бўлиш керак”, - деб айтган Шуҳрат Аббосов Би-би-си билан суҳбатда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда шўро даври билан боғлиқ қатор жой номлари ўзгартирилган ва Тошкентдаги шўро аскари ёдгорлик мажмуаси олиб ташланган.

Ҳамза тумани номини ўзгартириш қарори давлат бюджетига қанчага тушиши номаълум.

Ўзбекистонда давлат бюджетига оид маълумотлар сир сақланади.

Ижтимоий тармоқ сайтларида ўзбекистонликлар жой номларини ўзгартиришга сарфланадиган маблағлар ижтимоий соҳаларга йўналтирилса яхши бўлар эди, деган фикрларни билдиришмоқда.

Ўзбекистон Молия вазирлигининг собиқ мулозими ва ҳозирда Остонадаги Овросиё университети доценти Сапарбой Жубаевнинг айтишича, маъмурий-ҳудудий бирлик номларини ўзгартириш катта харажатларни талаб қилади ва иқтисодий жиҳатдан ўзини оқламайди.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Бу мавзуда батафсилроқ